Ислом Каримов Москва кўчаларини супураётган ўзбек меҳнат муҳожирларини дангаса деб, уларни тиламчиларга тенглаштириб қўйди. Эҳтимол Ўзбекистон президенти бу гапларни мутлақо “ички фойдаланув учун”, фақат Ўзбекистон аҳолисига қарата гапиргандир. Ўзбекистон интернет-оммавий ахборот воситалари ўз раҳбарининг кескин ва ғалати сўзларидан гўё иймангандек, унинг баёнотини қайта чоп этиб ўтирмадилар. Агар хушёр чет эл ахборот агентликлари бўлмаганда, дангасалар ҳақидаги ибора “хорижий эфирга” чиқиб кетмаган бўларди.
Ўзбекистон президентининг 19 июнь куни Жиззахга сафари давомида гапирган ғалати гапларига биринчи бўлиб Би-би-си-мониторинг хизмати эътибор қаратди. Душанба куни эса ушбу видеолавҳа Озодлик веб-сайтида ҳам пайдо бўлди.
Ислом Каримов нима деди?
“Энди дангасалар ҳозир Ўзбекистонда камдан-кам. Энди дангасалар деб кимни ҳисоблайман, мана Москвага бориб кўчаларни, майдонларни супурадиганларни. Ўтда нима йўқ, одам жирканадики, ўзбек миллатидан шунақа бориб, ўзига бир бурда нон топиш учун ўша ёққа бориш керак экан. Ҳа, Ўзбекистонни ўзида ҳеч ким очликдан ўлаётгани йўқ, барака топгур!… Бунақаларни дангаса дейманки, катта пул тезроқ топиш учун у ёққа бориб шарманда қилади ҳаммамизни”.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон раҳбари хорижга пул ишлагани отланаётган меҳнат муҳожирларига ўз эътиборини биринчи бор қаратаётгани йўқ. Бир неча ой илгари ҳам Москвадаги болани калтаклаган ўзбек фарроши тўғрисида билиб қолган Ўзбекистон президенти шунга ўхшаш гап қилганди. Ўшанда президент юзага келган аҳвол учун ички ишлар вазирини айбдор қилди. Дакки эшитган вазир эса чегарадан ўтаётганлар орасидан меҳнат муҳожирларини аниқлашга киришишдан бошқа чора топа олмади. Амалда эса, милиционерлар мамлакатдан чиқмоқчи бўлаётган гастарбайтерлардан пора таъма қила бошладилар.
Ўзбекистон президентининг бир одати бор: у қоғозда тайёрланган матн мавзусидан тез-тез четга чиқиб кетиб қолади. Унинг бу каби экспромтлари синхрончи таржимонларни, шифровкачиларни (оғзаки нутқни босмага айлантирувчилар) ва республика расмий оммавий ахборот воситалари муҳаррирларини боши берк кўчага киритиб қўяди.
“Расшифровкасини қандай ёзишни билмай қоласан. У битта ғоя ҳақида гапиришни бошлайди-ю, кейин мутлақо бошқа мавзуга ўтиб кетиб қолади. Кўп ҳолларда у сўкинмайди-ю, норасмий, яъни давлат раҳбарига ҳос бўлмаган оғзаки нутқ лексикасидан фойдаланишга ўтиб кетади”, – дейди таҳририят ходимларидан бири.
Чиндан ҳам, Каримовнинг сўзлари кўп ҳолларда ўзини инкор этиб қўяди. Ўзга юртга кўча супургани кетаётган одамлар қанақасига дангаса бўлсин? Ёки улар чиндан ҳам “бир бурда нонга” зор бўлиб кетаяптими? Бошқа тарафдан олиб қараганда, бунақанги дангасалар иши учун мўмайгина иш ҳақи тўлайдилар. Наҳотки шу нарса “шармандали” бўлса?..
Расмий оммавий ахборот воситалари бу каби экспромтларни чоп этмайди, матбуотга чиқармайди. Бу сафар ҳам шунақа бўлди. Ўзбекистоннинг бош ахборот агентлиги саналган ЎзА ахборот агентлиги хабарида ҳам, ўша хабарни тарқатган барча оммавий ахборот воситаларида ҳам Каримовнинг меҳнат муҳожирларига нисбатан муносабати тўғрисида бир оғиз ҳам сўз айтилмаган: фақат мамлакатнинг доимий раҳбарининг “доно раҳнамолиги остида” эришилган мамлакат ютуқлари тилга олинган, холос.
