O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Итни маст қилган ароқхўр ҳикояси

Итни маст қилган ароқхўр ҳикояси
16 views
22 April 2014 - 7:26

SONY DSC

Ушбу ибратли воқеани менга Тошкентда истиқомат қилувчи бир дўстим гапириб берди. Ўзбекистон пойтахтида шу йилнинг апрель ойида бўлиб ўтган бу ҳодиса Аллоҳ ҳаром қилган хамрдан ҳатто кўппаклар ҳам ҳазар қилишига яна бир далилдир.

“Қўшнимиз Зайниддинхўжа – хўжалар авлодидан. Ўзини оқсуяк ўзбеклардан ҳисоблайди. Милицияда ишлайди. Қўни-қўшнилар билан гаплашиб қолса, қаерда қанча ароқ ичганию қандай гўзал фоҳишалар билан дам олганини ёки ошларнинг “дода”сию бошқа овқатларнинг “қичу”ғини еганини мақтанади. Зайниддин милисанинг кеча мақтаниб гапириб берган воқеаси аввалгиларидан ўтиб тушди.

 Зайниддинхўжанинг айтишича, пайшанба куни у оғайнилари билан “гап”га борган ва шу ерда “сабзилари маййййда қилиб тўғралган, гуручлари таракандай таракандай котта бўп кетган “дода” ош”дан олган. Ва, табиийки, российский ароқдан ҳам роса ичган. “Қоттиб” қоган Зайниддинхўжани уйига тунда зўрға етаклаб олиб келишган.

 Ҳовлига кириши билан Зайниддинхўжа йўлак бошидаги супага ўзини ташлаб, уйқуга кетган. Тунда қусган. “Чойхона ош ва российский ароқ ошқозонимда ўзаро келишаомаган-де, ўшанга қусибман”, – дея мақтанди эртасига Зайниддинхўжа қўни-қўшнига.

 Зайниддинхўжа гапириб берган тафсилотларнинг энг қизиғи эса унинг Боря лақабли овчарка ити билан боғлиқ. Зайниддин милисанинг айтишича, ўша вафодор Боря тунда эгаси қусган овқатни еган. “Эрталаб уйғонсам-чи, эй, Боря ман қусган ошни еб, ёнимда маст бўп қотиб қопди. Боря ман юз қўлимни ювиб, уйғонганимдан икки соатдан кейин ўзига келди. Уйғониб юрмоқчи эди, лекин-чи эпломади. Кайпда эди-де!” дея қаҳқаҳа отди Зайни милиса.

 Жума куни Зайниддинхўжа ишига бориб, уйга келди. Келасолиб, итини эркаламоқчи эди, лекин Боря унинг эркалашларини қабул қилмади, эгасига ғириллади. “Падаринга лаънат ит жумадан бери мени ёнига яқинлатмаяпти. Чақирсам, тишлагудей бўлиб ташланвотти”, деди Зайниддин милиса. Унинг айтишича, ит уйдаги барчага аввалгидек яхши муносабатда, фақатгина уни маст қилган хўжайинига тўнини тескари қилиб олган эмиш. “Кўрдилами, итладаям вафо қомади. Қандай замонларга қолдик-а?!”, деб қўйди Зайниддинхўжа фаҳрланиш учун айтган ҳикоясининг сўнггида”.

Ушбу воқеани эшитгач, мени бошқа нарса ўйлантириб қўйди: итлар ҳам Аллоҳ ҳаром қилган хамрдан ҳазар қилишар экан. Одам ато фарзандларига ҳайвонлар ичидан энг биринчи бўлиб дўст бўлган ва шу бугунгача эгаларига вафодорлиги билан ажралиб турадиган кўппак унга ароқ ичирган эгасини ҳам кечирмас экан.

Итнинг эгаси-чи? Зайниддин милисага ўхшаган кимсаларнинг керагидан ортиқча овақатлангани, фуҳуш ишлар билан шуғғулангани ва ароқ ичгани билан мақтанишлари менга: “Қиёмат яқин қолганда кофирлар қилган ҳаром ишлари билан фаҳрланишади, мўминлар эса мўминлигидан ҳижолат бўлишади”, деган башоратни эслатди.

Ароқдан ва ароқхўр эгасидан нафратланган кўппакнинг ўзгариб қолишида ўзини эмас, кўппагини ва замонни айблайдиган Зайни милисанинг жирканч ишлари Қуръони Каримнинг: “Замонни айбламанглар!” маъносидаги оятини эсимга туширди.

Саид АСКАР