O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Иқтисодчи Президент иқтисодни қандай барбод қилди?

Ўзбекистонда қандай иқтисодий тизим бор? Социалистик иқтисодми ёки бозор (капиталистик) иқтисодми?

Иқтисодчи Президент иқтисодни қандай барбод қилди?
173 views
01 April 2013 - 16:14

020713_0_0Ўзбекистонда қандай иқтисодий тизим бор? Социалистик иқтисодми ёки бозор (капиталистик) иқтисодми? Бу саволга оддий фуқаролар у ёқда турсин, иқтисодни бошқараётганларнинг ўзлари ҳам жавоб бера олмасалар керак…

Мустақилликдан кейин ўтган деярли чорак асрда ўзининг сиёсатчи эмас, иқтисодчи эканлигини иддоа қиладиган диктатор Каримов Ўзбекистон иқтисодий тизимини йўққа чиқарди, десак асло хато бўлмайди. Бунинг далиллари ўртада: мамлакатнинг асосий ишчи кучи ҳисобланадиган 6 миллионга яқин ёшлар Ўзбекистондан қочиб, чет элларда “гастарбаидерлик” қилмоқда. Бундай дарбадар ишчиларнинг ҳар йил Ўзбекистонга юборадиган пули 6-8 миллиард долларни, яъни Ўзбекистон давлат бюджети даромад қисмининг тахминан учдан бирини ташкил қилар экан.

Иқтисодга оид икки муҳим кўрсаткич ҳақида: Биринчидан, мамлакатимиз давлат бюджети очиқ муҳокама қилинмайди ва халқга ошкор қилинмайди. Иккинчидан, ўзбек сўми 25 йил давомида ҳақиқий маънода конвертация даражасига эриша олмади.

Сўзни иқтисоднинг шаклидан бошлаган эдик: ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонда иқтисоднинг қайси шакли мавжуд?. Социалистик иқтисодда мулк давлатники бўлиб, халқ у давлатнинг қули ҳисобланарди. Бозор (капиталистик) иқтисодда эса хусусий мулкчилик асосдир ва ҳар ким ўз кунини кўришга мажбур. Аммо бугун Ўзбекистонда “каримизм” иқтисодий тузуми ўрнатилди. Яъни, 30 миллионлик давлатнинг барча бойлиги иқтисодни ҳам, сиёсатни ҳам билмайдиган Ислом Каримовга, унлан қолгани қизи Гулнорага тегишли…

Айтишлари мумкин, Ўзбекистонда автомобил фабрикалари қурилди, энди ўзимизнинг енгил автомобилларимиз бор, деб…Аммо бир давлатнинг иқтисодий тараққиёти бир ёки икки автомобил заводи қуришни билдирмайдику? Иқтисод давлат ва жамият ҳаётининг асосий соҳаларидан бирику? Унинг шакли, қонун қоидаси, тараққиёт ўлчовлари бўладику? !Инсонларнинг тафаккурларига, яшаш тарзларига, урфу одатларига иқтисодий тараққиётнинг шакли бевосита таъсир қилиши маълум. Бугун Ўзбекистонда моҳияти номаълум бўлган “каримизм” иқтисодида инсонийликнинг ўртадан кўтарилиб, инсонлар бир -бирларининг душманларига айланаётгани ёки ҳар ким мол -мулкни ўғирлаш, талон -тарож қилиш ниятида ва амалида юрганини ҳаммамиз биламизку! Мана сизга сохта иқтисодчи ва ноқонуний Президентнинг Ўзбекистон каби катта иқтисодий ва ишчи кучи имкониятларига эга бўлган давлатни таназзулга учратганининг яна бир далили…

Иқтисодга оид яна бир кўрсаткич бу мамлакатнинг Ялпи Ички Даромади (русча Валовой Внутренний Продукт)дир. Бунга кўрсаткич Ўзбекистонда тахминан 28 миллиард доллардир. (қаранг: http://tr.wikipedia.org/wiki/GSY%C4%B0H%27ye_g%C3%B6re_%C3%BClkeler_listesi). Яъни, киши бошига тушадиган даромад минг долларга ҳам етмайди. Ҳолбуки Ўзбекистон билан иқтисодий имкониятлари тенг бўлган Норвегияда бу кўрсаткич 450 миллиард доллардир. Айтишларки мумкинки, Норвегия бундай тараққиётга 50 йилда эришган деб. Диктатор Каримов ҳам Ўзбекисонни деярли 25 йилдан бери бошқариб келмоқдаку?

Баъзан диктатура бизда эмас, мана ўз вақтида Чилида ҳам диктатура бўлган, аммо у ерда замонавий иқтисодий тузум ўрнатилиб, кейин шахсларга ва жамиятга эркинлик берилган. Ёки ҳозир Хитойда ҳам сиёсий режим диктатура шаклида, аммо фуқаролар иқтисодий эркинликлар билан таъминлаган…Ҳеч бўлмаса Қозиғистонда ҳам биздагига қараганда инсонлар анча кенг иқтисодий эркинликларга эга, шунинг учун ҳам иқтисодий тараққиёт биздагига кўра 8 марта кўпроқ ривожланганнини ҳақида ўйлайман.

Бутун буларни ўйлаганимда ва таққослаганимда келадиган хулосам шу бўлади:

Иқтисодни фақат давлатнинг қаттиқ қўл сиёсати билан ривожлантириб бўлмайди. Бу соҳада албатта инсонларга эркинликлар берилиши керак. Яъни, тижорат, тадбиркорлик , ўз ишхонасини очиш, турли иқтисодий фондлардан қарз олиш ва беришнинг қулайлаштирилиши, солиқ ва божхона тизимининг ислоҳи, қўшни давлатлар билан шахсий ва давлат корхоналарининг иқтисодий алоқаларини йўлга қўйиш, бунинг учун чегараларни ўтишни қулайлаштириш каби қатор тадбирлар олиниши керак. Аммо Ислом Каримов инсонларимизга бирор ижтимоий соҳада, шу жумладан иқтисодий соҳада ҳам эркинликлар беришни истамайди. Чунки бундай қилинадиган бўлса режимнинг замини ўйилади, иқтисодий эркинликларга эришган инсонлар сиёсий ва ҳуқуқий эркинликларни ҳам талаб қила бошлайди.

Диктатор Ислом Каримов иқтисодни ҳам, сиёсатни ҳам билмайди. У миллатимиз ва ватанимизнинг тараққиёт

йўлини билмайдиган золим раҳбардир, деган хулосага келаман. Миллатимиз бу ҳақиқатни ўзининг кундалик ҳаётида кўриб турибди. Эндиги масала бу диктатура тузумидан бир йўлини қилиб қутилишдадир…

Абдурраҳмон Муҳаммад
01.04.2013