Ўзбекистон ва Россия ташқи ишлари учрашиб икки мамлакат раҳбарларининг учрашуви ҳақида гаплашиб олишгани ҳақида kun.uz – ўзбек тилидаги ахборот сайти Россия ташқи ишлар ахборотига суяниб хабар тарқатди.
Албатта, ўзбек матбуоти бирор янгиликни ўз жойидан биринчилардан бўлиб етказмаслиги табиий ҳол. Чунки ҳавола этиладиган материал цензурадан ўтиши керак – “давлат хавфсизлигига дахл қилмаслиги” шарт.
Хабарда айтилишича, Уфада бўлиб ўтган учрашувда Путин Каримовни расмий давлат ташрифи билан Москвага келишга таклиф қилган эди. Бу ҳақда сайтимизда чоп этилган аввалги мақолалардан бирида таъкидлаб ўтилганди. Каримов ана шу таклиф ҳисобидан Россияга бораётганлиги маълум қилинган
Агар Каримов бошқа вазиятда Россияга борса, бу унчалик аҳамиятли ҳодиса бўлмаслиги мумкин эди. Аммо у Туркия ва Россия ўртасидаги муносабатлар қалтислашган шароитда Москвага сиёсий сафарга чиқиши бироз мунозараларни уйғотиши табиий.
Хабарда икки томон одатдагидек, хавфсизлик, Афғонистон каби масалаларда суҳбатлашгани келтирилган.
Кузатиб борамиз – Каримов Путин билан Туркия масаласида қандай позицияда туриб суҳбат олиб борар экан? Ёки улар ўртасида бу ҳақда сўз очилмайдими? – бу эҳтимолдан йироқ ҳол, албатта.
Туркия йўлбошчисининг Қатар билан имзолаган шартномасидан сўнг вазият кескин ўзгаргани ҳақида тарқатилаётган хабарларга суянадиган бўлсак, бу ҳол Каримов ва Путин ўртасидаги мулоқот мавзусига қанчалик таъсир қилиши ҳам муҳим ҳисобланади.
Вазиятни кузатиб борамиз: Каримов Туркияга қардош мамлакат президенти сифатида унинг бугунги кундаги рақибига қандай муносабатда бўлиши мумкин? Ёки у Туркия билан Россия ўртасидаги муносабатларни илиқлаштириш ҳақида гапирармикин?
Буни вақт кўрсатади.
ЎХҲ хабарлар бўлими