ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 91
(давоми)
Сўнгра Ҳазрати Али, каррамаллоҳу важҳа, аскар олдига тушиб ўнг қўлида зулфиқор, сўл қўлида туғ тутиб, бутун аскар баробар «Аллоҳу акбар» садоси билан кўкка етгудек қичқириб югурдилар. Ҳазрат Али ҳамманинг олдида қалъа тагига етиб Ислом туғини ўрнатди. Барча аскар баробар қалъа атрофини ўраб олдилар. Қалъа бошлиғи эрса, яҳуд аскарининг қўмондони Марҳабнинг бир туғишган укаси Хорис номлик киши бўлиб, бу эса яҳудлар ичида ўшал даврнинг атоқлик баҳодирларидан эди.
Ясоғлик турган аскарлар билан мусулмонлар устига отилиб, бир қаттиқ ҳужум қилди. Бу ҳужумда эса мусулмонларнинг сафларини бузиб, уларни орқага чекинтирди. Аммо Ҳазрати Али туғ туганича ўз ўрнидан бир қадам ҳам орқага қайтмади. Тоғдек туриш қилиб, у жойдин қўзғалмади. Муни кўриб аскарбоши Ҳорис ўқдек отилганича келиб Ҳазрати Али бошига қилич солган эди, қалқон тутиб унинг зарбини қайтардилар. Навбат Ҳазрати Алига келгач, шундоғ урдиларким, қилич зарби бўйин совутини кесиб, бошини учириб ерга туширди. Яҳудлар Ҳазрати Алидан бу даҳшатни кўргач, чидаёлмай қочишиб қўрғонга кирдилар. Бош қўмондон Марҳаб юқорида қараб турган эди. Укаси ўлдирилганини кўриб, бўкирганича қўрғондан тушди. Бу эса ўшал замоннинг энг кучлик яроқлари билан қуролланмиш эди. Устига кийган совути, бошиға қўйган дубулғаси, шунга ўхшаш уруш кийимларини қаватлаб кийиб олган эди. Ғазаб билан ўқдек келиб, Ҳазрати Алига бир қилич урди. Мунинг зарбидан қўлларидаги қалқон икки бўлиниб ерга тушди.
Урушда қалқонсиз туриш мумкин бўлмаганликдан Хайбар шаҳрининг қопқасига қўл уриб, қудрат билагининг ёрдами билан дарвозани юлиб олдилар. Уни қалқон ўрнига ушлаб яна ҳужумга кирди, бу қалъа бутун фатҳ бўлғунчалик шу қопқа анинг қўлида эди.
Ҳазрат Али билан уруш майдонида Марҳаб яна йўлиқишдилар. Бу галда эрса зулфиқорни ҳавола қилиб, андоқ урдиларким, қаватланган қалқон дубулғалардан ўтиб бошини ёриб, бўйин бўғинига етди. Муни кўриб бутун Ислом аскари такбир айтдилар. Раислари ўлдирилиб, туғлари йиқилгач, яҳудлар қочиб, қиличдан қутулганлари бу қалъани ташлаб, иккинчи қалъага кириб қамалдилар.
Шу билан бу қалъа Расулуллоҳ айтганларидек Ҳазрати Али қўлида фатҳ бўлди. Дарвоза ташлангандан сўнгра, уни ўрнидан қирқ киши қимирлата олмадилар, етмиш киши деган ҳам ривоят бордур. Қандоқ бўлса ҳам шундай ишлар Расулуллоҳнинг мўжизаларидур.
Хайбар қалъаларининг биринчи олинган кунларида эса аскар ичида очарчилик бор эди. Аслам қабиласи шу учун Асмо ибн Ҳорис деган кишини вакил қилиб Расулуллоҳга юбордилар. Вакил келгач: «Ё Расулаллоҳ, очликдан биз қаттиқ қийналдик, мунинг чорасини сиздин сўраш учун мени юбордилар», деди.
Анда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Худоё, бандаларнинг ҳолини ўзинг яхши билурсан. Сенинг йўлингда жиҳод қилмоққа очликдан кучлари йўқдур. Эй бор Худоё, бу қалъалар ичида қайси бирининг емак-овқати кўпроқ, ўлжа моллари мўлроқ бўлса, шунинг фатҳини бизга тезроқ ато қил», деб дуо қилдилар.
Сўнгра ансор саҳобаларидан Ҳубоб ибн Мунзирга туғ топшириб, иккинчи қалъа ҳужумига амр этдилар. Ҳазрати Али қўлида биринчи фатҳ бўлмиш Нўим қалъасидан қочган яҳудлар эрса, иккинчи Саъб қалъасига қамалган эдилар. Қалъани қамал қилишгандан сўнгра ўшал асрнинг одатича уруш мубораза билан бошланди. Шундоқки, яҳудлар тарафидин уларнинг ишонган баҳодирлари Йушаъ деган жангчи чиқиб, мусулмонларга қарата: «Менга талабгор чиқсун», деб ўртага тушди. Унга Ҳазрати Хубоб чиқиб, биринчи тўқнашгандаёқ бир зарба билан уни ўлдирди. Биринчи ғалаба Ислом номига бўлганликдан мусулмонлар кўнгли кўтарилиб, яҳудлар эрса мундан ёмон фол очдилар.
