ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ — 31
(давоми)
ҚУМУЛ ВОҚЕАСИ
Мен Ғулжага келган кунларимда Қумул (ҳозирги Синзян уйғур мухтор районидаги шаҳар) воқеаси янгидан бошланиб, халқ ўртасида ҳар турлик шов-шув сўзлар кўпаймиш экан. Қумул эса Урумчидан, тахминан, беш кунлик шарқ томонда бўлиб, эски бир тарихий шаҳардир. Бунинг атрофидаги 12 тоғда 12 канд бўлиб, буларда яшаётқан ярим кўчманчи ерлик халқлар эса, Қумул ҳокими Ванг хўжамнинг молчиларидур. Эшитишимизча, хўжамнинг 100 мингдан ортиқ ҳар турлик чорва моллари уларнинг қўлларида боқилмоқда экан. Бутун тоғликлар ота боболаридан тортиб, бу кишининг чорвалари устидан боқмачилик билан кун кечирмоқда эканлар. «Ванг» демак, хитой тилида кенгашчи маслаҳатчи мазмунида бўлиб, баъзи бир кишиларга хитой хонлари томонидан алдаб бериладиган оти улуғ, супраси қуруқ мансабдир. Бу томонда Ғулжа, Кучар ванглари машҳур бўлса ҳам, булардан бошқа шаҳарларда ҳам бу қуруқ унвонга эга бўлган кишилар бордир.
Карл Маркс: «Коммунизм маслаги маданият тараққиётининг ажралмас натижаси» деганликдан, бу адашган ҳасадхўрнинг сўзига кўрларча эргашган коммунистлар, айниқса, уларнинг каъбаси совет Русияси, нафақат Шарқий Туркистон халқига, балки бутун Хитой мамлакатига қайси йўсун билан бўлса ҳам, бу маслакни киргизмоқчи эдилар. Ўз шиорларида «бутун дунёда эзилган халқларга ёрдам берамиз», деб жар чақирган бўлсалар ҳам, аслида, бу мазлум Шарқий Туркистон халқларининг озодликларига ҳеч розилиги йўқ эди.
Қумул ванглигининг бойлиги ва унинг ҳеч нарсага тушунмаган молчилари сонининг кўплиги бу ишга эл беришлик эди. Шунга кўра, ўлка маркази ҳисобланган Урумчи шаҳридаги совет элчихонасида бу фитна жамолғаси кўрилиб, тегишли режалар тузилгандан кейин, инсон иблислари орқалик уларга ёширинча одамлар юборилди. Қумул ванггининг молчилари тайёрланган сўнггида, улар Хўжаниёз бошчилигида 1931 йили Хитойга қарши қўзғолон кўтармиш эдилар.
Мен 1931 йили Ғулжага ўтканимда бу воқеа халқ оғзига тушиб, ҳар турли хурофий сўзлар турлик томондан тарқалмоқда экан. Бу ишлар эса, кимлар томонидан қурилаётганлиги, бунинг ортидан қандай ишлар келиб чиқиши, бизга кўриниб турган бўлса ҳам, бошқа ҳеч бир кишининг хаёлига келиб қўймағанлиғи мени ҳайратда қолдирмиш эди. Узоқ эмас, кечагина кўзлари кўрган ўлим оғзидан минг хил машаққатлар билан советдан қутулиб қочган неча мингларча нодон бой савдогарлар ва бошқалар, ўз жаллодлари томонидан тортилган иқтисодий тўртузоқлар атрофида оч қолган жониворлар каби тимирскилаб юрмоқда эдилар. Бу қорабосганлар миллат, ватан учун ҳеч қандай қайғурмас эдилар. Дунё дўзахини кўзлари билан кўрган бўлсалар ҳам, хаёл ўтмай уни ёдларидан чиқариб, ҳирс билан дунё тўплаш чорасига киришмиш эдилар. Совет маккорлари буларни кўргач, баттарроқ семиртириб сўйишга тайёрлаш учун, иқтисодий тузоқларни кун сайин оширмоқда эди.
Охир замонда энг олчоқ ёмон одамлар ким?, деб сўралганда:
«Биринчи дин сотган жоҳил олимлар. Иккинчи очкўз, пиқсиқ, тамахўр бой ва савдогарлар», деган пайғамбаримизнинг сўзларини китобларда ўқиган бўлсак, унинг аниқлигини кўзимиз билан кўрдик.
Дунёда ким яхшилик кўрса, ўзининг яхши меҳнати сабаблик Аллоҳдин бўлур, агар ёмонлиқ кўрар экан, албатта, уни ўзидан билсин, ўзидан кўрсин. Чунки Аллоҳ Куръонда, пайғамбаримиз ҳадисларида мусулмонлар учун дунё ва охират давлатини топқудек йўлларни очиқ ойдин кўрсатмиш эди. Шу йўлда турар эканлар улар илм фан, маданият, тараққиёт тарафдорларидир. Жаҳолат исломиятда қабиҳ ишдур. Оврупо маданиятининг ривожланиши ислом маданияти ҳаробланишининг натижаси бўлишида ҳеч шубҳа йўқдир.
Ушбу XX аср бўйлаб бўлаётган, бутун ер устини қоплаган ҳақиқий маданиятсизлик, динсизлик балоси инсоният ҳақига қандай ҳароблик келтираётганлиги, динсизлик туфайли бутун инсоний ахлоқларнинг бузулганлиги, кўз олдимизда кўриниб туради. Айниқса, бу каби даҳшатлик динсиз давлатлар қўл остида яшамоққа мажбур бўлган икки Туркистон мусулмонлари эса, нафақат диний, миллий, балки бутун инсоний ҳуқуқларидан ҳам ажрашиб, ютилиш олдида турадилар.
