O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Исмат Хушев: Муҳаммад Солиҳга отилган ўқ (5)

Исмат Хушев: Муҳаммад Солиҳга отилган ўқ (5)
167 views
14 October 2013 - 7:56

«Истанбулга саёҳат» туркумидан

1. Истанбул…

Туркиянинг пойтахти Анқарадан кейин иккинчи ўринда турувчи Истанбул шаҳрида 20 миллионга яқин одам истиқомат қилади. Шунинг учун бўлса керак, бу ернинг энг катта муаммоси – одамлар ва автомобиллар…

Кўчаларда одам ва автолар шу қадар кўпки, баъзан манзилингизга етиб бориш учун кун бўйи «пробка»ларда туришга тўғри келади.

Истанбулнинг ўртасига кириб борган денгиз қўлтиғи уни иккига бўлиб туради. Шаҳарни бир бири билан боғлайдиган афсонавий кўприклар учта. Уларнинг энг биринчиси Мустафо Камол Ота Турк даврида – 1928 йилда қурилган. Узунлиги 362 метр…

Кўприкнинг бир томони Осиё, иккинчи томони Оврупа деб аталади.

Мен Истанбул ҳақида кўп эшитган, киноларда кўриб, унга меҳр қўйган эдим.

Бу ерларда Сиз бемалол, эмин эркинсиз. Худди Ўзбекистонда юргандай сезасиз ўзингизни. Бунинг энг асосий сабаби эса, бу ердаги аҳолининг Сизга яқин ва тушунарли тилда сўзлашувидир.

Кўчалардаги ёзувлар айниқса мени ўзига мафтут этди: «Осиё Истанбул Адолат саройи», «Истанбул дунё тижорат  маркази», «Истанбул соғлик мудирлиги», «Оила ва социал политикалар Истанбул вакиллиги», «Истанбул тижорат университети», «Оврупа Истанбул адолат саройи»…

Адолат саройида суд, прокуратура, полиция каби идоралар жойлашган. Туркияда бу тизимлар ҳақиқий адолат мезонларига амал қилиши қонун билан ҳам, иймон билан ҳам белгилаб қўйилган…

Полиция бу ерда «Халқ учун, адолат учун хизмат» деб аталаркан… Полиция биноларида, машиналарида фақат шу ёзувни ўқиш мумкин.

Туркияда давлат идоралари қуролли кучлар томонидан қўриқланади. Биз илгари расмий ҳукумат сафари билан келганимизда ҳам шундай эди. Энди оддий касбий сафар билан келганимизда ҳам шундайлигини кўрдим.

Мен   Туркия халқининг  бугунги кайфиятини билишни истардим. Чунки яқинда Тақсим майдонида содир бўлган воқеалар мени хавотирга солган эди.

2. Норозолик митинглари

Биз Туркияга келганимизда Истанбулнинг Тақсим майдонидаги норозилик митинглари аллақачон тугаб кетган эди. Лекин унинг асорати ҳануз сезилиб турарди.

Мен журналист сифатида бунинг сабабини билишга, одамларнинг Бош вазирга бўлган муносабатларини ўрганишга ҳаракат қилдим.

Тақсим майдонига борганимизда  бу ерда олдинги митингбозликдан асар ҳам қолмаган эди.

Истанбулда одамлар билан суҳбатлашганимизда, Бош вазир Ражаб Тoйиб Эрдоганнинг мавқеи  ҳануз олдингидай нуфузли эканини сездик.

Бир сўз билан айтганда, Россия ва жаҳон матбуоти  бу ердаги воқеаларни бир ёқламалик билан ёритганига гувоҳ бўлдик.

Туркия халқининг асосий қисми Бош вазир тарафида эканига ишонч ҳосил қилдик.

Ражаб Тoйиб Эрдоганнинг асосий ютуқларидан бири сифатида турк биродарларимиз кейинги ўн йилда Туркия иқтисодий ва технология жиҳатидан катта ва оламшумул ютуқларни қўлга киритганини айтишди.

Ишсизлик деярли йўқ. Одамларнинг кайфияти яхши, дастурхони бут.  Ким нима деса, бемалол айтиши мумкин. Матбуот эркин ва мустақил.

Ҳаётда бола чақа ва оила билан тинч ва эмин эркин яшаш учун бундан ортиқ яна нима керак инсонга?

3. Муҳаммад Солиҳнинг офиси

Истанбулнинг Осиё  тарафидаги сўлим ва оромижон масканлардан бирида уч қаватли катта  бир бинo бор .

