Юз қизил бўлсин деб ичишар шароб,
Унда юз сарғайиб бўлади хароб.
Саъдий Шерозий.
Маст қилувчи ичимликлар, унинг салбий оқибатлари хусусида кўп гапирилмокда, матбуот сахифаларида турли чиқишлар бўляпти. Лекин афсуслар бўлсин-ки, амалда нафи кам бўляпти.
Яна ул санами бодапаст келибди,
Ушшоқ аҳли сафига шикаст келибди.
Сархуш келиб деди, эй дили ОЗОД,
Девона сен қочгил, қара, маст келди.
Деб ўз замонисининг шоири Озод Қабулий тўғри ёзган экан.
Ичкиликнинг дахшатли домига тушиб қолганлар бу одатларини тарк этолмаяптилар. Бунга уларнинг иродалари, очиғи иймонларининг заифлиги, сустлиги сабабдир. Зеро, Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўзининг хадису шарифларида «Кайф берувчи ҳар қандай нарса шароб хисобланади ва унинг ҳар қандай тури ҳаромдир.», деб марҳамат қилганлар. Яна бир ҳадисларида «Ҳузуримга Жаброил келиб бундай деди: «Эй Муҳаммад, Аллох таоло шаробни, уни сиққанни ва сиқтирганни, ичирганни ва ташиганни ва унга ёрдам берганни, сотганни ва сотиб олганни, ичувчига берганни, ичкилик сотиладиган ва тарқатиладиган ерларни (майхона ва шу кабилар) лаънат этди.» деб ичкиликнинг ёмон ва зарарли эканини билдирганлар.
Камолиддин Биноийнинг фикрича ;
Оқил чўзмас қўлни май-у ароққа,
Тушмай деса охир майдан тузоққа.
Бода чун ақлни қилганда зойил,
Киши ёмонликка бўлади мойил!
Доноликдан кетар нодонлик тамон,
Фарқ қилмас нарсани яхшими-ёмон!?
Бода чун мияга шира тортади
Шуъла ўчиб, чироқ хийра тортади!
Миянинг софлиги аста бузилар,
Чироқнинг шуъласи нурдан узилар,
Мия сари агар мастлик топса йўл,
Хароба бўлади бамисоли чўл!
Бода жой олганда хар бир калладан,
Ақл ўз-ўзидан кетар салладан!
Донишмандлар: «Ичкилик ҳар қанча оздан бошласин, инсонни мутлақо бир кун ароқхўр ҳолига келтиради», дейишган. Дарҳақиқат, ҳамма нарса ана шу оз-оздан бошланади. Баъзи одамлар афсуски, «озгинаси зарар бермайди, қувватлантиради, иштаҳани очади», деб бу дардга мубтало бўлганлар. Натижада организм бу «озгина» ичкиликка ўрганади. Кўпайтира-кўпайтира ниҳоят қип-қизил ичувчи холига келади, разил бўлади. Бундан ота-она, бола-чақа, ёру-дўстлар, қўни-қўшни зарар кўриши табиий. Шубҳасиз, ҳар қанча ёмонлик бўлса, бунинг илдизи ичкиликдир. Ичкиликка ружуъ қўйдингми, орқасидан фалокат кут. Охири ё қамоқ, ё қабр…
Ғаббоб бин Арат (разийаллоху анху) Расуллуллох (с.а.в.)дан бундай нақл этади:
«Ичкилик ичишдан сақланинг. Чунки ичкиликнинг ёмонлиги бошқа ёмонликларга манбаа бўлади. Худди токнинг бошқа дарахтлар устига чиқиб, чирмашиб олганидек.»
Машхур инглиз адиби Жек Лондон:-Ичкиликбозлик-ваҳшийлик оқибати бўлиб, қадим ва ёввойи ўтмишдан бошлаб инсониятни ғиппа бўғиб келмоқда, одомзоднинг энг яхши намоёндаларининг ёшлигини ғажиб, кучини совуриб, қувватини сўриб, халокатга учратиб, турли балоларга гирифтор қилмоқда”,- деб бир ярим аср олдин айтиб кетган эди. Шундай экан ичкилик ичиш инсониятга, гарчи у хурсанлик учун ичилса хам шодликдан кўра кўпроқ мусибат келтиради. Қанчадан-қанча истеъдодли ва забардаст одамлар ичкилик туфайли набуд бўлдилар ва бўлмоқдалар.
Абул Фарож фикрича “-майниниг айтишича, ичган одам тўрт сифатга эга бўларкан. Дастлаб у:
1)товусга айланиб–ўзини ўзи кўз-кўз қиларкан, харакатлари равон ва улуғворлик касб этаркан. Кейин:
2)маймун қиёфасига кириб, хамма билан хазиллишиб, майнавозликка ўта бошларкан. Ундан сўнг эса:
3) шерга ўхшаб ўзига бино қўяркан, мағрурлиги тутиб кучига ишониб кетаркан. Лекин охирида
4) Чўчқага айланиб, чўчқа сингари ахлатга ағанаб ётиркан.”
Шундай экан, менинг фикримча ичкиликка муккасидан кетган одам номус, урф-одат ва мулозаматларга ёмон муносабатда бўлади, маънавий тўқнашувларга, ўз оиласининг хонавайрон бўлишига, қўни-қўшниларининг нафратига бефарқ қарайди, у раҳмсиз, эгоист (худбин) ва сурбетга айланади.
Демак, ичкиликнинг турган-битгани зарарли экан. Сизу бизда имон ва ирода бор. Келинг шу зарарли одатдан воз кечайлик.
Мурожат учун телефон: +998-91-611-0-611 Электрон почтамиз:abduqodir sattarov<malham53@gmail.com>
Абдуқодир Сатторов Нурмухаммад ўғли