O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ишчилар, уйғон!

Ишчилар, уйғон!
523 views
16 April 2013 - 14:57

310000001Ўзбекистон Республикаси мана йигирма йилдан ошдики, мустақил бир давлат. Истиқлолнинг илк йилларида мустақиллик қон тўкишларсиз қўлга киритилгани билан фахрланишлар бўларди – эл билан ҳукумат бир! Бунга кўпчилик ишонди ўшанда, аммо бу бирликнинг шунчаки сароб эканлиги тезда ойдинлашди. Айниқса сиёсий мухолифат вакилларининг қувилишидан сўнг, тағин диний жамояларнинг халқ душмани сифат қатағон қилинишлари…

Буларнинг ҳамма Республикада олиб борилаётган қатағон сиёсатининг оқибатлари эди ва ҳукуматнинг бу сиёсатига қарши айтарлик фаолият олиб борилмади ҳам. Ҳозирда ҳам қатағонларга қаршилик йўқ ва у давом этмоқда. Негадир биз ўзбеклар ҳар қандай шароитга ҳам рози бўлиб кетаверадиган миллатмиз. Иш бўлмаса Россия, Қозоғистон, керак бўлса Антарктидага ҳам кетаверамиз. Аммо ҳукумат режимига норози бўлганимиз ҳолда. Бу норозилигимизни ҳам айта олмаймиз.

Ўзбек халқининг бирлашуви миллатни ёруғ келажакка олиб чиқа олади ва бунда ёшлар айниқса фаоллик кўрсатишлари лозимдир. Ўзбек ёшлари – Ўзбекистон келажагидир!

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати (ЎХҲ) мамлакат зиёлиларига, ишчилари, деҳқонларига суянади ва сизнинг бу ҳаракат атрофида бирлашишингиз билан Ватандаги диктатура режимига қаршилик кучи ҳам ортиб боради. Ўзбекистонда советлар даври шаклланиб бораркан, шоир ва драматург бўлган Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий “Ишчилар, уйғон!” деб номланган шеър битганди ва уни ҳар биримиз, қисман бўлса ёддан биламиз.

Неча асрлар ухладинг ётиб,
Кумушдай танинг балчиққа ботиб,
Бир парча куйган қора нон учун,
Ёшлик чоғингдан ўз кучинг сотиб.
Ишчилар, уйғон, уйғон, уйғон,
Сенга ишлашга етишди замон!

Бу мисраларни ўтмишда ёд олганмиз, лекин бугун бу шеър биз учун янгилик эмас! Совет даври ҳам ўтмишга айланганига 23 йилдан ошди ва Ҳамзанинг ўтган аср бошларида ёзган бу шеъри ҳозир ҳам биз учун муҳим ва ўз ўрни бор! Ишчилар, уйғонинг!

Ўзбекистонда “ишчи” дейиларкан, одатда ҳар қандай бўлсин ҳуқуқлардан маҳрум ҳолда қолаётган, қандайдир бошлиқларнинг истак-ихтиёри ила яшаётган одамлар тушунилади. “Меҳнаткаш” деган ном билан диктатура шароитида тўрга чиқа олмаймиз. Демак, ишчининг ҳам ҳуқуқлари ўз ўрнида кўрилиши, унинг ҳаққини биров “туя қилмаслиги”га эришишимиз даркор. Бунинг учун эса сизга ҳам, бизга ҳам эркин ва озод ватан керак. Ватан эса биз учун битта – Ўзбекистондир!

Мустақиллик йилларида мамлакат заҳира бойликларининг талон-тарож қилинганини айтиш билан Американи янгитдан яратмаймиз. Бу оддий ҳол, афсуски, шундай бўлиши керак, деган хаёлга ҳам борадиган бўлиб қолдик. Ўзбек ўғлонлари бугун асосан Россияда меҳнат муҳожири деган мақом билан ишлаб, оила тебратишга мажбур. Бу миллат учун ҳамоқат! Фарзандлар отасиз ўсмоқда ва улар ҳам келажакда ўзбек гастербайтери бўлиб қолишдан ўзга чоралари қолмайди, агарки биз ўз ўзимизни ўзгартирмасак.

Нега ўзбеклар дунё кезмайди, нега улар фақат қора ишчи мақомида қолишлари керак? Бундай саволни ҳар бир ўзбек ёши ўзига ўзи бериб кўрсин ва унга жавоб изласин. Аввало биз бир мақсад йўлида бирлаша олсак эди, диктатор режими бунчалар узоқ муддатга яшаб қола олмаган бўларди. Диктатор ҳам аслида сиздан қўрқади, шундай экан, биз бир бўлмоғимиз керак ва шарт!

Ўзбек меҳнат муҳожирлари, сизнинг ҳуқуқларингиз Россия ҳудудларида кафолатганлигига катта шубҳа бор албатта ва ҳуқуқларингизни Россиядаги ўзбек элчихонаси, ҳамда консулликлари ҳам ҳимоя қилмаяпти. Нега? Негаки улар учун қадр-қийматингиз йўқ. Сиз нафақат нон топиш учун, балки ўз қадрингиз учун ҳам курашмоғингиз лозим. Бу иш гарчи қийин кўринса-да, аслида бунчалар ҳам қийин эмас. Аввало адолатни ўзингизга дўст қилсангиз ва адолат сари бир қадам қўйсангиз, ана ундан сўнг адолатнинг ўзи сизни таъқиб қила бошлайди.

Етар энди Ватандошлар, бошингизни кўтаринг! Шоир Ҳамза айтганингдек, УЙҒОНИНГ, ишчилар! Ўз ватанингизда, оилада яшаб, фарзандларингизни тарбия этиб юришингизга нима етсин. Қачонгача бу зайл – “меҳнат муҳожири” бўлиб қолмоқчисиз?!

Уйғонинг – ўзбек ёшлари!

Тўлқин Қораев
Швеция