Иқтисодиётнинг гуркираб яшнаши ва халқ фаравонлиги ўсишининг тўла-тўкис далили сифатида миллат етакчиси Ўзбекистонда кундузи чироқ билан ҳам “бомж”ларни (уй-жойи йўқ дайдилар) ва тиланчиларни топиб бўлмаслигини билдирди. Буни эшитиб ўтирган учрашув иштирокчилари бошларини бараварига ликиллатиб, президентнинг гапини маъқуллай бошладилар. Каримовнинг қўл остидагилар бу масала Ўзбекистонда жуда оддий қилиб ечилишини жуда яхши биладилар: “бомж”ларни тутиш учун милицияда махсус ишлаб чиқарилган режа- дастур мавжуд – бир кунда камида 10-15 киши. Аммо қўлларини чўзиб садақа сўраётган қари кампирларни, боласини кўтариб олиб садақа сўраётган оналарни пойтахтнинг ерости ўтиш жойларида йилнинг исталган вақтида учратиш мумкин…
“Юртбоши”нинг ушбу луқмаси яна бир бор халқ орасида латифа бўлиб қолди ҳамда президент халқнинг нақадар қийинчилик билан кун кечираётганини билмаслиги, юртдаги “фаравон турмуш” ҳақида эса Ўзбекистон ТВ дастурларидан-у, қўлостидаги мулозимларининг баландпарвоз ҳисоботларидан билаётганини намойиш этди.
Каримовнинг меҳнатсевар ўзбек меҳнат муҳожирларига қарата айтган ушбу сўзлари уларни уларни бефарқ қолдирмади. Озодлик Радиоси суҳбатдошлари ва радио сайтида шарҳ қолдирган ўқувчилар президент сўзларига жавобан ўзларининг иссиқ ўрнини ташлаб, ўзга юртларга пул ишлаш учун чиқиб кетишга нималар мажбур қилгани тўғрисида ҳикоя қилиб бердилар. Уларнинг асосий дастаги – ватанда муносиб иш йўқлиги, оилани қандай қилиб бўлса ҳам боқишга интилиш ҳамда болаларини ҳаётда ўз ўрнини топа олишига бирор ёрдам кўрсатиш истаги. Бир оғиз сўз билан гапириладиган бўлса: мусофирчиликдан мақсад – яшаш учун кураш!
Муҳтарам президентга ва унинг атрофидагиларга агар кўп миллионли “дангасалар” армияси бўлмаганида Ўзбекистон иқтисодиёти қай аҳволга тушишини эслатиб қўйиш жоиз. Россия Марказий банкининг маълумотига кўра, биргина 2012 йилда ўша дангасалар ўзбек ғазнасини 6 миллиард долларга тўлғаздилар!
Юқорида келтирилган лавҳа Ўзбекистон президентининг воқеликдан мутлақо айрилганини яққол намойиш этиб турибди. Каримов баёнотларининг тутуриқсизлиги оддий ўзбекистонликларнинг ҳам кўзига ҳам ташланиб турибди.
“Ростини айтсам президентимиз умрининг охирига келиб қолган Брежневни эслатадиган бўлиб қолибди. У ҳам охирида мамлакатда нималар содир бўлаётганини англамай қолганди, – дейди Москвага пул ишлагани келган “Фарғона” агентлиги суҳбатдоши. – Агар Худо кўрсатмасин, Россия миллионлаб ватандошларимизни депорт қилишга қарор қилса борми, Ўзбекистонда чиннакамига ижтимоий-иқтисодий бўҳрон бошланиб кетиши ҳеч гап эмас. Мантиқан олиб қараганда, расмийлар меҳнат муҳожирларининг меҳнатига муҳтож бўлган Россия иқтисодиётига ҳамда ўзга юртларда қийинчиликларга чидаб, ватанида қолган яқинларини, оиласини қўллаб турган ўша “дангасаларга” раҳмат айтиши керак”.
Олдин ҳам Ўзбекистон раҳбари ва бошқа давлат мулозимлари бир неча бор кутилмаган, юзага келган воқеликдан мутлақо йироқ бўлган баёнотларни бериб келишган. Мисол учун, Каримов бир неча бор республика аҳолисининг ўртача ойлиги 500 долларга чиқади, деб ваъда қилган, аммо ҳозирда 150-200 доллардан ошмаяпти. Ёки бошқа мисол: 2005 йилда республика ҳудудида Ўзбекистон ҳақида ҳикоя қилувчи ўнлаб ва юзлаб сайтларга тўсиқ қўйилганида, ўша вақтда ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган Элёр Ғаниев “Ўзбекистонда Интернетга кириш учун ҳеч қандай чекловлар йўқ”, деб билдирганди.
Манба:http://uzbek.fergananews.com/article.php?id=1594