Муаллиф: Айша Аҳмедова.
Нима учун Ислом? Аслида бу савол кўпчилик ҳолларда у ёки бу диний гуруҳга, динга мансубликни аниқлаш учун қўйилади. Бироқ бу савол бугун, киши(жамият)нинг фақат диний мансублигини белгилашда эмас, балки жамият ва давлат ҳаётий фаолиятининг ижтимоий, ҳуқуқий ва ҳатто иқтисодий соҳаларида ҳам қўйилиши лозим бўлмоқда.
Бугунги кунлик ҳаётимизда биз жуда кўп ҳолларда “иқтисод” сўзни “Исломий иқтисод” ёки “Ислом иқтисоди” шаклда қўллайдиган бўлдик. Бу кенг сиғимли тушунча нималарни ичига қамраб олган? Энг аввал бу, биз ҳар кунги ҳаётимизда учратадиган савдо-сотиқнинг бутун бошланғич усулларини, яъни ўша талаб-таклиф қоидаларини тартиблаштирадиган жуда содда қоидаларини англатади. Бундан ташқари бу иқтисод деганимиз, жаҳон бозор коньюктурасини қуриш, солиқларни қулайлаштириш, ётирим портфелларини шакллантириш, нафақа жамғармалари тузиш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, молиявий ва капитал маблағлар сарфлаш, иш жойлари ташкил қилиш ва бошқа шу каби ижтимоий-иқтисодий фаолиятларни ўз ичига олади. Аммо ислом иқтисодий моделини иқтисоднинг бу шаклидан ажратиб турадиган жуда ҳам муҳим бир сифат белгиси бор. У ҳам бўлса, ана шу айтилган иқтисодий ишларнинг ҳаётда амал қилишида сўзсиз шариатга уйғун қолишдир. Шу муносабат билан яна жуда муҳим детал – фақат ва фақат Ислом иқтисоди ҳақиқатан барча ижтимоий муаммоларни ҳал этишга мўлжалланган хусусиятга эга эканлигини таъкидлаш лозимдир. Фақат ана шу иқтисод, инсонларнинг барча кўринишдаги фаолиятларига, эҳтиёжларига жавоб бериш хусусиятига эгадир.
Мулк ҳуқуқининг Исломий концепциясида меҳнаткашлар марказий ўрин эгаллайди. Ислом, инсонга Оллоҳ тарафидан берилган барча имкониятларни ишга солиш йўли билан унинг меҳнатидан мумкин қадар тўла фойдаланишга чақиради ва бу ҳолатни рағбатлантиради. Бироқ улардан фойдаланишда бутун масъулият инсон меҳнатидан фойдаланувчилар зиммасида бўлиши талаб қилинади. Инсон ўзининг сўнгги мақсадига эришиш учун муҳим восита вазифасини бажарадиган бойликка эга бўлишнинг тўғри(ҳалол) йўллари рағбатлантирилади. Исломда мулк, бойлик фақат бир кишининг роҳати учун деб қаралмасдан, ҳаётда яшаб қолиш учун элементар воситага муҳтож бўлганларга ёрдам бериш имконияти сифатида қаралади.
Бизнинг кунимизда кўпгина таниқли иқтисодчилар, бозор иқтисодининг бундан буёнги ривожланишида инсофни-одамгарчиликни ҳисобга оладиган, инсофли-инсоний тижорат муҳим аҳамият касб этади каби хулосага келишмоқдалар.
“Кучлилар яшаб қолади” принципида фаолият кўрсатаётган бозорга қарама-қарши турадиган ягона бозор, инсоф-инсонийликка суянадиган бозордир. Бозорга ўшандай инсоф-инсонийликни қўшадиганлар, бозорни инсоф-инсонийлик асосида юритадиганлар ҳам одамлар-инсонлардир. Ҳар қандай бир ишлаб чиқаришнинг бош фактори бўлганлар ҳам ўша инсонлардир.
Бу ерда, Исломда инсоф-инсонпарварлик ва адолатнинг олий даражасини ифодалайдиган закот ҳақида эслаб ўтиш жуда ўринли бўлади. Россиялик тадқиқотчи А.Ю. Журавлёв ўзининг“Исломий банк ишларида назария ва амалиёт” номли китобида, “Ижтимоий ҳаётни қўллаб – қувватлашда закот, маблағларнинг энг тўғри тақсимотини таъминлайди”, деб кўрсатади.
Закот, ихтиёрий қилинадаган садақалар турига кирмайди ва аҳолининг ижтимоий таъминланмаган қисмига бадавлат кишилар тарафидан қилинадиган хайр-саховати ҳам эмас. Ҳуқуқшунос олимлар ва фаннинг бошқа соҳаларидаги олимлар ҳам закотнинг заковати ва унинг қандай фойдалар келтириши ҳақида бир қатор ижобий фикрлар билдирганлар. Бу фикрлар умумлиштирилса, закотнинг, диний ва ахлоқий тарбиядаги ўрни, ижтимоий таъминотни гарантиялаш, иқтисодни ривожлантиришга ҳиссаси ва жамият аъзолари орасида тенглик сақлаш каби заковати ўртага чиқади.
Закот, Қуръони карим ва Суннатга мувофиқ мусулмоннинг вазифаси эканлигини англаган ҳар бир мусулмоннинг тўғри ва уйдурма бўлмаган соф нияти асосига қурилгандир. Закот беришда хийлакорлик ва бошқа хил закотдан қочишга ҳаракатлар учрамайди ва бу ҳолнинг содир бўлиши мумкин эмас. Чунки энг аввал закот, бу ибодатлардан бири бўлиб, Қодир Оллоҳга сўзсиз итоатнинг, соф ниятнинг элементи(қисми)дир.
