O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Истанбулда “Эркин Ўзбекистон Дўстлари” жамияти ифтор берди

“Эркин Ўзбекистон Дўстлари” Жамияти 5 август якшанба куни Истанбулда Рамазон ифтори зиёфати берди. Кечада Туркиялик, Ўзбекистонлик, Шарқий Туркистонлик мусулмон биродарлар ва опа-сингиллар қатнашди. Йиғилганларга Туркия Жумҳуриятнинг Президенти Абдуллоҳ Гулнинг қутлов мактуби ўқиб эшиттирилди

Истанбулда “Эркин Ўзбекистон Дўстлари” жамияти ифтор берди
342 views
07 August 2012 - 10:34

Шу йилнинг апрель ойида Туркияда ташкил этилган “Эркин Ўзбекистон Дўстлари” Жамияти 5 август якшанба куни Истанбулнинг энг кўҳна маконларидан бири Жагалўғлуда Рамазон ифтори зиёфати берди. Кечада Туркиялик, Ўзбекистонлик, Шарқий Туркистонлик мусулмон биродарлар ва опа-сингиллар қатнашди.

Ифтор зиёфати Қуръони Карим тиловати билан бошланди. Шом намозининг азони ўқилиши билан меҳмонларга турк ва ўзбек тоамлари, шу жумладан ўзбек палови ҳам икром қилинди.

Йиғилганларга Туркия Жумҳуриятнинг Президенти Абдуллоҳ Гулнинг қутлов мактуби ўқиб эшиттирилди. Шундан кейин, Ўзбекистондаги ҳозирги ижтимоий-сиёсий аҳволни ёритувчи қисқа ҳужжатли фильм кўрсатилди.

Шом намози ўқилгандан кейин, ифтор ташкилотчилари қисқа маърузалар қилдилар. Эркин Ўзбекистон Дўстлари Жамияти раҳбарларидан Доктор Олимжон Туркистоннинг тарихи ҳақида, ЎХҲ Муассислар Мажлисининг аъзоси Доктор Намоз Нормўмин Онадўли ва Ўрта Осиё халқларининг дўстлиги ҳақида, “Ўзбеклар Бирлиги Жамиятининг” Раиси Проф. Алибой Йўляхши Рамазон ойининг фазилати ҳақида, Туркиянинг машҳур ёзувчиларидан Абдурраҳмон Дилипок мусулмон дунёсининг бугунги муаммолари ҳақида сўзладилар.

Ифторда жами 150 яқин меҳмон қатнашди. Улар орасида ўзбек мухолифатининг лидери Муҳаммад Солиҳ жаноблари ҳам бор эди.

ЎХҲ Матбуот бўлими