Истанбул ташқаридан қараганда этник ва маданий жиҳатдан космополит бир шаҳар бўлиб кўринади ва бу хусусиятни шаҳарга ҳар куни оқиб келаётган туристлар янада бўрттириб кўрсатади.
Айниқса, Истанбулнинг савдо марказлари жойлашган кўча ва тор сўқоқлари сизга қадимги Бобилни эслатади. Бу ерда турли либосларга бурканган оломон тўлқин-тўлқин оқар экан, қулоғингизга чалинган узуқ-юлуқ ибора ва бақириқ-чақириқлар ҳам худди либослар каби ранг-баранг эканлигини сезасиз. Бу шовқин-сурон яна радио, магнитофон ва ёки телевизор сотувчилар тарафидан реклама қилинаётган янги қўшиқлар билан аралашиб, бир дев бастакор чалаётган абстракт мусиқа мисол Истанбул узра юксалади. Гўё бу шовқин-суронни тўхтатадиган куч йўқдай, гўё инсонларнинг дунё неъматларига бўлган ҳирс ва эҳтиросидан бошқа ҳеч нарса йўқдай, гўё бутун дунё тижорат билан машғул, ҳар нарсани сотиб олиш мумкин ва ҳар нарсани сотиш мумкин, пул бўлса, бас. «Пул бўлса, бас» деган ҳайқириқ бу оломоннинг шиоридир гўё.
Лекин бирдан, кутилмаганда, дафъатан бу ҳирс дунёсининг шовқин-сурони таққа тўхтайди. Тўхтайди эмас, шартта кесилади. Чунки Истанбулнинг юксак манзараларидан азон саси эшитилади.
Азон юксалар экан, бир-бирига бақираётган одамлар дарров жим бўладилар, дўконлардан чиқаётган музика ва қўшиқ садолари дарров ўчади, ҳатто Истиқлол жаддасидан (Истиқлол жаддаси – Истанбулнинг марказидаги энг гавжум кўча) «ғийқиллаб» бораётган антиқа трамвай ҳам ғийқиллашдан тўхтаб, рельсларда дамини ичига ютиб кета бошлайди ёки шундай кетаётгандай туюлади. Азон бошландими, бу бир неча сонияга жимиган Истанбулда бир сассиз талош бошланади.
Хусусан, сиз мусулмон бўлсангиз, хусусан кун жума куни бўлса, азон янграй бошлаган пайтда сиз атрофга олазарак боқиб, энг яқин жомеъ ёки масжидни ахтара бошлайсиз. Истанбулда жомеълар шундай кўпки, азонни эшитган пайтдаёқ чопсангиз, муҳаққақ бирор жомеъга етиб борасиз. Истанбулда жомеълар шу қадар етарлики, сиз жума намозига «етиб келолмадим, кечикдим», деб баҳона тополмайсиз. Жума намозига азон бошланар экан, кўчаларда, сўқоқларда югураётган одамларни кўрасиз. Улар жуда зарур ишларини ташлаб, ҳисоб-китобларини тўхтатиб, фойда-зарарини четга суриб, намозга шошаётган одамлардир. Улар бир неча дақиқага ўз ҳирсидан, ўз нафсониятидан воз кечишга куч топа олган қаҳрамонлардир. Улар бир неча сония, жуда оз муддатга бўлса ҳам, ғийбатдан, фисқу фасоддан, ёлғондан ва туҳматдан узоқ бўлишга қарор қилган қарорли инсонлардир. Азонни эшитиб чопаётган бу инсонлар қўрққан инсонлардир. Бойлигини йўқотишдан қўрққанлар эмас, ўз душманидан қўрққанлар эмас, кўчадаги итдан ёки қароқчидан қўрққанлар эмас, ғанимларининг туҳматидан қўрққанлар эмас, бу чопаётган инсонлар Оллоҳдан, ёлғиз Оллоҳдан қўрққан инсонлардир. Бу чопаётган инсонлар ҳақиқий қуллардир. Ўз бойлигининг қули эмас, ўз ҳирсининг, ўз нафсининг қули эмас, бу чопаётганлар Оллоҳнинг, ёлғиз Оллоҳнинг қулларидир.
Улар чопар экан, уларга эргашинг. Қадамингизни бироз тезлаштиринг, бу чопаётганларга етишишга, иложи борича етишишга ҳаракат қилинг.
(Март, 1997)
(53)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (161-162-саҳифалар)