Ассалому алайкум ҳурматли ЎХҲ сайти раҳбарияти!
Яқинда сайтингизда “Бахтсиз пойтахт” номли мақолани ўқиб қолдим. Ҳақиқатан ҳам бугун Тошкент жонсиз шаҳарга айланди. Буни ўйлаб Абдуллла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романидаги Тошкент ҳокими Азизбекнинг шаҳар халқига қилган зулми эсимга тушди. Кеча берилган хабарга кўра Тошкентда маиший хизматлар нархи янада кўтарилар экан. Бу ёғини машҳур ёзувчимиз китобидан ўқийлик:
“Азизбек энди хотиржам эди. Қипчоқларнинг қайтадан Тошканд устига келишларини эҳтимол ҳам тутмас эди. Чунки ўзининг қипчоқларга берган зарбасини уларга юз йилсиз ўнглаш бермас, деб билар эди.
Ҳамма нарса жойида, лекин бир нарсагина кўнгилнинг ничка, ингичка ерини жароҳатлайдир. Азизбек кўзига ҳозир ёруғ дунё қоронғу, бу қоронғулиқ ичида бояги ширин хаёллар, ишлатиладирган тожу тахтлар ва бошқалар кўринмай қоладирлар: етмиш кунлик қипчоқ уруши минг турлик йўллар билан йиғилған хазинани барбод берган, хазина қипчоқлар устидан ғалаба ва истиқлол мастликлари йўлида қуриған, фуқаронинг жон отиб, қипчоқларни қириб йўйганлари учун инъомларга, эҳсонларга ва озиқ овқатларға қурбон қилинған.
Мана шу эди Азизбекнинг кўз ўнгларини қоронғулатадирған жароҳат!
Бу ишинг кенгашига эмас, берилган қарорни амалга ошириб беришлик учун Юсуфбек ҳожига йигит юбориб, ҳозир уни тўрт кўз билан кутиб ўлтурар эди. Ниҳоят ярим соатлик бир кутишдан сўнг Юсуфбек ҳожи эшик остидан кўринди. Азизбек одатий қаршилаш ёниға бир навозиш (сийлаш) ҳам илова қилиб, ҳожига юқоридан жой кўрсатди. Бу фавқудодда навозиш сабабини ўйламоққа ҳожининг вақти йўқ, чунки ўзининг қайғуси ўйлашқа, фикрлашка етарлидир. Кўзининг оқу қораси бўлған Отабекнинг ҳоли нима кечти, қоронғи зиндонларда, рутубатлик, зах ер остларида очлиқдан, ташналикдан, совуқлиқдан азиз кўкрагини ерга бериб жон бердимикин? Золим беклар, қонхўр ҳокимлар, раҳмсиз жаллодлар, машъум дорлар ва қўрқоқ халқлар орасида кекса отасини, муштипар онасини кўралмай дунёдан кетдимикин? Мана шундай минг турлик васвасалар ичида қаршисидағи Азизбекни ҳам унутмоқда эди. Азизбек бўлса “жавоҳир қадалған тожлар, олтин тахтлар, нозанин паривашлар, донғдор марҳамлар” ҳақидагина ўйлар эди.
-Ҳожи, деди Азизбек сўз очиб, -маним сизни ўрдаға чақирғаним сабабини албатта билмагандирсиз?
Юсуфбек ҳожи хаёлидан кўз очди:
-Тақсир…чақиришингиз албатта фуқаронинг тинчлиғи, раоёнинг (халқнинг) роҳати, ҳукуматнинг барқарор турмоғи учундир.
Ҳожининг бу сўзи Азизбекни яшиндек урди. Унинг кўз ўнглари қоронғуланиб, ҳалиги ширин хаёллар тағи қоронғилиқда яшириндилар. Ул ортиқча ўнғайсизланди ва тилар тиламас:
-Шундоғ…деди ва бироз ўйланиб қолғондан кейин, етмиш кунлик қамал билан хазинамиз жуда ғарибланди, ҳатто шу кейинги кунларда сипоҳларнинг озиғи учун ҳам қийналиб қолдиқ. Мана шу тўғриларда сизни кенгашка чақирған эдим.
