O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ислом Каримов ташқи сиёсати таҳлилчилар назарида

“Ўзбекистон фуқароси бўлсангиз, ҳукумат томонидан ўлдирилишингиз эҳтимоли террорчилар қўлидан нобуд бўлиш эҳтимолидан каттароқ. Қанчалик даҳшатли туюлмасин, бу ҳақ гап”, – дейди инглиз олими Дейвид Луис.

Ислом Каримов ташқи сиёсати таҳлилчилар назарида
172 views
25 February 2013 - 15:44

9122_1000Ўзбекистондаги ички вазият ва унинг ташқи сиёсати мавзуларни ёритиб келаётган журналистлар, таҳлилчилар ва вазиятни кузатиб келаётган xалқаро ташкилотларнинг вакиллари Ислом Каримовнинг ташқи сиёсати ҳақида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди, дея хабар қилади “Америка Овози”.

Ўзбекистон кутилмаган қадамлар ташлашга ўрганган. Вашингтон ёки Брюсселда танқид янграса, Каримов бирданига Россия бағрига қайтиши мумкин ёки Москвадан босим ошса, Ғарб билан апоқ-чапоқ бўлишга ҳаракат қилиб қолади.

“Вашингтон Тошкент билан муносабатларда эҳтиёткорлик билан қадам босишга мажбур. Давлат департаменти расмийлари орасида “акс ҳолда боридан ҳам қуруқ қоламиз” деган xавотир бор”,- дейди журналист Навбаҳор Имамова.

АҚШ учун устувор масала – Марказий Осиё, xусусан, Ўзбекистон орқали Афғонистонга кириб-чиқишни таъминлаш. Зарур таъминот йўллари очиқ туриши керак.

Тошкент ҳам ўз навбатида 2014-йилдан кейинги вазият қандай ривожланишидан xавотирда. АҚШ кетишини кутаётган Россия Марказий Осиёдаги таъсирини кучайтириш илинжида. Каримов мувозанатни сақлаб қолиш ва ўз манфаатларини янада ҳимоя қилишга интилиши табиий.

Британиялик мутаxассис Дейвид Луис терроризм ва қорадори савдосига қарши кураш асосий ўринда қолади деган фикрда.

Каримов ҳукумати ўз репрессиясини оқлаш учун терроризм таҳдидини бўрттириб кўрсатади, дейди Луис.

“Ўзбекистон фуқароси бўлсангиз, ҳукумат томонидан ўлдирилишингиз эҳтимоли террорчилар қўлидан нобуд бўлиш эҳтимолидан каттароқ. Қанчалик даҳшатли туюлмасин, бу ҳақ гап”, – дейди инглиз олими Дейвид Луис.

Қорадори савдоси ҳақида гапирар экан, Луис 2014-йилда xалқаро қўшинлар Афғонистонни тарк этганидан кейин бу муаммо анча  жиддийлашишини айтади.

“Ҳамма xавотирда. Бироқ Ўзбекистон орқали ўтадиган траффикка ҳукумат расмийлари ҳам аралашган. Келажакда бу вазият ўзгаришига ишонмайман. Расмийлар уюшган жиноий гуруҳлар билан яқин алоқада ва наркотиклар савдоси устидан назорат улар қўлида,” – дейди Дейвид Луис.

“Андижон фожеасидан кейин жорий этилган санксиялар кўп ўтмай бекор қилинди. Улар натижа бермади, аксинча, Европа Иттифоқининг заифлигини намойиш қилди. Ҳозирда Европанинг Марказий Осиёга нисбатан уйғун, узоқ келажакни кўзлайдиган стратегияси йўқ”, – дейди эксперт Алан Делетроз.

“Шуниси ҳаммага ойдек равшанки, Ислом Каримов режими билан алоқаларни ривожлантириш жуда қийин”, – дейди эксперт.

НАТО қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилиши катта маблағ ҳамда қўшни мамлакатлар ҳамкорлигини талаб қилади. Демак, Европа Иттифоқи Ўзбекистонга муҳтож. Брюссел Каримов билан мулоқотни давом эттиради, дейди Делетроз.