Бинонинг биринчи ва иккинчи қаватлари Муҳаммад Солиҳнинг рафиқаси Ойдин Солиҳга тегишли бўлиб, бу ерда унинг шогирдлари янга асос солган «Тиббиёт институти» жойлашган. Гайратли қизлар ва йигитлар бу институтни университетга айлантириш устида ишлашаётган экан.

Офиснинг учинчи қаватида Муҳаммад Солиҳ асос солган «Ўзбекистон Халқ Ҳаракати»нинг  идораси жойлашган.

Бу ерда ўзбек мухолифати лидерининг иш кабинети, дам олиш хонаси бўлиб, унинг  рўпарасида  биринчи ўринбосари ўтирадиган кабинет бор экан.

Бошқа хоналарда бир талай ўзбек йигит ва қизларни кўрдим. Баъзилари таниш эди.  Уларнинг ҳар бирига алоҳида компьютер беркитилган бўлиб, «Ҳаракат» ишлари билан банд эдилар.

Албатта, мен уларнинг хавфсизлигини ўйлаб, исми шарифларини эълон қилишдан ўзимни тияман.

Рости, мен Муҳаммад Солиҳнинг Туркияда шундай катта идораси борлигини ўйламаган эдим.  Бу ерда – Ватандан узоқда бўлса ҳам, Ўзбекистон билан боғлиқ  сиёсий ҳаёт қайнар эди.

Ўзбек ҳукумати ва мухолифати назарида қуруқ номидан бошқа ҳеч кими ва ҳеч нарсаси йўқ деган «Халқ Ҳаракати»нинг  қайноқ фаолият билан банд эканини мен Истанбулда ўз кўзим билан кўрдим…

Мен офисга қадам ранжида қиларканман,  бу ерда менга янги чоп этилган 7 томлик асарлар тўпламини  келтиришди. (Қалин ва чиройли муқоваларда чоп этилган «том»ликни варақларканман, Муҳаммад Солиҳ муҳожирликда ҳам вақтини бекорга ўтказмаётганига яна бир карра ишонч ҳосил қилдим)

Бу 7 жилдинг бештаси Муҳаммад Солиҳнинг шеър ва мақолалари мажмуаси бўлса, 2 жилди Инглиз ва Турк тилларида Солиҳ  ҳакда босилган таҳлилий мақолалардан иборат эди.

Бу китобларга М.Солиҳ  ҳақда ёзилган иккита докторлик диссертацияси  ҳам киритилган. Улардан биттаси Америкадаги Индиана Университетиси ўқитувчиси Руф Диблер, иккинчиси профессор Шуайб Қорақош қаламига оиддир.

Қайси бир ўзбек шоири ва ёки сиёсат арбоби ҳақда шу қадар адабиёт бор дунёда?

Вунга ҳавас қилса арзийди албатта, ҳасад эмас, ҳавас қилиш керак.

Бундан ташқари, Муҳаммад Солиҳ  тузган ва таржима қилган 4 жилдлик “Пайгамбарлар Тарихи” ҳам бу сургундаги лидер фахрланса арзийдиган асар бўлибди. Бу Тарихнинг халкимизга фойдали бўлишига менинг ҳеч шубҳам йўқ.

P.T.

Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ:  “ўзбек мухолифати” Муҳаммад Солиҳ номини эшитса жиғибийрони  чиқади,  нега биз қолиб, доим бунинг номини одамлар тилга олади, деб!

Мен эса Истанбулда бўлиб, унинг фаолияти билан яқиндан танишиб,  Муҳаммад Солиҳнинг қилаётган ишларини улар икки дунёда ҳам қилишолмаскан деган фикрга келдим. Ўзини “мухолифат” деб билган бу шўринг қурғурлар мен нима учун ҳам ҳукумат ва ҳам мухолифат билан яқинлашиб, ҳар иккала томонни ҳам бирдек кўришимни то ҳануз англаб етмаган бўлсалар, улардан яна нима кутиш мумкин?

Бирдан қараганда тушуниш қийин бўлган, аммо аслида тушунарли бўлган бу нафрат синдроми остида оддий ҳасад ётгани энди ҳеч кимга сир бўлмай қолди.

Чунки бу синдромнинг бошка бир сабабини на мен, на-да бу ҳақда сўраганим одамлар айтаолди. Балки бошқа бир сабаби бордир деб, бу ҳақда Мухаммад Солиҳнинг ўзидан сўрадим.