-Маъқул, тақсир.
-Мен бу тўғрида бир қарорға ҳам келиб қўйдим.
-Қарорлари муборак бўлғай.
-Қарорим шундан иборатдирким, эртадан бошлаб юртка ўттуз икки тангадан солиқ сочасиз.
Юсуфбек ҳожи юрт бесаранжомлиғи ва ўғул қайғуси билан асабийлашкан эди. Азизбекнинг бу аблаҳона қарориға қарши қизишди. Азизбекнинг бу золимано буйруғига қарши қаттиғ сўзлар айтишка ўйласа ҳам аччиғининг қандай кишига айтилишини ўйлаб, ўзини бироз йиғди:
-Тақсир, амрингизга қарши тушадирған жойим йўқ, -деди, -лекин шунисини бироз ўйламок керакки, юрт етмиш кун қамал кечирди. Онадан туғма азоблар, очлиқлар ўткарди ва ўткармакда. Менга қолса бу кунларда ўттиз икки танга эмас, ўттуз икки қора пул солиш ҳам оғирдир. Юрт беш-ўн кун орқа-ўнгини олсин, сўнгра…
Ҳожи сўзини тугата олмади, ҳожининг терс сўзига чидалмаган Азизбек ваҳшийларча ҳайқирди:
-Нима дейсан?!
Ҳожи ишнинг бунчалик ёмонға кетишини ўйламаган эди. Шу дақиқада ишнинг олдини олмаса, энди гап фақат Азизбекнинг жаллод чақиришиға келиб қолди:
-Тақсир, сиз йиғ, дер экансиз эртага эмас, бу кунданоқ йиға бошлайман. Юрт қани бермасин-чи? Фақат менга сизнинг буйруғингиз кифоядир.
Бу сўз Азизбекка сиҳр каби таъсир қилди, даҳлизда турғувчи йигит орқали жаллод чақиришға жўбланган тили ўз зарарига ҳаракатланди:
-Ўрда бегига айт, ҳожига бир кимхоб тўн чиқариб кийдирсин, -деди.
Юсуфбек ҳожи эгнида кимхоб чопон билан ўрдадан чиқди. Ўрдадаги “Чопон муборак бўлсин”, деб сўрағувчиларға истеҳзо илжайиши остида бир турлик муҳмал жавоб берар эди. Ул ўрда кўпригидан ўтар экан, бояғидек қилиб, ўзича бир кулимсираб қўйди ва телбаларча ўз-ўзига сўзланиб кетди: “Ўттиз икки тангадан солиқ йиғ, эмиш…Бир ҳафатадан кейинга қолмасин эмиш…Солиқ йиғишда қаршилиқ қилғанни даррага ётқишиз, мувофиқ кўрилганда осдириш ҳаққи ҳам менга берилган эмиш…Гўё Юсуфбек ҳам ўзидек бир қонхўрға, бир золимга айлансин эмиш. Мен қонхўрлиқ учун Худонинг фарз қилған ҳажини адо қилмадим. Олдимда ўғлум бор, менда бошқаларнинг ўғлини дарраға ётқизиш чоғида кўндаланг келадирган виждон бор, дин бор, диёнат бор. Бизнинг халқни ер ютсин. Азизбекнинг тулкилигига учдида, унинг кечаги зулмларини унутди, етмиш кунлаб бир замон жон бериб, жон олиб, ниҳоят хизмат ҳаққи учун ўттуз икки танга мукофот, энг кейинги бурда нонинги ҳам бер!”
