O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ифлос бўлган ташкилот

Ифлос бўлган ташкилот
159 views
26 February 2018 - 12:19

ИФЛОС БЎЛГАН ТАШКИЛОТ

“Ифлос” сўзини ўқиб бир сакраб тушманглар. Уни “банкрот” маъносида қўлладим. Араблар, турклар “банкрот”ни “ифлос” сўзи билан ифодалашади. Банкрот бўлган ташкилот “муфлис” дейилади.

“Ифлос” сўзи бизда ҳам фаол қўлланади, тоза ўзбекчалашиб кетган. Ажнабий “банкрот” сўзи ўрнига юрагимизга яқин шу “ифлос” сўзини ишлатсак, маъно биттага кўпайиб, тилимиз ҳам биттага тозаланиб олган бўларди.

Гап Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳақида.

Ўтган йил охирларида президентимиз Шавкат Мирзиёев диний йўналишда қамалганларнинг кўпи ҳақсиз ҳукм этилганини, уларга нисбатан адолатсизлик қилинганини, натижада кўплар давлатдан аламзада бўлиб қолганини айтди.

“Бунга ким айбдор?! – деб қаттиқ савол қўйди. Сўнг ўзи жавоб берди: – Давлат!”

Тўғриси, давлат ва ҳукумат номидан диний сиёсатни юритган Қўмита ўша куниёқ бутун жамоаси билан истеъфо беришини кутдим. Чунки у Президент баҳосидан кейин маънан ифлос (банкрот) бўлган эди. Демократик жамиятларда агар давлат бошлиғи бирон соҳа ишига бундай оғир баҳо берса, ўша соҳа мутасаддилари вазифасини дарҳол топширади.

Бизда бундай бўлмади. Истеъфо учун ҳам сиёсий онг, мардлик керак. Диний қўмитага булар етишмади. Диний қўмита ташаббуси билан тузилган “қора рўйхат”ларни давлат бекор қилди, диний сабаб билан қамалганларни ҳақсиз қамалган деб эътироф этди, бу дегани Диний қўмитанинг чорак асрлик фаолиятига салбий баҳо берди деганидир. Бу дегани у ифлос бўлди деганидир. Аммо бу баҳолар Диний қўмитага чивин чаққанчалик таъсир этмади. Аксинча, худди ҳеч нарса бўлмагандай, Президент диний соҳада бошлатган янгича сиёсатга ҳам эга чиқа бошлади.

Хўп, истеъфо беришга мардлик етишмабди, ҳеч йўқ тавба қилса-чи! На у, на бу бўлди. Учинчи йўл танланди – бир думалаб тусини ўзгартириб олди.

Хўш, халқ тилида “Диний қўмита” деб аталадиган бу ташкилот ўзи қанақа ташкилот?

Давлат дунёвий эканини, мусулмон юртимизда оз бўлса-да бошқа динлар вакиллари ҳам яшашини, Асосий Қонунга кўра дин давлатдан, давлат диндан ажратилганини ва яна бир қатор омилларни ҳисобга олсак, бундай бир ташкилот жуда керак ва аҳамиятлидир. Юрт тинчлигини, динлар ва йўналишлараро тотувликни таъминлашда давлат ҳам, халқ ҳам бундай бир ташкилотга эҳтиёж сезади.

Тузилишдан мақсади ва бўйнидаги вазифаси давлат билан диндорлар ўртасида воситачилик (яъни, диндорларнинг муаммолари, дардлари ва талаб-истакларини давлатга, давлатнинг сиёсатини диндорларга етказиш)дир. Аммо бу ташкилот Асосий Қонуннинг дин ва давлат бир-бири ишига қоришмаслиги тўғрисидаги энг бош қоидасини бузароқ, давлатнинг мартабаси ва кучи (МХХ, Ички ишлар, ҳуқуқ тизими)дан фойдаланган ҳолда зуғум ташкилотига айланди. Давлат манфаатларини ҳимоя этаман деб диндорлар ҳуқуқини поймол қилди.

Ўн беш-йигирма киши хоҳиш-иродаси билан диннинг майда-чуйда ички ишларигача аралашди, ўз ҳолича яшашига қўймади; диний ҳукмлар ва йўл-йўриқларни истаганича ўзгартирди, истаганича бекор қилди, истаганича янгиликлар киритди (қўлимда етарлича далил-ҳужжат бор). Дин талабларига сиёсат талабларини, эътиқод талабларига ҳавойи нафс талабларини аралаштириб-қуралаштириб, халқ тили билан айтганда, ҳаммасини бўтқа қилиб ташлади. Ўртада на тоза дин қолди, на тоза сиёсат.

