Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
БУ КУНЛАР
(41-қисм)
Йигирманчи шох: Калава учи мактабдан чиқди
Ҳаммамиз ҳам шу осмон остида, шу тупроқ устида бирга-бирга яшаб келяпмиз. Кўз ўнгимизда юз бераётган бу ишларни кўриб, билиб юрибмиз. Гарчи адабиётдаги тажоҳули ориф (билиб билмасликка олиш) санъатини ҳаётимизда оммавий равишда қўллаб миқ этмай юрган, камчиликларни ўзаро очиқ муҳокама қилмаётган бўлсак-да, мияларимизни: “Наҳот шу даражага тушдик?! Жамият бурнигача ёлғонга ботди ‒ ўнгда ёлғон, чапда ёлғон, тепада ёлғон, пастда ёлғон: бор нарсалар йўқ дейиляпти, йўқ нарсалар бор этиб кўрсатиляпти… Ва ҳамма буни билиб турибди, лекин миқ этмайди! Эс-ҳушимизни шу қадар еб қўйдикми?! Кап-катта одамлар нима қилаётганини ўзи билмайдими?!” каби ўйлар тинимсиз кемириб келади.
Бу каби оғир саволлар исканжасида сиқилиб, бошим гангиб, калавам чуваланиб, учини ҳеч қаердан тополмай юрган кунларимда ниҳоят бу зорманда уч лоп этиб… мактабдан чиқиб қолди.
Икки ўғлим бир мактабда, икки қизим бошқа бир мактабда ўқиди, кенжа қизим ҳамон ўқияпти. Тўнғичим 1-синфга борганидан то кенжам битиргунича ўтадиган вақтни қўшиб ҳисобласам, умримнинг йигирма олти йили ‒ чорак асрдан кўпи мактаб ҳаётига чамбарчас боғлиқ, ёнма-ён кечяпти. Бунинг устига ўзим ўқиган ўн йилни ҳам қўшсам…
Хуллас, мактабдаги ҳар бир ўзгариш йилма-йил кўзим ўнгида юз берди десам бўлади. Аммо ҳозир у ўзгаришларни ипидан-игнасигача ёзиб чуқур кетмайман, боласи мактабда ўқиган ва ўқиётган ҳамма билади уларни. Шу кунларда юз берган биттагина воқеани айтаман.
Кузатишимча, йил ўтган сайин энг катта ўзгариш ота-оналар йиғилишларида бўлди. Ўзимиз ўқиган даврдаги ота-оналар йиғилишларини эсламай қўяқолай, советни қўмсаяпти деб ўйлашлари мумкин. Тўнғич ўғилларим ўқиган дамларда ҳам бундай йиғилишларда кўпроқ болаларнинг давомати, ўзлаштириши, хулқи муҳокама этилар, у-бу тадбирларга пул тўплаш ҳақида хижолатлик билан айтилар эди. Бир озгина, онда-сонда…
Энди-чи?
Энди ота-оналар йиғилиши фақат пул ҳақида кечяпти: унга бер, бунга тўпла! Ҳеч ким хижолат ҳам бўлмайди ‒ улар сўрайвериб, биз беравериб ўрганиб бўлдик! Яқин ўн йилдан бу ёғида болаларнинг билими ҳақида умуман сўз очилмай қўйди.
Мактаб соладиган “ихтиёрий” солиқларининг отлари: “фаррошга”; “синф жамғармасига”; “мактаб жамғармасига”; “синф таъмирига”; “мактаб таъмирига”; “пардага”; “гулга”; “устозлар кунига”; “устознинг туғилган кунига”; “бошланғични тугатган устозга тилла совға”; “қўшимчага”; “инглиз тилига”; “ўрис тилига”; “она тили ва адабиётга”; “математикага”; “пахтага умумий ёрдам”; “пахтага бораётган устознинг чиқимлари учун”; “шанба куни мактабга бормасликка” ва ҳоказо… Булардан ташқари, болалар нашрларига обуналар ҳам бор (Лекин у нашрлар уйга келмайди, болалар кўпи кўрмайди ҳам)…
Оллоҳга шукр, бу солиқларни тўлаб турибмиз. Ҳарҳолда боламиз ўқияпти, ўртоқлари олдида камситилмасин деб ҳам сўралган заҳоти, қарз олиб бўлса-да, вақтида ўтаяпмиз. Илож қанча, кўпга келган тўй деймиз, ғингшисак ҳам-мингшисак ҳам берамиз-да. Дунёда энг демократик деб мақталган Конститутсиямиздаги “Ўзбекистон Республикасида таълим текин” деган қоидани тоғорадаги мағзавага қўшиб аллақачон кир ўрага тўкиб ташлаганмиз.
