O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ислоҳотлар: “Янги Ўзбекистон” картошка импорти бўйича рекорд ўрнатди

Ислоҳотлар: “Янги Ўзбекистон” картошка импорти бўйича рекорд ўрнатди
470 views
14 September 2021 - 20:21

EastFruit таҳлилчилари ҳисоботига кўра, 2021 йил январ -июл ойларида Ўзбекистонга қиймати 35,4 миллион долларлик 310 минг тонна картошка импорт қилинган. Бу охирги 20 йилликдаги энг юқори кўрсаткичдир. Айтилишича, картошка импортининг кўпайиши ички бозорда нархлар барқарорлигига ёрдам берган. Шу билан бирга валютанинг четга чиқиб кетишига сабаб бўлган.

Январ-июл ойларида картошка импорти бўйича олдинги рекорд 2020 йилда қайд этилган. Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2021 йилнинг 7 ойида картошка импорти ўтган йилги импортдан 79,1 минг тоннага ёки 34 фоизга ошган.

2021 йил январ-июл ойларида Ўзбекистонга импорт қилинган картошканинг деярли бутун ҳажми (99,7%) олти мамлакатдан этказиб берилган:

Эрон – 119 минг тонна (умумий импортнинг 38,5%);

Қозоғистон – 85,0 минг тонна (27,4%);

Покистон – 75,5 минг тонна (24,4%);

Қирғизистон – 16,8 минг тонна (5,4%);

Голландия – 8,1 минг тонна (2,6%);

Россия – 4,2 минг тонна (1,4%).

Бошқа мамлакатлар – 1 минг тонна (0,3%).

Ўзбекистондан картошка экспорти деярли йўқ. Республика Божхона қўмитасининг маълумотларига кўра, 2020 йил январ ойининг бошидан 2021 йил июл ойининг охиригача, яъни 1,5 йилдан кўпроқ вақт ичида картошка экспортининг умумий ҳажми атиги 2,9 минг тоннани ташкил қилган.

Иқтисодининг асосий тармоғини аграр соҳа ташкил қиладиган Ўзбекистонда картошкан импортининг ортиб кетиши бу соҳадаги ислоҳотларнинг самарасиз бўлганидан далолат  беради.

Эрк партияси хабар бўлими