Бир видеода кўрган эдим. Унда Россия федерациясининг “ЛДПР” партияси раҳбари Владимир Жириновский шундай деган эди: “Мавзолейдан Ленинни кўчириш чиқиш мавзусини депутатлар кўтариб чиқишибди. Огоҳлантириб қўяй, мен бошламадим бу мавзуни. Мен Ленинни гапирсам «ўлганларни тепманглар», дейишяпти. Кимни гапирай унда? Ленинни гапириш мумкин бўлмаса, Сталинни гапириш мумкин бўлмаса, Брежневни гапириш мумкин бўлмаса, Горбачовни умуман гапириш мумкин эмас. Унда келинг, тирикларни гапирай, мана, Зюгановни (Коммунистлар партияси раиси) гапираман. Қизил террор қилиб миллионлаб одамларни қонини оқизган одамлар ҳақида гапирмаймиз. Мансаб йўлида ҳеч нимадан таб тортмаганлар ҳақида ҳам гапирмаймиз. Унда бизга тарих нима учун керак? Келинг, тарихни умуман эсламайлик, ўчириб юборайлик. Яна ўша хатоларни такрорлаб яшайлик.”
Жириновскийни ёмон кўраман, аввалдан айтиб қўяй. Лекин Россия бекорга “буюк оғамиз” эмас. У ерда ҳам осмон мусаффолигига шукр қиладиганлар, ўликларни гапиртирмайдиганлар, тирикларга сиғинадиганлар етарлича топилади. Шунчалик ҳам ранг оламизми-а?
Бир нарсани гапирсангиз “ўлган ўлди, орқасидан гапирманг”, дейишади. Аллоҳ Фиръавнни, Намрудни, Абу Лаҳабни нима учун унда Қуръонда номини келтирди? Тарих ибрат эмасми?
Йўқ, биз ибрат олмаймиз. Уни ўрнига ўликларни гапиришдан ман қилганларни эртакларига лаққа ишонамиз. Улардан доҳий ясаймиз. Минглаб инсонларни қони учун жавоб сўрамаймиз. Тирик диктаторлар ўлган диктаторларни номини улуғлашади. Эртага улар ҳам ўлса, улардан кейингилар шу ишни такрорлашлари учун.
Ўлганлар майли, “кел, тириклар ҳақида гаплашамиз”, десангиз “ғийбат”, деб оғиз очирмайди. Зулмни, фасодни, ноҳақликни гапирсангиз “яхши гумонга” чақиришади.
Чалкашиб кетдим.
Абсуртлар кўп. Президентни танқид қилиб бўлмайди. У ҳақида яхши гумон қилиш керак. Гапирса ғийбат бўлади.
Аммо футболчини, мураббийни бемалол танқид қилса бўлади. Ҳеч ҳам ғийбатга кирмайди. Сизни гапиришдан тўхтатганлар, футболчиларни ёмонлашда олди сафларда эканига кўзингиз тушади.
Ўзбекистон ичидаги имомларни гапирса бўлмайди. Ғийбат бўлади. Яхши гумонга чақирилади.
Лекин чет элдаги аҳли илмларни ётиб олиб танқид қилаверасиз. Айниқса, ўлганларни танқид қилса янада файзлироқ бўлади давра.
Аслида, бир қўшиқни айтаётганга ўхшаймиз, лекин сиз “бир мойчечак, икки мойчечак”, десангиз “йўқ, унақаси кетмайди. Бир вақ-вақа, икки вақ-вақа”, дейди.
Бир мавзуга тўхталсангиз “сен ўзинг нима қилиб қўйдинг?”, дейди. Мен ундан яхши дурадгор бўлишим, бир кунда 200 кг пахта теришим, яхши косиб, яхши инженер бўлишим мумкин. Мен амалдорларни танқид қилишим учун амалдор бўлишим шарт эмас. Тухумни тамини билиш учун, товуқ бўлиш шарт бўлмагани каби.
Хуллас, ўликларни ҳам, тирикларни ҳам гапирмаймиз. Ҳамма нарсадан розимиз – тилимизда, норозилик – дилимизда. Бизга шуниси маъқул. Гапирмаганимиз етмагандек, гапирганни ҳам ўзимизга ўхшатиб оламиз. “Жим, қамалиб кетасан” “оғзингни юм” “жим юрсанг бўлмайдими?”, деб. Олақарғалар ичида булбулга жой йўқ. Ҳамма бир-ҳил “қағилласа” зўр ярашади.
Баракалла, азаматлар. Яхши ҳам саҳобалар, тобеинлар дуо қилиб ўтиравермаган. Агар, улар ҳам дуодан бош кўтармаганда дин сиз билан бизга етиб келмаган бўлармиди. Амалий ҳаракат фитна бўлади. Фитна бўлмаслиги учун… яна мавзуни бошига қараб кетяпман.
Ҳа, дуо қилиб турайлик. Яхши бўлади. Кимдир бизга яхши ва фаровон ҳаётни совға қилади. Худди эртаклардагидек…
Sayyid Islom