Кеча тўртинчи синфда ўқийдиган кенжа қизим қизиқ гап кўтариб келди:
‒ Мактабимизга текширувчилар келаркан. Бугун шунга тайёргарлик қилдик, ‒ деди.
Дарров хаёлимизга синф хона ва мактабнинг тозалиги келди.
‒ Йўқ, ‒ деди қизим, ‒ ҳаммаёқ ўзи шундоғам тоза. Биз устоз билан текширувчиларнинг саволларига нима деб жавоб қилишимиз кераклигини машқ қилдик.
Хуллас гап бундай:
Устоз болаларни тўплаб, уларга “Ўзбекистон Республикасида таълим текин”лиги, болаларнинг бу ҳуқуқи Асосий Қонун билан кафолатлангани ҳақида пича маъруза қилибди. Сўнгра: “Бордию текширувчилар сизлардан қўшимча дарсларга пул тўпланяптими деб сўраб қолса, йўқ-йўқ-йўқ, деб жавоб қилинглар, бўптими?! Пардагами, таъмиргами, устозлар кунигами, ишқилиб нимага бўлса ҳам, устозларинг сизлардан пул тўплайдими деб сўраса, бир хил қилиб: “Йўқ-йўқ-йўқ!” деб жавоб қилинглар, хўпми?!” деб тайинлабди. Болалар бир овоздан “Хўп!” дейишибди. Яна уч-тўрт марта ўргатибди. Кейин, қани, энди синаб кўрамиз деб йўлакка чиқиб кетиб, сал ўтмай “текширувчи” қиёфасида кирибди. Ва…
‒ Қани, болалар, айтинглар-чи: “Қўшимча”га деб устозларинг сизлардан ҳеч пул тўпладими? – деб сўрабди “қитмирлик билан”.
Болалар бир овоздан жувур-жувур қилиб:
‒ Йўқ-йўқ-йўқ, бизда қўшимча дарслар текинга ўқитилади! ‒ дейишибди.
“Текширувчи” мамнун қиёфада яна бошқа “солиқ”ларнинг ҳам отини битта-битта айтиб сўраб чиқибди. Болалар ҳар гал адашмай бир хил:
‒ Йўқ-йўқ-йўқ, бизда ҳаммаси яхши! ‒ деб жавоб қилаверишибди.
Охирида “текширувчи” тағин бир марта синф хонасидан йўлакка чиқиб, энди ўзларининг устозлари бўлиб қайтиб кирибди ва шогирдларини алқабди:
‒ Маладес, болаларим! Мени ҳам, ўзларингни ҳам уялтирмадиларинг! Мактабимиз юзини ерга қаратмадиларинг! Биз сизлар билан фахрланамиз! ‒ дебди…
Эй Оллоҳ, уйда мен боламни тўғриликка тарбиялайман деб тиришиб ётсам-у, мактаб тарбиясига боқинг! Билим олсин, илғор одам бўлсин деб мактабга юборсам, улар нимани ўргатяпти?! Уялтирмабди эмиш! Мактаби юзини ерга қаратмабди эмиш! Бутун мактаб улар билан фахрланармиш! Фахрланиш тугул, уятдан ер ёрилиб тагига кириб кетмайдими бунақа мактаб!
Албатта, бу ишнинг ёмонлигини, ҳаромлигини, ёлғонлигини қизимга ётиғи билан тушунтирдим. Аммо… жамиятим учун, эртамиз учун хавотирга тушдим. Мактабда бундай ёлғонларга ўргатилган бола эртага улғайиб жамиятга чиқса, нима қилади?! Шулардан биттаси балки мамлакатни бошқарар! Болалигида ўйин бўлиб туюлган бу кичик ёлғонлар улар ўсиб, вояга етиб, ҳар бири бир ишнинг бошига кечганида потир-потирлаб катта ёлғонларга айланиб кетмайдими?! Шўрлик юртимга ҳозирги ёлғонлар ўзи етмасмиди?! Энди келажакда ҳам ёлғон борми бош-шимизга?!
