ИШИД қандай пайдо бўлди, қандай қилиб бунчалик кучайди?
ИШИД қандай қилиб катта миқдордаги маблағга эга бўлди, бу маблағларнинг манбаи қаерда?
ИШИД орқасида турган кучларга оид бирон маълумот борми?
Ушбу саволларга Анқара Университети Сиёсий билимлар факультети Халқаро алоқалар бўлими профессори Илҳон Узгел interhaber.com нашрига берган интервьюсида жавоб берди.
ИШИД масаласининг ортида ўнлаб саволлар бор
ИШИДнинг бирданига пайдо бўлиб қолиши ва кучайиб бориши ушбу ҳодисанинг энг қоронғу қисмини ташкил қилади. 10 йил олдин Ироқда ташкил топган ҳамда Сурия ва Ироқда жанг қилаётган бутун жангари гуруҳлар ичида ҳеч бир иттифоқчиси ёки дўсти бўлмаган бу гуруҳнинг қисқа муддат ичида ақл бовар қилмас даражада кучайиши ва минтақа давлатларига тегишли каттагина ҳудудларни ишғол қилиши бир қатор шубҳаларни юзага келтиради. Бу жўғрофияда ҳеч қандай гуруҳ, айниқса бу қадар шавқатсиз усулларни қўллайдиган бир жангари гуруҳнинг орқасида қандайдир давлат дастаги бўлмасдан ҳаётда қолиш имкони йўқдир. Шу сабабли ИШИД гуруҳи ортида ҳам давлат дастаги турганига шубҳа йўқ. Бироқ бу билан боғлиқ қўлимизда етарли далил йўқ. Кимлардир бу давлатнинг Саудия Арабистони эканини таъкидлашади, аммо эсдан чиқармаслик лозимки, ўртада жўғрофий жиҳатдан узоқ бир масофа бор. Кимлардир бу гуруҳ ортида Туркиянинг турганини тахмин қилишади. Бироқ, Туркиянинг ошкора қўллаб-қувватлаётгани Озод Сурия Армияси (ОСА) бор. Туркия дипломатик, иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан ОСАнинг ортида эди. Ҳатто АҚШ каби ғарб давлатлари ҳам ўз вақтида ОСАга анчагина кўмак беришган. Шу туфайли ҳам ИШИД масаласининг ортида ўнлаб саволлар бор.
Бу гуруҳнинг даромади қаердан, бунчалик нефтни кимга сотмоқда?
ИШИД нефт соҳасини ўз назоратига олган ва нефт сотмоқда. Атрофидаги ҳар бир гуруҳ ва ҳар давлат билан уруш ҳолатида бўлган бу гуруҳ нефтни кимга сотмоқда? Америкалик манбалар жангарилар гуруҳининг ушбу соҳадан 40-50 млн. доллар соф даромад олаётганидан хабар беради. Бу нарса эса жуда ноаниқ. Туркия буни кескин рад қилади. Асадга сотишмоқдами ёки қурдларга ёҳуд Боғдодгами? Бу эса ИШИДнинг кучайиши ортидаги мавҳумликни янада оширади.
ИШИД орқасида турган кучларга оид бирон маълумот борми?
Ҳозирча бу ҳақда бирон нарса дейиш қийин. ИШИДнинг ортида стратегик бир ақл бор ва бу ақлни очиқлайдиган маълумот эса мавжуд эмас. Бу борада фақат спекулятив таҳлилларни амалга ошириш мумкин. ИШИД ўз ҳаракатлари билан Ғарбнинг манфаатларига ҳеч қандай зарар бермайди, акс ҳолда ўзи зарбага учрайди. Масалан, ИШИД Мосул тўғонини ўз назоратига олишга уруниб кўрди. Дарҳол ИШИДга қарши кескин чоралар қўлланди ва тўғон қайтиб олинди. Бир сўз билан айтганда стратегик жойларни назоратига олишларига йўл қўйилмаяпти. Қурдларга, Езидийларга, Христианларга тегинмаслиги айтилмоқда. Туркия консуллигининг эгаллаб олинишига кўз юмулмоқда. Баъзан қурдлар билан жанга киради, бироқ қандайдир чегара доирасидан чиқа олмайди. Бироқ Ироқ ичкарисига қараб кириб бормоқда. Шиалар билан жанг қилишига эса деярли тўсиқ йўқ. Асад билан эса баъзан жанг қилади, баъзан қилмайди. ИШИД бунчалик кучли бўлса Мосулни олишга сарфлаган кучини нега Асадни ағдаришга сарфламайди. Асадга қарши курашиш ўрнига Сурияда Асадга қарши курашаётган бошқа кучларга қарши жанг қилишни бошлади. Агар Ўрта Шарқда беқарорлик ва мусулмонлар орасида қуролли низоларнинг давомли содир бўлиши исталадиган бўлса, ИШИДнинг мавжудлигидан қандайдир маъно бор. Обама тарафидан эълон қилинган ИШИДга қарши кураш ҳам йиллар давомида ушбу ҳудудларда урушнинг давом этишини таъминлайди.
ЎХҲ ахборот бўлими