Алихонтўра Соғуний
ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 199
(давоми)
ЙИГИРМА УЧИНЧИ МЎЖИЗА
Улуғ саҳобалардан Жобир ибн Абдуллоҳ ривоят қилади:
«Ҳудайбия ғазотида сувсизликдан аскарга чанқоқлик пайдо бўлди. Расулуллоҳ намозга таҳорат олмоқчи бўлдилар. Косадан каттароқ бир идишда сув бор эди, шу сувдан таҳорат олдилар. Анда саҳобалар Расулуллоҳ ҳузурларига келиб:
— Ё Расулаллоҳ, чанқоқлик бутун аскарни қоплади. Ичмакка ва таҳорат қилмоққа олдингиздаги шул сувдан бошқа сув қолмади, — дейишди.
Анда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қутлуғ қўлларини шу идишдаги сувга солдилар. Шунда муборак бармоқ ораларидан булоқдек сув қайнаб чиққани турди.
Бутун аскар от-уловлари билан шу сувдан ичиб қондилар:
Ҳазрати Жобир айтишича, бу қўшинда бир минг тўрт юз киши бор эди. Агар юз минг киши бўлур эрса дағи бу сувнинг етишига шак йўқ эди.
Мундан бошқа бир неча жойларда ҳам шунга ўхшаш мўжизалар бўлди. Табук ғазотида кўрилган мўжизаларни эрса, юқорида айтиб ўтдик.