У худди шу жавобни берди:

– Мен ҳам мухолиф маскасини кийган бу касалликнинг сабабига изоҳ тополмайман, чунки бизга йилларча тош отаётганларнинг деярли ҳаммаси биздан ёмонлик эмас, яхшилик кўрган. Аммо буларнинг туҳматларига жавоб бермасам-да уларнинг ғийбат ва туҳматлари биз ва бизга боғлиқ ташкилотга қаратилиб келмоқда,- деди у.

Бу хусусда мен М.Солиҳнинг”Туркистон шуури” китобидан ўрин олган “ИНСОН ЎЗ НИЯТИНИНГ АКС-ТАСВИРИДИР” мақоласидан бир  парчани эътиборингизга ҳавола қилмоқчиман.

“..Абу Лаҳаб бир куни Пайгамбаримиз (сав) га қараб “Нақадар хунуксан, эй, Муҳаммад!” деганида Росулиллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаллам: “тўғри айтдинг”, деб жавоб берибди.

Кейин Ҳазрати  Абу Бакр келиб, ”Ё Росулаллоҳ, сен на хушрўй инсонсан!” деса, Пайғамбаримиз (сав) унга ҳам “тўғри айтдинг”, дея жавоб берибди.

Бунга гувоҳ булган саҳобалар “Ё Росулиллоҳ. нечун ҳар иккаловига ҳам “тўғри айтдинг”, дединг, деб сўрашганида  Оллоҳнинг сўнгги пайғамбари ”Чунки менга қараб ҳар ким ўз аксини кўради”, деб жавоб берган экан.

Инсон ўз ниятининг акс-тасвиридир“, деганимда шу ҳақиқатни  назарда тутгандим.

Бугун яхши ният билан йўлга чиққан ҳаракатимизга ифтиро  қилаётганлар, бизнинг ҳаракатимизни ҳақорат қилаётганларнинг  ҳаммаси унда ўз АКС тасвирларини кўрмоқда. Агар шундай бўлмаганда эди, муфтарийлар бизга ҳаракатни “ўзини кўрсатиш учун” қурди, демаган бўларди. Ҳолбуки, Оллоҳга шукрлар бўлсин, У бизни ўзимизни кўрсатишга ҳеч муҳтож этмади…”

4.

Муҳаммад Солиҳнинг офисида мен кўрган ёшларнинг кўзларида бир ўт бор эди. Бир ўтки – Ватандан мажбуран узоқлаштирилган ва муҳожирликнинг аччиқ қисматига маҳкум этилган одамларнинг кўзларидагина бўладиган қасоскор бир ўт…

Шу билан бирга уларнинг кўзларида яширин бир мунг ҳам бор эди.

Гарчи улар менга илиқ ва эҳтиром билан муомила қилаётган бўлса-да, саволларимга имкон қадар холис жавоб беришаётган бўлишса-да, лекин уларнинг кўзларида қандайдир бир ҳадик бор эди.

Бу албатта тушунарли. Яқингинада  бемалол Тошкентга бориб келган журналистнинг кутилмаганда худди шундай эмин эркинлик билан  ўзбек мухолифати  лидерининг Истанбул қароргоҳига  келиши уларни ажиб  ҳайратларга ошно этгандир.

Хавотирга солгандир.

Ахир Ўзбекистонда ҳақ ҳуқуни тополмай четга кетаётган ёшлар оз мунчами бугун? Улар Ватанда қолган яқинларининг тақдиридан хавотир олишлари табиий.

Лекин Исмат Хушев ҳеч қачон ўз виждонига қарши бора олмаслигини, у ҳеч қачон ўз миллати  келажагини ўйлаб мухолифатга қўшилганларни  сотмаслигини, аниқроғи сота олмаслигини улар билишармикан?

Муҳаммад Солиҳ шуни билгани учун ҳам мени Истанбулга таклиф қилган бўлса, не ажаб!

Қолаверса, ўзбек расмийлари учун бугун бу муҳим эмас. Бугун расмий Тошкент учун Муҳаммад Солиҳнинг иқтисодий аҳволи ва Ғарбдаги молиявий ҳомийлари кимлигини билиш муҳимроқ бўлса керак.

Бу энди уларнинг вазифаси. Журналистнинг вазифаси эса реал вазиятдан келиб чиқиб унга холис ва обьектив баҳо бериш!

Ҳар бир нормал давлат учун нормал ва соғлом мухолифат бўлиши лозимлигини тушунтириш.

Бу мухолифатни таъқиб ва тазйиқ қилиб, четга ҳайдаш – вазиятдан чиқиш йўли эмаслигини,  бу ўз ўзини тупикка тиқиш эканлигини айтиш, бунга ўз муносабатини рўй рост билдиришдан иборат! 

(давоми бор)