Закот беришдан бош тортган киши, Оллоҳу таолони алдашга уринган бўлади. Чунки у киши закотини бермагануча бошқа бировнинг омонатини ўзида сақлаб турган ҳисобланади, ахир. Киши закот бурчини ўтаганидан сўнгра ўз ихтиёрида қолган молу мулкига эга бўлиш ва уларни шариатга уйғун сарфлаш ҳақига эга бўла олади. Молу мулкни шариатга уйғун сарфлаш қоидалари ичида исрофгарчилик ва бошқа суиистеъмолликларга йўл қўйиш тақиқлангандир. Шариатда даромаддан, бошқаларга зарар келадиган шаклда ёки қандайдир коррупцион(порахўрлик) мақсадларда фойдаланиш мумкин эмас.
Бадавлатликни, бойликни руҳий-маънавий жиҳатдан қарасак, бу ерда яна бир ҳолатга урғу қўйишимиз керак бўлади, Исломда бойлик, қандай бўлмасин унга эришиш учун эмас, аксинча маълум бир инсоний мақсадга эришиш воситаси сифатида қаралади. Даромад, шариат йўл берган соҳаларда инсофли, ҳалол меҳнат натижасида қўлга киритилиши лозим ва у фақат даромад соҳибига эмас, балки бутун жамиятга фойдали бўлиши шарт. Шариатда мусулмон кишиси кун кечира олиши учун зарур бўлган меҳнат фаолияти аниқ белгилаб қўйилган. Мусулмон кишиси кун кечириши учун меҳнат қилар экан, унинг гуноҳларга тушиб қолмаслик шартлари ҳам жуда яхши аниқлаб қўйилгандир. Ҳатто ҳар бир мутахассисликда ёки меҳнат фаолиятини амалга оширишда Шариатга кўра нималар тўғри(ҳалол) ва нималар тўғри эмаслиги(ҳаромлиги) аниқлаб қўйилгандир.
Ислом молу мулкни, бойликни, жамиятнинг ҳаёт воситаси, яшаш кучи деб қарайди ва унинг доимо муомалада бўлиб туришини истайди. Шунинг учун бойликлар устида ўтказиладиган муамолаларда мулк тўплашга ҳақ берилмайди. Қуръони каримнинг Тавба сураси 35-ояти мазмунида, “У кунда (қиёматда) ўша (олтин-кумушни) жаҳаннам ўтида қизитилиб. Ўша билан уларнинг пешоналари, ёнлари ва орқаларига тамға босилиб: “Мана бу ўзларингиз учун тўплаган нарсаларингиздир. Энди тўплаб-босган нарсаларингизнинг мазасини тотиб кўринглар (дейилур).” (Ибн Умар (радияллоҳу анҳ) бу оят ҳақида сўзлаб, оятда закоти берилмаган нисоб ҳисобидаги молу мулк ҳақида сўз кетяапти деганлар эди.)
Айтилганлардан чиқадиган маъно шулки, қонуний меҳнат билан топилган пуллар, жамиятнинг иқтисодий ривожи ва фаровонлиги йўлида сарфланиши учун ётирилиши лозим.
Кишининг ўз бойлигидан лозим бўлгани каби фойдалана олмаслиги ва шахсий молиявий воситалари билан жамият манфаатларига зарар келтириши, уни ўз бойликларидан фойдаланиш ҳақидан маҳрум бўлишга олиб келади.
Ислом иқтисодий моделида одоб-ахлоқ, инсоф, инсонпарварлик мавзусини давом қилдириш билан яна бир аспектни, яъни бу моделда фоизнинг тақиқланганлигини кўрсатиб ўтиш жуда муҳим деб ҳисоблайман. Капитализмнинг клласиги К. Маркс ҳам, “капитал-фоиз” энг мазмунсиз капитал формуласидир, дейди. Ўқувчиларга бу бутун бир матндан қирқиб олинган кўринмасин, ҳатто шундай бўлса ҳам бозор иқтисоди фундаменталисти тарафидан чиқарилган айнан мана шу қарама-қаршилик, ссуд фоизининг бутун моҳиятини ифодалаб туради. Бугунимизда охиригача кенгайтирил(шиширил)ган ва унинг янада кенгайишини талаб қилаётган ана шу совун пўпаги, биринчи навбатда ўз бойликларини кредитлар ҳисобига кўпайтираётганларни ўз паноҳи остига олгандир. Фоиздан воз кечиш, яъни уни тўла ман этиш, Буюк Пайғамбар Муҳаммад (соллаллоҳу алейҳи ва саллам) тарфидан бизгача етказиилган ва иқтисоддаги ўша муҳим одоб – инсоф чегарасидир.
Мақоланинг бошланишида қўйилган саволга қайтиб, шуни ҳам таъкидлашни лозим кўраман: бозор идеологияси бугунги кўринишида ҳамиша ҳам ахлоқий-маънавий ва инсоф-диёнат асосларининг бўлишини кўзда тутмаса-да, улар иқтисоднинг ислом концепциясида ҳам муҳим элементлар вазифасини бажаришлари аниқ. Замонамизда жаҳон бўйлаб содир бўлаётган бутун иқтисодий воқеалар, нима бўлганда ҳам иқтисоднинг асосини инсоф-инсонпарварлик, одоб-маънавийлик ташкил этиши шартлигини кўрсатмоқдадир.
Мақолани русчадан ўзбекчалаштирган таржимон
Алибой Йўляхши