Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов сурати туширилган чипсни Виржини Моренҳот ўйлаб топди. У ўз санъат лойиҳасини “Диктатор чипслари” деб номлади.
Голландиялик график дизайнер Виржини Моренҳот бундан аввал ҳам Қаддафи чипслари, Саудия таъми, Хитой, Беларусь, Зимбабве ва Миср таъмли чипсларни ўйлаб топган эди.
Унинг навбатдаги лойиҳасида Президент Каримов расми туширилди. Уни изоҳлаб беришни сўраган Би-би-си Ўзбек хизматига дизайнер қуйидагича жавоб берган:
“Мен бир ҳужжатли филмни томоша қилгандим, унда бир қизиқчи инглизчада диктаторлик сўзини, яъни “dictatorship”ни бузиб, “dictatochips” дея ҳазиллашиб талаффуз қилганди. Ўшандан келиб чиқиб менда диктатор чипсларини санъат лойиҳаси шаклида яратиш ғояси туғилди. Менинг асосий мақсадим одамларни атрофда бўлаётган нарсалар, жаҳондаги жараёнлар ҳақида ўйлай бошлашларига ундаш. Мен шахсан Ғарбнинг иккиюзламачилиги ҳақида ўйлайман. Биз Ғарбдан туриб кўпларни диктаторлар сифатида кўрамиз, лекин айни вақтда улар билан иш ҳам юритамиз, бизнес қиламиз”.
Моренҳот ишлаган чипс лойиҳасида “Миллатчи Конституциядан қилинган, сафсата солинмаган” деган изоҳ бор. “90-йиллардан бери чиқарилади,” дея илова ҳам қилинган.
Дизайнер ўз ишини дастлаб Википедиядаги рўйхатдан бошлаган, аввлида танлаган мамлакатлари унинг учун нотаниш эди. Вақт ўтиши билан янгиликлар орқали эшитган бошқа диктаторларни ҳам у ўз рўйхатига қўша бошлади.
“Маълумотлар бизларга факт сифатида тақдим қилиняпти. Бошқа томондан жиддий ва мураккаб масалаларни ҳазиломуз шаклда одамларга тақдим этсанг, улар бунга кўпроқ эътибор берадилар. Жиддий тақдим этмоқчи бўлсанг, кўпда ўзларини олиб қочадилар. Шунинг учун бу лойиҳага қўл ургандим”, дейди Моренҳот.
ЎХҲ хабар маркази.