21.ИНҚИЛОБ
Юсуфбек ҳожи устида бояғи кимхоб тўни билан Шайхантаҳурнинг Занжирлиғиға етиб, гузарда йиғилиб ўлтурган ва ўзига салом бериш учун ўринларидан турган халққа хитоб қилди:
-Уйинг куйсин, мусулмонлар! Яхши деб йўлида жон берганинг Азизбек, бу кун сенларга яхшилиғингни ўттуз икки танга солиқ билан қайтармоқчи бўлди. Ҳозир сенларга икки йўл: ўғул, қизингини сотиб бўлса ҳам ўттуз икки тангани Азизбек хазинасига тўлаш ёки эс борида этакни ёпиб Азизбекни орадан кўтариш…Уйинг куйди, мусулмонлар!
-Ўттиз икки танга!
Халқ Юсуфбек ҳожидан бир зарра қадар ёмонлиқ ёки бўлмағир бир кенгаш эшитмаган ва шунинг учун ул қаёққа юрса, шу ёққа боришға ҳозир турар эди. Айниқса ўттуз икки танга довруғи гузар аҳлининг юракларини уюшдириб, буни эшитиш билан исёнга қўл қўйдилар.
Бошлаб Занжирлиқ халқи кўчаларга чип (ғов, баррикада) ташлаш, Азизбекка қарши уруш ҳозирлиғи кўриш хаёлига тушди. Юсуфбек ҳожи то эски Жўвага еткунча ўзининг юқоридаги сўзини кўй, гузар халқиға такрорлаб келмакда эди. Эски Жўвада азим бир жамоат йиғиб, Азизбек билан бўлған мажорасини сўзлади ва устидаги кимхобни кўрсатиб истеҳзо тариқасида:
-Солиқни бермангиз, демайман. Чунки сизнинг итоатингиз менга бундоғ тўнлар берар, деди.
Халқ ниҳоятда қизишди. Гуё бириси қувраған тўқайға ўт туртди. Ҳўлу қуруқ деганларидек, катта-кичик баробар ёнмоққа олди.
-Яхшилиғимизни унутди, тўнғиз ! Ўттуз икки тангани яхшилаб берайлик биз унга! Ози бир ой ўтмасданми, андишасиз?!, деган сўзлар эшитила бошлади. Даррав уч кишини Себзор, Кўкча ва Бешёғоч даҳаларига хабар учун жўнатилди. Ё қирилиб битиш ва ё Азизбекни орадан кўтаришка фотиҳа ўқилди.
Орадан бир соат ҳам ўтмади, бутун дўконлар ёпилиб, Тошканд кўчалари чиплар билан тўлди. Барча яроғланган, урушка ҳозир эди. Шаҳарнинг олаланиш хабари ўрдага ҳам эшитилди. Ишни кичкина деб ўйлаған Азизбек шаҳардан аҳвол олиш учун Райимбек датқони элли чоғлиқ йигит билан буюрди. Аҳвол олғувчилар Заржирлиққа етиш билан нақ ишнинг қай даражага етканини пайқадилар: кўчалар чип билан тўлған, чип орқали шашвар, милтиқ, ханжар, найза ушлаган оломон билан лиқ эди. Райимбек датқонинг “Чипларни йиғиштирингиз, ўзларингиз тарқалишингиз!”, деб айткан яхши сўзига қулоқ солғувчи бўлмади. Датқо данғаллик қилған эди олмондан биттаси милтиқ отиб, икки сипоҳни йиқиб ҳам қўйди.
Кечки соат тўртлар, асрдан бир оз эртароқ ҳукумат аскари билан халқ орасида уруш бошланди. Ярим соатлик отиш, чопишдан сўнг сипоҳлар Занжирлиқ оломонларини қочириб, Баланд Масжид чипига етдилар. Жон аччиғига учраган Азизбек ўрдага бир мунча сипоҳ қолдириб, бутун кучини йиғиштирган ҳолда Райимбек датқо кўмагига етишди. Бунинг ила сипоҳлар тағин ҳам кучайиб, оломонни Хадрага қараб суришга муваффақ бўлдилар. Хадра чипида қонли урушлар бошланди. Ўттуз икки танга солиқ хавфида оломон ҳам Бешёғоч, Себзор, Кўкча даҳаларидан ўзига ҳар замон ёроғлиқ ёрдамлар олиб турмоқда эди.
