(“Муборак кунлардаги мулоҳазалар” рукнидан)
“Исломий жангарилар”(?) деган ибора бугунга келиб шу қадар оммалашдики, ҳатто унинг ўта такомиллаштирилган “исломий терроризм”, “исломистлар”, “мусулмон жангарилар”, деган синонимлари дунё медиасида тегирмоннинг тошидай шовқин солиб айланадиган бўлиб қолди. Динимиз, қадриятларимиз, сўнгги пайтларда миллатимиз шаънига бетиним отилаётган тошлардан кўнгил қақшайди баъзан..
Нега террор деб аталган мудҳиш амалиётни ислом динига боғлашга зўр берилаяпти? Инсониятни бу муқаддас диндан ё-да мусулмонлардан бездириш учун эмасми? Унда нега террористлар фақат мусулмонлар яшайдиган мамлакатларни уруш ўчоғига айлантиришаяпти, уларни оммавий қирғин қилишаяпти? Диннинг моҳиятини тушуниб етмаган манқуртлардан террорист ясаб, уларни қурол билан таъминлаётганлар кимлар? Кимёвий атамага кўра, моддаларни бир-бири билан реакцияга кириштириб қўйиб, ўзи аралашмай, четда турадиган катализаторлар – мусулмонни мусулмонга едириб, зимдан томоша базмини уюштириб, қабоҳат учун қадаҳ кўтараётган баъзи гуруҳларнинг тегирмонига кимлар сув қуймоқда: ўз халқининг кўнгил кўзи очиқ инсонларини қурбон қилаётган эътиқодсиз, узоқни кўра олмайдиган, раҳм-шафқат, инсонийликдан бенасиб ғофиллар эмасми? “Бугуним ўтса бўлди, эрта билан ишим йўқ ёхуд ўзим тинч ва яхши яшасам бўлди, халқ қирилиб битмайдими” қабилида иш тутадиган худбинлар эмасми?
Энг ёмони, узун-узун йиллик, ҳатто асрлик манфур ва махфий планларга кўра бу тоифа хоинлар давлат, сиёсат, куч ишлатар тизимлари, маориф соҳаси, иқтисод соҳаси, борингки, ҳар бир етакчи жабҳага сиздирилаяпти. Ҳатто “аъло” даражада хизмат кўрсатаётганлари раҳбар лавозимларига тайинланиб, халқнинг шўрига шўрва қайнатаяпти. Таълим тизимини издан чиқариб, бу соҳани ҳам коррупцион даромад манбаига айлантириш, халқни атай маънан қашшоқлаштириш, диний билим олишни чеклаш ва шу йўл билан ёшларни осонгина террор ёки худкушлик амали билан “жаннатга йўл” кўрсатадиган мавҳум “уламо”лар қўлига топшириб қўйиш ортида қандай манфур мақсадлар, режалар бор?
Мусулмон олами ўз динига мутлақо ёт бўлган зино, ёлғон, адолатсизлик, ўғрилик, очкўзлик, бузғунчилик, ҳаёсизлик, жосуслик(бир-бирини сотиш), танбаллик ва хушомадгўйлик каби иллатлардан, Қуръон оятлари ила таъқиқланган хусуслардан узоқ турган, Аллоҳ севгиси ва охират қўрқувсини қалбларидан ҳеч чиқармаган тақдирларида аввало ўз нафсларига, сўнгра-да дунёга ҳоким бўла олишлари мумкин эди. Буни муҳим лавозимларга узоқ йиллар ўрнашиб олиб, ўз халқининг фарзандларидан (айби бўлса-бўлмаса) узлуксиз равишда “жиноятчи” ясаётган баъзи манқуртлар тушунмасалар ҳам, улардан фойдаланаётган гизли кучлар жуда яхши тушуниб, билиб-билиб қилаяптилар қилмишларини.
