O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ишчи ўрни яратганинг учун солиқ тўлайсан

Ишчи ўрни яратганинг учун солиқ тўлайсан
1,442 views
24 March 2021 - 17:15

Давлат тадбиркорликни ривожлантириш, аёллар бандлигини таъминлаш тўғрисида ҳар хил қарорлар эълон қилгани билан ривожланиш жуда шиддат билан одимлаб кетмаяпти.

Чунки бир қатор қонун ва қарорлар борки, ўқиб кўрсангиз, давлат ўзи айтган гапига ўзи қарши чиқаётганга ўхшайди.

Масалан, сиз тадбиркорсиз, ишчи ўрни яратиб бир кишини ишга олдингиз, ўша ишчига ҳақ тўлаш учун сиз 12% ягона ижтимоий тўлов тўлайсиз, буни кўпчилик бу солиқ эмас дейди, лекин аслида бу ҳам бир солиқ. Ундан ташқари ишчи сизда ишлаб пул олгани учун даромад солиғи тўлайди.

Масалан, ишчи қўлига бир миллион сўм ойлик олиши учун 1 120 000 + 12 % = 1 254 400 сўм корхонангиз ҳисобидан чиқиб кетади.

Хўш, давлат ўша 12% ягона ижтимоий тўловни олгани учун нима қилиб беради?

Деярли ҳеч нарса, масалан, сиз олган ишчи декрет таътилига чиқмоқчи, декрет таътили давлат ҳисобидан эмас, яъни сиз тўлаган ўша ягона ижтимоий тўлов ҳисобидан эмас, балки айнан сизнинг корхонангиз ҳисобидан қоплаб берилиши керак.

Сиз тадбиркорсиз, бундай харажатлар сизга зарар, сиз нима қиласиз? Албатта ҳар хил қинғир йўлларни қидиришни бошлайсиз.

Биринчиси, ойликни кам кўрсатасиз, дейлик ишчи билан 5 миллион ойликка келишгансиз, қоғозда эса 1 миллион ойлик ёзасиз. Чунки беш миллиондан 12 фоиз 600 000 бўлади, шунақа ишчилардан 100 нафар бўлса, 60 000 000 чиқиб кетади, бир йилда эса 720 миллион пул дегани.

Иккинчиси, ёш турмуш қурган ёки турмуш қуриши яқин ёки яқин орада фарзанд кўриш эҳтимоли бор аёлларни ишга олмасликка ҳаракат қиласиз, ишга олсангиз ҳам, иложи борича расмийлаштирмасдан ишлатиш пайига тушасиз. Чунки бир оз ишлаб декрет таътилига чиқиб кетса, йўқ жойдан ўша ишчига 126 кунлик иш ҳаққисини тўлаб бериш керак. Бу эса сизга қулай эмас.

Учинчидан, имкон қадар ишчи билан расмий меҳнат шартномаси эмас, муддатли фуқаролик ҳуқуқий шартномаси ёки бошқа турдаги шартномалар имзолаш пайида бўласиз, чунки бу ижтимоий тўловдан қочиш учун хизмат қилади.

P.S. Ростан ҳам тадбиркорликни ривожлантириш учун олдин мана шунақа қарорларни кўриб чиқиш керак, давлат ўз вазифасини тадбиркорга юклаб тадбиркорликни ривожлантирамиз дейиши элакка сув тўлдириш билан тенг.

Манба: @tentakminds