Бундан бир қанча вақт олдин олимлар “сайёрани сақлаб қолишга 12 йил вақтимиз бор” дея таъкидлар эдилар. Эндиликда, келаси 18 ой Ерни иқлим ўзгариши асоратларидан асраш йўлида ўта муҳим бўлиши айтилмоқда.
Ўтган йили тадқиқотчилар сайёрадаги ҳароратни ҳаётий муҳим меъёрда ушлаб туриш учун атмосферага чиқарилаётган ис гази миқдори 2030 йилга қадар 45 фоизга камайтирилиши зарурлигини билдирган эди.
Аммо бугун кузатувчилар бу мақсадга эришиш йўлида келаси йилнинг сўнгига қадар етарли ва қатъий сиёсий ирода ишга солиниши шартлигини эътироф этмоқда.
“Агар дунёни келаётган бир неча йил ичида даволамасак, у беэътиборлик туфайли 2020 йилгача оғир жароҳат олиши мумкин”, дейди Потсдам Иқлим Институти асосчиси ва фахрий директори Ҳанс Иоахим Шелнҳубер.
Экспертлар 2020 йилнинг якуни иқлим ўзгариши асоратларининг олдини олиб қолиш учун сўнгги имконият эканини таъкидламоқда.
Нега келаётган 18 ой бунчалик муҳим?
2015 йил декабрида Париж глобал иқлим келишуви имзоланганига қарамай, давлатлар унинг талабларига риоя қилмаётгани қораланади.
Ўтган йили эълон қилинган ҳисоботда сайёрадаги ҳаво ҳароратини Цельсий бўйича 1.5 даражадан пастда ушлаб туриш учун 2020 йилга бориб атмосферага чиқарилаётган ис гази миқдори кескин қисқартирилиши зарурлиги таъкидланган эди.
Бироқ ҳозирда ушбу огоҳлантиришга ҳеч ким жиддий эътибор қаратмаётир.
Агар ўз вақтида чоралар қўлланмаса, 2100 йилга келганда, жаҳондаги ўртача ҳаво ҳарорати 1.5 эмас, балки ҳалокатли 3 даражага исиб кетади.
Шу сабабдан ис гази миқдорини 2030 йилга қадар 45 фоизга камайтириш бўйича режалар 2020 йил охиридан кечиктирилмай ишлаб чиқилиши талаб этилади.
Чораларни ишлаб чиқиш йўлидаги илк қадам БМТ Бош Котиби Антони Гутерреш томонидан 23 сентябрь куни Нью Йоркда ўтказилаётган саммит бўлади.
Жаноб Гутерреш давлатлардан ис газини қандай камайтириш бўйича таклифларни кутмоқда.
Британия эса 2020 йил сўнгида иқлим ўзгаришига бағишланган энг муҳим халқаро учрашувга мезбонлик қилиш ва ўзининг сайёрани сақлаб қолиш мақсадида қанчалик қатъий эканини кўрсатиб қўйишни кўзламоқда.
Яхши янгиликлар ҳам борми?
Сўнгги пайтларда одамлар иқлим исишига қарши жиддий чоралар кўришни талаб этмоқда. Кўплаб мамлакатларда оддий фуқаролар сиёсатчиларни ҳаракат бошлашга мажбур эта олган.
Америкалик сиёсатчилар мамлакат иқтисодиётини иқлим ўзгаришига бутунлай мословчи «яшил янги келишув» ғоясини илгари сурмоқда. Бундай ғоя атиги бир неча йил аввал ҳам имконсиздек туйилар эди.
Буюк Британия 2050 йилга қадар атмосферага зарарли газларни чиқаришга буткул чек қўйишга аҳд қилган.
Шаҳзода Чарлз эса келаётган 18 ойнинг ҳаётий муҳимлигини эътироф этаётган экспертларни қўллаб-қувватлаган.
Қандай ёмон хабарлар бор?
2020 йил охирига қадар президент Доналд Трамп АҚШни 2015 йилдаги Париж шартномасидан тамомила чиқариб олиши мумкин.
Бироқ агар жаноб Трамп келаси йил ўтувчи президентлик сайловида ғолиб чиқмаса, унинг ўрнига келган янги раҳбар ушбу қарорни бекор қилиши ҳам мумкин.
Бугунги кунда иқтисодий ўсишни жадаллаштиришга зўр бераётган айрим давлатлар иқлим ўзгариши муаммосини тан олишни истамаётир.
Ўтган йилнинг декабрида АҚШ, Саудия Арабистони, Қувайт ва Россия ҳароратни 1.5 даражадан пастда ушлаб туришга доир махсус ҳисоботнинг БМТ музокараларида муҳокама этилишига қарши чиққан эди.
Бундан бир неча ҳафта аввал Германияда ўтган халқаро йиғинда ҳам Саудия Арабистони яна айни амалга қўл урди.
Таҳлилчилар Брексит машмашаси ортидан Буюк Британия иқлим ўзгариши масаласига етарли эътибор қарата олмаётганини айтади.
Бир вақтлар собиқ Бош вазир Гордон Браунга иқлим масалалари бўйича маслаҳатчилик қилган профессор Майкл Жейкобсга кўра, айни дамда, етакчи давлатлар муаммонинг қанчалик жиддий эканини англай олмаяпти.
“Шунинг учун БМТ Бош котиби сентябрда халқаро саммит ўтказмоқчи”, дейди у.
Бундан ташқари, 2050 йилга қадар атмосферага зарарли газларни чиқаришга буткул чек қўйишга аҳд қилган бўлсада, Буюк Британия бу мақсадга элтувчи чора-тадбирларни ҳали пухта ишлаб чиқмагани танқид қилинмоқда.
“Ҳукумат олдинга қўйилган қонуний мажбуриятларни бажаришга қатъий киришганини кўрсатиши лозим… бу ерда унга бўлган ишонч гаровда турибди”, таъкидлайди Буюк Британиянинг Иқлим Ўзгариши бўйича Қўмитаси раҳбари Крис Старк.
Гап фақат иқлим ўзгаришида эмас
Иқлим ўзгариши асоратлари фақат инсониятнинг ўзига таъсир кўрсатмаётир.
Турли ҳисоботлар одамзот томонидан ёввойи табиатнинг улкан қисмига ўнглаб бўлмас зарар етказилаётганини кўрсатиб бермоқда.
Олимлар келаётган ўн йилликлар ичида бир миллионга яқин мавжудот турлари бутунлай йўқолиб кетиш арафасида турганидан огоҳлантирмоқда.
Ушбу муаммо бўйича бир қанча давлатлар вакиллари келаси йили Хитойда учрашиб, барча турдаги жонзотларни сақлаб қолиш йўлларини муҳокама этмоқчи.
БМТнинг Биохилмахиллик бўйича Конвенциясига эса 2030 йилгача ёввойи табиатни асраб қолиш чораларини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.
Хулоса қилиб айтганда, она сайёрамизни муқаррар ҳалокатдан қисқа вақт ичида сақлаб қолиш муаммоси билан юзлашганча турибмиз. Бироқ сиёсат бу йўлдаги асосий тўғоноқ ўлароқ қолмоқда.
Манба: bbc.com/uzbek