Бу кун кечаси Тошканд қон ичида, маҳаллаларда бўлғон ҳукумат кишилари халқ томонидан ўлдириладирлар, уйларига ўт қўйилиб моллари талонға тушадир. Шаҳарнинг юраклик йигитлари Хадра чипига қараб чопадилар, юраксиз ва кексалар гузар ва маҳаллаларга тўнкалардан гулхан солиб, “ўттуз икки танга” қайғусида оломонға музаффарият тилайдирлар.
Ярим кечалар вақти оломон Хадрадан Эски мискарликка қараб сурилишга мажбур бўлди. Кутилмаган бу сурилишлар Юсуфбек ҳожини катта ташвишка солиб қўйди. Мундан сўнг халқнинг ўзига ишониб туролмай Тошкандни ололмай қайтқан Нормуҳаммад қушбегига ёрдамга етиб келиш учун чопар югуртирди.
Эски мискарликда икки тараф ҳам тонг отдирдилар. Эрталаб яна қонли урушлар бошланди. Аммо халқ энди ўзини анча тутиб қолған ва ҳар дақиқа тўрт тарафдан янги кучлар олиб турар эди. Шунинг учун сипоҳлар бир адим илгари босолмай қолдилар. Аммо халқ стпоҳларни босса босқундек товранар (тиришар) эди. Бу ҳолдан ниҳоятда бўғилган Райимбек датқо қилич яланглаб, сипоҳлар олдида оломонға қараб югурди. Бироқ унинг бу ғайрати ўзи учун ҳалокат билан натижаланиб, Уста Мўминжон исмлик бир милтиқ устасининг отқан ўқи билан кўкрагидан яраланиб йиқилди.
Райимбек датқо Азизбек ҳокимиятининг тираги эди. Унинг қатлидан сўнг сипоҳлардан руҳ тушти. Ҳатто Азизбекнинг буйруғига ҳам қулоқ солмай, тўс-тўска қочиб бошладилар. Ниҳоят Азизбек ҳам ёнидағи қирқ, элли содиқ кишилари билан қочиб, ўрдага қамалишга мажбур бўлди. Юсуфбек ҳожи бошлиқ ер ва кўкка сиғмаган музаффар халқ ўрда теварагини қуршаб тушди. Азизбек тезда берилмагани учун минглаб халқ ўрда атрофидан силжимай, ҳатто ош-сувларини ҳам шунда еб хотиржам ётиб олдилар…”
Уйинг куйди ўзбеклар! Ислом Каримов Президентлик муддатини беш йилга тушириб, яна ўзи 2012 йилнинг охирида ёки 2013 бошида Президентликка “сайланмоқчи”.
Уйинг куйди халойиқ! Диктатор Каримов қизи Гулноранинг номидан халққа тўй бериб, уни ўзи ўлгандан кейин ўрнига Президенликка ҳозирламоқда.
Уйинг куйди Ўзбекистонликлар! Сизлар учун икки йўл бор: ўзларинг каби ўғил ва қизларингни ҳам Ислом Каримов ва унинг ахлоқсиз қизига қул қилиш ёки бўлмаса эс борида, этакни йиғиб, бу золим ота ва қизни Ўзбекистондан қувиш!
Изоҳ: “Ўтган кунлар” романидан қисқа кўчирма Ғофур Ғулом нашриётида 1992 йил босилган китобдан олинди.
Ислом Каримовни Азизбекка ўхшатган:
Тошкентлик Эркин О.