Асосий Қонун ва бошқа қонунларга боқсангиз, улар бошқа нарса дейди, давлат номидан иш кўрадиганлар бошқа иш қилиб ётибди. Асосий Қонун ва бошқа қонунлар Диний қўмитага асло: “Дин ишларига аралаш! Диндорларга кун берма! Ҳар ким ўз динига эмин-эркин амал қилишига йўл қўйма!” демайди, аксинча: “Қара! Ўз соҳангда адолат қил! Белгиланган чизиқдан чиқма! Вазифангни қонун доирасида самимий адо эт!” дейди. Соҳасида билимсиз, ишига нўноқ, давлат манфаати деганда ўз нафсини ўйлайдиган одамлар ҳамиша давлатни бебурд қилади.

СССР даврида Министрлар совети ҳузурида Дин ишлари бўйича кенгаш (“Совет по делам религии” ‒ бугунги “Дин ишлари бўйича қўмита”нинг отаси) бўларди. Диний доираларда қисқача қилиб “Кенгашма” дейишарди. Худосизликка асосланган мафкура замонида бу “Кенгашма” вазифаси нима бўлган, нима ишлар қилган ва қандай қилганини эски одамлар жуда яхши билади, тафсилотини ёзиб ўтирмаймиз. Қисқача айтганда, совет давлати бу “Кенгашма” орқали динни тўрт буклаб тагига босиб олган, ўзининг сиёсатига хизмат эттириш юзасидангина сал-пал қимирлаб туришига, ўлиб қолмагудай миқдорда нафас олишига “ижозат” берган эди.

Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин шу “Кенгашма”нинг вориси (боласи) ўлароқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Дин ишлари бўйича қўмита тузилди. Номланиши бир оз бошқачалигини демаганда, афсус, вазифаси (динларни назорат қилиш), иш услуби (зуғум) ва амали (динларни ўз йўриғига юрғизиш) ўша-ўшалигича қолди.

Худосиз Коммунистик партия ҳукмронлиги давридан бир мисол. Мисол эмас, аҳмоқлик (абсурд)! Ақлга сиғмайди! Истанг, кулинг, истанг, йиғланг!

Совет Иттифоқи Коммунистик партиясининг бир Пленумида “Диний сарқитларга қарши кураш” масаласи кўрилади ва тегишли қарорлар қабул қилинади. Ўша замонги анъанага кўра, Компартиянинг ҳар бир съезди ва Пленумидан орқасидан бутун мамлакат бўйлаб “Пленум қарорлари ҳаётга!” шиори остида йиғилишлар ўтказилар, олиб борилаётган одилона-оқилона сиёсатни қўллаб-қувватланар, турли-туман иш режалари ишлаб чиқилар эди. Жумладан, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний бошқармаси (бугунги ЎМИ у даврда шундай аталарди) ҳам махсус Уламолар кенгашини ўтказади! Очиқ ифодаларда бўлмаса-да, айланма йўллар билан Пленум қарорлари қўллаб-қувватланади! “Йўқ, биз бундай йиғилиш ўтказа олмаймиз! Ўзимиз ўзимизга қарши чиқамизми?!” демайди. Ҳатто: “Илтимос, инсоф қилинглар, шу масалада бизни тинч қўйинглар, ахир, диний ташкилот деган номимиз бор, уят бўлади” ҳам дея олмайди! (Ҳужжат ЎМИ архивида.)

Диний ташкилот динга қарши қарорларга қўл кўтариб турса!

Афсус, бу каби масхарабозлик мустақилликдан кейин ҳам давом этди.

Бир йили Диний Қўмита ташаббуси билан Ўзбекистон Мусулмонлари идорасида кенгайтирилган Уламолар кенгаши тўпланди. Давлат маслаҳатчиси ва ходимлари, Диний қўмита раиси ва ходимлари ҳам қатнашган йиғилиш пешиндан кейин бошланди. Ҳар йиғилишда минг бора такрорланадиган қуруқ гаплар билан роса чўзилди. Аср намози вақти ўтяпти, шом вақти киряпти, тугай демади. Аср намозининг аҳамияти ҳақидаги ҳадисни “меҳмонлар” билмаган тақдирда ҳам Диний идора ходимлари жуда яхши билади-ку! Лекин на муфти, на уламо, на фузало, на имом-домлалар – ҳеч ким ғинг дея олмади. Чунки минбарда кимсан Давлат маслаҳатчиси гапираётган эди! Унинг сўзини бўлиб бўладими?! Одобдан эмас! Намоз? Э, намоздан кўпи борми, биттаси куйса куйибди-да!

“Ҳасти Имом” мачити имоми раҳматли Каримуллоҳ домладан Оллоҳ рози бўлсин, охиратини обод қилсин, битта шу одам чидамади. Бир чеккада ўтирган экан, шартта ўрнидан туриб: “Аср вақти ўтяпти, намозимизни ўқиб олайлик, мусулмонлар!” деб ҳайқириб юборди.

Маслаҳатчи минбарда бўзарди, сўнгра зўраки кулди. Хижолатли ҳолдан ўзича ҳазил билан қутулмоқчи бўлди: “Энг катта уламо – муфти ҳазрат шу ерда ўтирибдилар, ҳаммаларинг олимсизлар, шу бир вақт намозни бекор қилишга фатво бера олмайсизларми?” деди. Ҳазили ўхшовсиз чиқди. Лекин, ҳартугул, нутқини тўхтатди. Уламо-фузало намозни эслади…

Каримуллоҳ домла индамаганида нима бўларди?!