Шунга қарамай, алардан иккинчи Даёл исмли баҳодир майдонга тушди. Мусулмонлардан Аммор ибн Ақаба унга қарши чиқди. Бу киши Ғифор қабиласидан эди. Ҳар иккови баробар ҳамла қилишиб, бир-бирларига қилич урдилар. Аммо Ислом баҳодирининг қиличи яҳуд баҳодирининг бошига урилмиш эди, заҳми миясига ўтиб дарҳол жон берди. Лекин бу киши араб одатича қилич урганида: «Ол бу қилични, мен эрсам Ғифор қабиласидан чиққан ўғил эрурман», деди.
Бу каби сўзларни Исломдан илгариги жоҳилият араблари ўзаро қабила урушларида айтишлари уларга одат эди. Мундоғ сўзларни айтишдан Расулуллоҳ мусулмонларни қайтармиш эдилар. Шунинг учун бу сўзни эшитган саҳобалар муни оғир олдилар. Бу сўзни айтгувчи одам мақтанчоқлик қилди ва жиҳод савобидан ажради, дедилар. Муни англаб кўп маъюс бўлди, сўнгра бу сўзни Расулуллоҳ ҳам эшитдилар эрса, айтдилар: «Андоғ эмасдур, у кишининг қилган жиҳоди ҳеч вақт бу сўз билан зое бўлмайди. Балки уруш кунларида киши ўзидан ғайрат кўрсатиб, шундоқ сўзларни айтиши Худога хуш келади».
Бу қалъада беш юз яҳуд аскари бор эди, уруш бошлангач, бирданига қалъадан чиқиб, бор кучлари билан Ислом аскари устига отилдилар. Бу ҳужумларида аскар сафини ёриб ўтиб мусулмонларни бир оз орқага чекинтирган бўлсалар ҳам, аскар туғдори Ҳазрати Хабоб бир неча баҳодирлар билан ўз жойларида сабот қилиб буларни қайтарди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аскар сафлари орқасида отдан тушиб ўлтирган эдилар. Муни кўриб Расулуллоҳ кейиндаги аскарларга буюрдиларким, душман ортидан қайтарма ҳужум қилғайлар. «Аллоҳу Акбар» садоси билан бари Ислом аскари иккинчи ҳужумга ўтдилар.
Шунинг натижасида яҳудлар енгилиб қочгали туришди. Ҳар томондан ўралиб қолганликдан қочолмаганлари бутунлай қилич остида қолдилар. Ўлимдан қутулиб қолганлари учинчи қалъага қочиб киришдилар. Бу йўл билан олинган қалъа Расулуллоҳ Худодан сўраганларидек инсонга, ҳайвонга керакли ҳар турли озиқ-овқатлар билан тўлдирилган экан, уларнинг бариси ўлжага қолди. «Бу ғанимат тушган моллардан олинглар, енглар, ичинглар, лекин олиб кетманглар», деб Расулуллоҳ эълон қилдилар. Хайбар қалъалари ичида озиқ-овқатга энг бой қалъа шу эди.
Расулуллоҳ қилган дуо баракотидан кўп кечикмай икки кун ичида бу қалъа ҳам фатҳ бўлди. Аскарлар бўлса очарчиликдан қутилишиб, овқатга тўйиб олдилар. Шу билан аскар ичидан очлик ҳам кўтарилди. Бу қалъа ичида ер остига солинган яширин уйлар бор эди. Булар ичида ўшал замоннинг уруш қуролларидан бир қанчасини топдилар.
Бу қалъадан қочиб чиққанлари эрса, тоғ бошидаги учинчи қалъага йўткалишган эди. Бу қалъа устида уч кеча-кундуз, қаттиқ қамал бўлиб, ҳар икки томондин тўхтовсиз ўқ отилиб турди. Шу орада Худо ёрдами билан ўз ичларидан бир яҳудий қочиб келиб, Расулуллоҳга айтди;
— Эй Абул Қосим, бу қалъа устида бир неча ойлар қамал қилиб турар бўлсанг ҳам фатҳ бўлмагай. Агар менинг мол-жонимга омонлик берур бўлсанг, уч кунга қолмай фатҳ қилиш йўлини кўрсатур эдим.
Анда Расулуллоҳ:
— Омонлик бердим, у йўлни кўрсатгил, — дедилар.
Яҳудий айтди:
— Бу қалъа ичига ер остидан кетган сув ариғи бордир. Агар шу ариқнинг бошини топиб, сув йўлини боғлар бўлсангиз, уч кунга қолмай таслим бўлғайлар.
Сўнгра ариқ бошини топишиб, сув йўлини боғладилар.