БМТ бош котиби Антонио Гуттериш Иордания пойтахти Амманда бўлиб ўтган Араб давлатлари лигаси саммитида “бутун дунёда мусулмонлар ва араблар ҳақида нотўғри фикрлар тарқалаётганини” эътироф этаркан, жумладан, шундай деганди: “Кўплаб одамлар ёлғон тасаввурлар “тўри”га тушиб қолишган. Улар Ислом ИШИД ва “ал-Қоида”ни даҳшатли амалларга ундовчи куч, деб ўйлашади. Аслида эса, буларнинг барчаси Ислом дини тамойилларига зиддир. Кўплаб сиёсий раҳбарлар ўзларининг калтабин ва худбин мақсадларини кўзлаб, халқбозона ҳийлаю найрангларга боришади, Исломни нотўғри талқин этишади. Нафратнинг урчишига сабаб бўлишади. Бу эса, террорчилар ва экстремистларга қўл келади”.
Азалдан шундай бўлиб келган: аввал динингни забт этадилар, кейин Ватанингни… Чунки, қалбида ҳеч қандай муқаддас туйғулари, эътиқоди бўлмаган одамларни бошқариш осон бўлади. Бу тоифадагиларнинг сиртини ялтиратадиган моддият билан авраш осон: керак бўлса дўстини, керак бўлса қавму-қариндошини, янаям керак бўлса миллати-ю Ватанини сотади, ҳеч иккиланмай, қилт этмай туриб миллатнинг гулларини – зиёлиларини, эътиқоди бутун уламою фуқароларини қурбон қилиб ёки сургун қилиб юбораверишади. Камига Ватан, иймон, садоқат каби муқаддас тушунчалар ҳақида ёлғондан сафсата ҳам сотиб қўйишади вақти келганда. Бу энди энг учига чиққан мунофиқликдан бошқа нарса эмас.
Мунофиқ билан мувофиқнинг, ҳақ билан ботилнинг фарқига бормасликлари учун ҳам йиллар, асрлар давомида халқимизни диндан мосуво қилиш, динни салбий бир тушунча сифатида халқ онггига сингдириш ва шу йўл билан ботиний кўз – басиратдан жудо қилиш амалиёти қўлланиб келинди.
Хўш бу ҳол қачонгача давом этади? Афсуски, халқ ўз иродасини қўлга олмагунича, ўз тақдирига ўзи масъул эканлигини чуқур ҳис қилмагунча шу ҳол давом этаверади. Бир замонлар бани башарга дарс бергувчи даҳолар – илму фанда етук олимлар, улуғ авлиё-ю анбиёларни етиштирган халқнинг бугунги авлодларини дунёга шармисор этиш, ёмонотлиқ қилиб кўрсатиш учун улардан мардикор, фоҳиша, камига “терроррист”лар ясашаверишади…
Танловимизда икки йўл бор: ё бор куч-иродамизни тўплаб, ўз динимиз, Ватанимиз, давлатимизга соҳиб чиқиб, келажагимизни таъминламоқ ёхуд ўз тақдиримизга лоқайдлигимиз, фарзандларимиз, келажак авлодлар олдидаги масъулиятсизлигимиз ортидан динимиз-шарафимиз, обрўмизу бойлигимиз, давлатимизу Ватанимизни маҳв этишга ҳамиша шай турган олғирларга “ем” бўлиб кетмоқ…
Динига муҳаббати бўлмаган, Ҳақни танимаган, ўзлигини англамаган одамнинг Ватанига ҳам муҳаббати бўлмайди. “Ватаннинг севмак иймондандир”, дея ҳадиси шарифда бежиз айтилмаган. Ўз камчилигини кўра олмаган киши комил бўла олмаганидек, ўз фожеасини ўзи англамаган миллат ҳам аввало маънавий, сўнгра-да моддий инқирозга, маҳв этилишга маҳкумдир. Бу ҳақиқатдан оқилона хулоса чиқариб, қўлни қўлга бермоқ, халқни жипслаштирмоқ, Ватан севгисини тилда эмас, дилда, амалда ифода этмоқ, қолаверса, муқаддас динимизнинг террор, бузғунчилик, ҳаёсизлик, ёлғончилик ва сохтакорликдан мутлақо йироқ, ҳақиқат ва юксак маданият, том бир маънавий ахлоқ ва тараққиётга, илм олишга ундовчи куч эканлигини ҳатти-ҳаракатларимизда ифода этмоқ нафақат халқ олдидаги, балки Ҳақ олдидаги энг олий бурчимиздир. Шундай эмасми?
Шамсия ХУДОЙНАЗАРОВА