Аслида, қизимнинг мактабидан хафа бўлмасам ҳам бўлади. Йигирма йилдан бери “мустақил” Ўзбекистон “мактаби”да айни шундай тарбия бериб келиняпти-ку!
Мактабларимизга текширувчи келиб турганидек, онда-сонда Ўзбекистонга ҳам чет эллардан қанақадир текширувчилар келади, халқимиздан ҳол-аҳвол сўрайди. Биласизлар, четэлликлар ўзимизнинг текширувчилардан ўн чандон, юз чандон қитмир бўлади, айланма саволлар бериб тилимиздан тутишга уринади:
“Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бузиляпти дейишяпти ‒ шу тўғрими?”
У ярамаслар қитмир бўлса, биз ҳам анойи эмасмиз! Улар шохида юрса, биз баргида юрамиз! Улар Оксфордда ўқиган бўлса, биз “Мустақил Ўзбекистон” дея аталмиш катта ва олий мактабнинг тузини ялаганмиз! Унақа четэлликлар билан қандай гаплашиш машқини роса олганмиз! Бундан баттар нарсани сўрамайдими! Ҳушёрликни қўлдан бермаймиз:
“Йўқ-йўқ-йўқ, бизда ҳеч бир ҳуқуқимиз поймол этилмайди ‒ ҳаммаси гўзал!” деб жавоб қиламиз жўр бўлиб.
“Сўз эркинлиги бўғилмаяптими?”
“Йўқ-йўқ-йўқ, бизда ҳамма эркинлик бор ‒ нима десак деб ётибмиз!”
“Дин тазйиқ остидаймиш?..”
“Йўқ-йўқ-йўқ, бизга шахсан Юртбошимиз ташаббуслари билан тўла диний ҳуррият берилган ‒ эминликда, эркинликда барча диний ибодатларимизни адо этиб юрибмиз! Ҳайитларимиз дам олиш кунлари деб эълон этилган!..”
“Ўзбекистонда демократия йўқ дейишади, халқ яккаҳокимлик билан бошқариларкан…”
“Йўқ-йўқ-йўқ, ким айтган бўлса, бекорларнинг бештасини айтибди ‒ бизда дунё ҳавас қилса арзийдиган демократик тамойиллар ишлаб чиқилган ва ўша бўйича яшаяпмиз! Ишонмасаларинг, Конститутсиямизни ўқиб кўринглар!”
“Бирлашган миллатлар ташкилотига Андижонда тинч аҳоли қирилгани ҳақида шикоятлар тушди”.
“Йўқ-йўқ-йўқ, бизда ҳаммаёқ осойишта! Улар тинч аҳоли эмасди, қандайдир қора кучлар эди. Оқим эди. Шўрванинг кўпиги эди. А так, халқимиз кўпи доно сиёсатдан рози яшаб келяпти!”
“Мажбурий меҳнат-чи? Етти ёшдан етмиш ёшгача ҳамма пахта теримига зўрлаб олиб чиқиларкан?”
“Йўқ-йўқ-йўқ! Қайси нонкўр айтди?! Бизда унақа гап йўқ. Болалар ўзларининг ота-оналарига ёрдамга бирда-ярим чиқмаса… Ишчилар, ўқитувчилар, дўхтирлар, талабалар онда-сонда чиқиб туришади, лекин чиста кўнгил ихтиёри билан! Қаттиқ талаб этишгани учун давлатимиз ҳам йўқ дея олмай қолади…”
Бошқа нима дейман? Хуллас, шунақа гаплар-да…
Эй Оллоҳ, бизларга совет даврида нималарни кўрсатган бўлсанг кўрсатдинг, энди наслларимизни “мустақиллик”нинг бунақа ёлғон ва қалбакиликларидан асра! Ўзинг меҳрибонсан, дуоларни қабул қилувчисан!