ЙИҚМАГАН ЭРДАН
Ҳеч қачон шодонлик чиқмас,
Бир қалбни йиқмаган эрдан.
Яхшилик таъмасин кутманг,
Ёмонлик чиқмаган эрдан.
Ким ораста беклик этар,
Олис манзил йўлга кетар,
Элу юрт андиша этар,
Ёмон сўз чиқмаган эрдан.
Яхши эр, эл айбин очмас,
Кўриб-билиб, ҳаром ичмас,
Яратган ёзиғин кечмас,
Кўзёшин тўкмаган эрдан.
Давронга боқманг, эврилар,
Нархлар ҳам турмас, чеврилар,
Молу давлатлар айрилар,
Фақирга боқмаган эрдан.
Машҳаргоҳда мезон куни,
Итга қўймас шер овини,
Пайғамбар тортар ўзини,
Йўлдошга боқмаган эрдан.
Ўз-ўзича фаҳми етмас,
Оқилларнинг сўзин тутмас,
Йўқсиллик йўқ бўлиб кетмас,
Ҳаромдан қочмаган эрдан.
Махдумқули, ёнгил, ўчгил,
Ё лол ўтир, ё тур, сочгил,
Бир қуйруқсиз итдир, қочгил,
Насиҳат ёқмаган эрдан!
МАХДУМҚУЛИ
* * *
Туркманчадан Ислом Холбой ўзбекчалаштирди