Яна ўз сўзимизга келайлик. Шундай бўлиб, Уйғуристон тупроғида биринчи бошланган бузғунчилик ўти атрофга учқун ташлаб, кундан кунга кўтарилиб авж олғани турди. «Ислом илм билан яшаса, шундагина олам ўнгланади», деган сўзнинг ҳақиқати, у кунлари бизга гавдаланиб кўринмиш эди. Чунки биз икки Туркистон мусулмонлари, илмсизлик шумлигидан ўлчовдан ташқари неча юз йиллардан бери босқинчилар жабр зулмлари остида эзилиб ётмоқдамиз. Айниқса, Шарқий Туркистон халқи онгсизлик илмсизликда биринчиликни оладилар. Шунинг учун замона маккорларининг кўзбойлов алдов ишлари бу ерда бошқа жойларга кўра тезроқ ривожланмоқда эди.
Аслида, Урумчидаги совет элчихонасидан илҳом олган Қумул қўзғолони ерлик мусулмонлар ичида тезроқ тарқалиши учун бу маккорлар томонидан унга диний тус берилмиш эди. Ислом йўлида жонини қурбон қиладиган бечора мусулмонлар бошқага тушунмасалар ҳам, бу қўзғолончиларни ислом учун чиққан ғозийлар ўхшайди деб, ҳар ердан бош кўтариб, буларга қўшилгани турдилар. Бунинг устига Шарқий Туркистонни босиб турган мустабид Жанг Жуннинг бутун идора (сиёсий, иқтисодий, айниқса аскарий) ишларида хон замонидан қолган эски усуллар қўлланганлигидан ўз қаршисига қўйилган совет элчихонаси рақибларидан ҳар тўғрилик енгилмиш эди. Шундоқки, қўзғолончиларга қарши қўллагудек қуроли йўқлигидан, қўшнилик қадрини орага солиб, ўз душманидан қурол сўрагач, «иш пайти келди» деб, дархол бир қанча қурол яроқ топширмишдур. Жанг Жун бу қуролларни олти аравага юклатиб, қўзғолончиларга қарши қўйилган Қумулдаги хитой аскарларига юбормишдур. Бунинг хабари аллақачон у ёққа берилиб, кераклик чораси кўрилмиш экандур. Қўзғолончилар мерганларидан пистирма қўйилган тоғ қисиғига аравалар келганда, икки томондан ўққа тутиб, хитой аскарини қолдирмай қириб, бутун қуролини қўлга туширмиш эдилар. Буларнинг ҳеч кутилмаган бундай ғалаба қозонишлари қўзғолоннинг кучайишига сабаб бўлиб, хитой ҳукуматини қаттиқ ташвишга тушурди. Шунинг учун бурун совет билан урушиб, Хитойга қочиб ўтган чор Русияси генераллари Дутов, Анинковлардан қолган оқ руслардан аскар тузиб, шулар орқалиқ қўзғолончиларни бостирмоқчи бўлди.
Хитойларнинг бу қилган ишлари ҳам ўзлари учун фойда бермади, чунки совет элчихонаси томонидан илгариёқ бу ишларнинг олди олиниб, керакли чоралари кўрилмиш эди. Балки бу рус аскарлари атрофдаги тинч ётган мусулмонларга йўқ баҳоналар билан кўп зиёнлар етқиздилар. Буларнинг шу каби тескари ҳаракатда бўлишлари эса, элчихона томонидан олдинроқ уюштирилиб, унинг натижаси кутилмоқда эди. Бу ҳақда қўлланилган сиёсатлари тўғри чиққанлигидан, тушунмаган ерлик мусулмонлар бу ишнинг орти нима бўлиши билан ишлари йўқ, Хитойга қарши ҳар ердан бош кўтаргани турдилар. Айниқса, Уримчидан уч тўрт кунлик от юришида шарқи жанубдаги Кўнатурпон, Қорахўжа, Туюқ мусулмонлари орасида Хитойга қарши ишлар ортиқча қизғинлашмоқда эди.
Жанг Жун ҳукуматининг идора ишлари эса, хон даври қолдиқлари эски, чирик асосга қурулганликдан, Хитой ҳукумат арбоблари ҳар ёқлама замонавий талабларга ожизликларини ўз душманларига сездирмиш эдилар. Сиёсий кўрлик натижасидурким, совет консулининг маслаҳати билан японлардин Манжурия орқалик қочиб ўтган, 20-30 мингга яқин хитой аскарлари билан Шинг Дубан (ҳозирги Синзян уйғур мухтор районидаги шаҳар) деган генерални келтириб, Жанг Жун ҳукумати ўз аскарларига бош қўмондон қилди. Бундан совет ҳукумати икки мақсадни ўз олдига қўйди:
- Бу аскарлар билан ерлик қўзғолончиларни бостириш, уларнинг ўз ҳуқуқларига эришишликларига йўл қўймаслик.
- Ерлик қўзғолончиларни бостиргандан сўнгра Жанг Жун ҳукуматини ҳам йўқ қилишдан иборат эди.
Шарқий Туркистон ҳақиқатда эса Хитойнинг мустамлакаси бўлиб, бу мазлум халқларнинг тақдири учун чор Русияси қандоқ сиёсат тутган бўлса, совет Русияси ҳам шундоқ сиёсат тутди. Уларнинг ўз ҳаққоний ҳуқуқлари учун қилган курашларига ёрдам бериш у ёқда турсин, аксинча, уларни бостиришда Хитой ҳукуматига ёрдам бериб келди.