O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Исмат Хушев нима дейди?

Исмат Хушев нима дейди?
172 views
08 March 2012 - 12:45

Ёзувчи Исмат Хушевга ва унинг сўнгги вақтларда довруғини оширган “Президент эркатойининг хотиралари” асарига инсонларнинг турли муносабатда эканлигини жамоатчилик яхши билади. Бундай муносабат аслида табиийликдир. Инсонлар бир ёқадан бош чиқариб кимни яхши кўришибди ёки бу тарзда кимни ёмон кўришибдики, Исмат Хушевга бундай муносабатни раво кўришсин…
Хуллас Исмат Хушев, Каримов диктатурасининг мазасини ҳам, жазосини ҳам татиб кўрган ва бошидан ўтган воқеаларни самимият билан ифодалашга уринаётган бир ижодкордир. Бу уни писмиқ, ғийбатчи, айни пайтда даҳо бўлиб кўринишни яхши кўрадиган “ижодкорлардан” ажратиб туради, деб ўйлайман. Чунки инсон учун бир донишманд айтганидек, “қандай бўлса шундай кўрингани, қандай кўринса, шундай бўлгани” афзалдир. Ушбу самиямиятга мен яна бир марта унинг шахсий саҳифасида эълон қилинаётган “Ўзбек матбуотига отилган ўқ” туркум мақолаларининг бешинчи бўлимида яна бир марта гувоҳ бўлдим.
Биз мухолифат сифатида Каримов диктатурасини тинмай танқид қилиб келаяпмиз. Баъзилар шунинг учун ҳам мухолифатга танқидбозлар унвонини бергандир. Аммо “Ўзбек матбуотига отилган ўқ” мухолифатдаги бирор партия ёки ҳаракатда аъзо бўлмаган, аксинча баъзиларнинг фикрига кўра ҳали ҳозирда диктатор Каримовнинг афу этишидан умидвор бўлиб юрган ёзувчининг фикрларидир. Ажибки, бу фикрлар Ўзбекистондаги сўз ва фикр эркинлиги фожеасини танқид қилишда кўпгина мухолифларни ортда қолдириб кетгани ҳам бир ҳақиқатдир. Жумладан, Исмат Хушев мақоласида шундай дейди:
“Аслида матбуот фожеасида матбуот қаҳатчилиги бош сабабчи эмас. “Халқим нима бўлса бўларверсин, менинг бола-чақам бор…” деб ўз тинчини ўйлаб юрган муҳаррирларнинг ҳам айби бу! Биринчи навбатда муҳаррирлар айбдор. Иккинчи навбатда уларни топиб, тарбиялаб, тавсия қилганлар ҳам баб-баравар жавобгар. Бундай ноёб нусхаларни топиш ҳам осон эмас, ахир…! (www.dunyouzbeklari.com/2012/03/06/ўзбек-матбуотига-отилган-ўқ-7/#more-2221)
Менимча бу ерда зулм поғоналари очиқ-ойдин кўрсатилган. Яъни, Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигини оёқ ости қилаётганлар оммавий ахборот воситаларининг раҳбарлари ва “бундай ноёб нусхаларни” излаб топаётган давлат ва ҳукумат раҳбарларидир. “Цензура” тепадан пастга қараб қора юзини кўрсатаётган экан, мана шу қора юзга “оппоқ”, дейдиган муҳаррирлар, телевиние ва радио бошлиқлари, журналистлар ва ёзувчиларнинг юзлари ҳам вақт ўтиши билан “қоп-қора” бўлиб кетаётганини таъкидлайди, Исмат Хушев.
Хуллас, Ислом Каримов режимининг диктатура эканлигини унинг мухолифлари ҳам, яқинлари ҳам, ичкаридагилар ҳам, ташқаридагилар ҳам эътироф қилиб бўлишди. Фақат бутун эътирофлар амал билан тасдиқлангандагина ҳақиқий эътироф ҳисобланади. Демак, диктатуранинг таниганларнинг унга қарши озми кўпми ҳаракат қилишлари улар учун бир масъулият ҳисобланади. Бунинг учун мухолифатга аъзо бўлиш ҳам, бўлмаслик ҳам мумкин. Мухолифатга аъзо бўлганлар куч бирлиги тарафида бўлганлардир. Ҳозирча бундай аъзоликдан у ёки бу сабаб билан узоқ туриб, диктатурага қарши нималардир қилишга уринаётганларга ҳам Аллоҳ ёрдамчи бўлсин, деймиз…

Намоз Нормўмин, 8 март 2012 йил