Зуғумли бошқарув натижасида, мана, қандай аҳволга тушганмиз!

Кейинги ўн йиллардан бери Уламолар кенгаши йиғилишлари деярли ҳаммаси Президент девони ё Диний қўмитадан тушган топшириққа кўра, “турли диний оқимлар, ақидапарастлик ва сохта тариқатларга қарши кураш” мавзуларида ўтадиган бўлиб қолди, биронтасида динга чақириқ масалалари, даъват йўл-йўриқларини такомиллаштириш, аҳоли орасида Ислом динини ёйиш каби эзгу ишлар муҳокама этилмади. Жуда нари борса, кун тартибида мачитларда тозаликни сақлаш, тўй-маъракаларни тартибга солиш, диний муассасалар орасида футбол мусобақалари ташкил этиш каби муаммолар бўларди. (Ишонмаганлар архив ҳужжатларини кўтариб кўрсин!)

Мажбурий ижро учун 2010 – 2013 йиллар оралиғида Диний қўмита ишлаб чиққан Дастурлардан кўчирмалар:

1. “жойларда… фарзандларини кўр-кўрона тарзда (!) диний турмуш кечиришга (!) мажбур қилаётган фуқаролар билан профилактик суҳбатлар уюштириш”.

2. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши (Б. Ғаниев) ҳаракат етакчиларида ДЭО (“диний экстремистик оқим” – Н.М.Р.)ларга нисбатан қарши қатъий, муросасиз муносабат билдира олиш қобилиятини шакллантириш, ёшлар орасида диний-экстремистик гуруҳларнинг фаолиятига ёки “исломлашув” жараёни чуқурлашувига мойиллик билдираётган етакчиларни аниқлаш (!) ҳамда улар билан мутасадди (!) ташкилотлар ҳамкорлигида индивидуал профилактик ишлар(!)ни ташкил этиш…”

3. “Аҳоли ичида «исломийлашув» жараёнлари ўсишининг зарарлари (!)”;

“Ҳарбий қисмларда… исломийлашув жараёнларининг хатарли (!) оқибатлари…”;

“Ёшлар ичида «исломийлашув» жараёнлари кучайишининг олдини олиш…”;

“Аёллар ичида диний мутаассибликнинг олдини олиш…”

4. “Жойларда ақидапараст оқимларнинг жиноий фаолияти ва исломийлашув жараёнларининг хатарли оқибатлари юзасидан семинар, суҳбат ва учрашувлар ўтказиш (йил давомида)…”

5. “Соҳа мутахассислари, таниқли ёзувчи, эстрада хонандалари, актёрлардан иборат тарғибот гуруҳлари билан чегара ҳудудларда ва диний фон юқори бўлган (!) маҳаллаларда ижодий кеча ва огоҳликка даъват шаклидаги тадбирларни ташкил этиш”.

Булар Диний қўмитанинг ишлаш услубига намуналардир. Бу каби нўноқ услуб туфайли кўнглида динини тоза сақлагиси келадиган қатлам орасида норозилик пайдо бўлиши, мухлис мусулмонлар, айниқса ёшлар сиёсат аралашмаган динни истаб қолиши табиий. Нима қилади? Диний қўмитанинг “дини”га юрмайди, албатта. Тоза дин ахтаради! Уни ташқаридан топади! Ҳолбуки, расмий “дин”дан ташқарида қолувчиларни яна-тағин шу Диний қўмита турли “зарарли оқим ва экстремистик унсурлар” деб эълон этган! Ишини эплай олмаган ўзи, диний сиёсатни хато юритган ўзи, диндан динда йўқ ва ҳатто динга қарши нарсаларни талаб қиладиган ўзи, бу ишлари билан турли оқимларни пайдо қилган ўзи, энди кимдир унинг бу хато йўлига юрмаса, унга қарши экспертлик хулоса ёзиб, бўйнига 159- ва 244-моддаларни илиб, узоқ муддатларга қаматиб юбораётган ҳам ўзи!..

Бу иш аҳмоқлик (абсурд) бўлмай нима?!

Президент худди шу аҳмоқликларни назарда тутиб, адолатсизлик, “қора рўйхат”га тиркаш, ҳақсиз қамаш каби айбларни давлат елкасига олишга мажбур бўлди. Шундан кейин ҳам бу Қўмита истеъфо бермади!

Хуллас, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ўзининг нўноқ ва қонунларга тескари ишлари билан давлатнинг обрўйига путур етказди. Давлатни ҳам, динни ҳам норози этди. Халқнинг бир қисмида давлатга қарши алам уйғотди. Шунча қилғилиқдан кейин ҳам, ҳеч нарса бўлмаган-кўрмагандай, эл-юрт дастурхони тўрида, ош-нони устида қолишга тиришиб ётибди.

2018 февралининг 10 – 26-кунлари.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

facebook.com