Алихонтўра Соғуний
ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 196
(давоми)
ЙИГИРМАНЧИ МЎЖИЗА
Воқеа шулдурким, Хайбар шаҳрини фатҳ қилгандан сўнгра яҳудлардан кўп мол ўлжа олдилар. Расулуллоҳга тушган молларда бир қора эшак ҳам бор эди. Киши билан сўзлагандек анинг билан Расулуллоҳ сўзлашдилар.
— Номинг нимадур? — деб сўрадилар.
— Ё Расулаллоҳ, номим Язид ибн Шаҳоб. Аллоҳ таоло менинг бобом наслидин олтмиш атоғлиқ эшак чиқармишдур. Уларнинг ҳеч бирини пайғамбарлардан бошқа кишилар минмаган экандур. Мени ҳам охирзамон пайғамбари минса керак деб умид қилар эдим. Анинг учунким, энди дунёга сиздан ўзга пайғамбар келиши йўқдур. Меним бобом наслидан эрса мендан бошқа қолмагандур. Сиздан илгари менга бир яҳуд эга бўлмиш эди. Ул мени қачон минар эрса, жўрттага қоқилиб йиқилур эрдим. У ҳам мени уриб сўкиб, оч қўйиб ишлатур эрди, — деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам анинг отини Яъфур қўйдилар. Саҳобалардан киши чақирмоқ бўлсалар, уни юборур эдилар. Ул боши билан эшикни қоқиб, Расулуллоҳнинг чорлаганини ишорат билан билдирур эди.
Расулуллоҳ вафотларидан Яъфур қаттиқ қайғурди. Жудоликка чидаёлмай, ўзини бир қудуққа ташлаб ҳалок бўлди.
Бу сўзни улуғ муарриҳлардан Ибн Асокир деган киши Ибн Мунзир деган саҳобадан ривоят қилмишдур.