O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Калтакланган Дилноза Исматова ҳақида янги тафсилотлар

Калтакланган Дилноза Исматова ҳақида янги тафсилотлар
27 views
07 August 2014 - 8:20

5Дилноза Исматованинг турк матбуотига айтишича у олий маълумотли ва уч фарзанднинг онасидир. Дилноза Исматова болага энагалик қилиш пайтида ўз муаммоларини ечиш билан машғул бўлгани унга айб сифатида қўйилмоқда. Дилнозанинг эътироф қилишича у Ўзбекистонга кетаëтган дугонаси билан олди бердисини ҳал қилиш учун унга ишониб топширилган 5 яшар қизалоқни етаклаб кўчама кўча юрган.

Шартнома бўйича бу пайтда Дилноза энага сифатида болани уйда ўйнатиб ўтириши лозим бўлган. Дилнозанинг ишга бундай муносабати боланинг отасини ғазаблантирган. Айни пайтда боланинг Нури исмли отаси Дилноза Исматовани изнсиз тарзда болани шаҳарда олиб юргани ва болага қўл кўтарганлиикда ҳам айблади.

Ўзбек энагаларининг фақат пул ҳақида ўйлаб болаларга бефарқ бўлаëтгани анчадан бери матбуотда муҳокама қилинанди. Бундан беш ой аввал Youtube порталида пайдо бўлган ўзбек энагасининг ҳимоясиз гўдакни сутини ичмагани учун бир эмас¸ бир неча бор юзига ургани тасвири Америка жамоатчилигини анча жунбушга солган эди.

Оила эгаларининг энага ишини зимдан кузатиш мақсадида қўйган махфий камераси воситасида ëзиб олинган тасвирдаги воқеа¸ АҚШ прокурорлари томонидан бола ҳаëтига таҳдид деб топилди ва ўзбекистонлик муҳожир аëлга нисбатан жиноий иш очилишига асос бўлди. 2013 йилнинг 28 январида ëзилган бу видеотасвирда беш ойлик чақалоқ Сабрина Мардахаев оиланинг Woodlawn Avenueдаги уйида¸ орқасида ўзидан сал каттароқ бошқа бола ҳам бутилкадан сут ичаëтган ҳолатда акс этади.

Тасвирда орқа тарафи билан кўринган бухоролик энага бутилкадаги сутни ичишни истамаган Сабринани уч марта шапатилаб¸ йиғлаб турган чақалоқни кийимидан тортиб силтайди. Сўнгра жаҳл билан болани ўриндиқдан кўтариб олган энага¸ у билан камера кўзидан панадаги хонага ғойиб бўлади.

Энага фаолиятини ўз ишхонасидан кузатиб турган она бу саҳнани кўрибоқ¸ уйга югурган ва полиция чақириб¸ Маъмура Носирова тақдирини ҳуқуқ идоралари ихтиëрига топширган.
Маҳаллий матбуот хабарларига кўра¸ Носирова ўзини ҳибсга олиб¸ қўлига кишан тақмоқчи бўлган полициячиларга қаршилик кўрсатиб¸ улар билан ëқалашган ва унга қўйилаëтган яна бир расмий айблов¸ ҳуқуқ ходимларига қаршилик кўрсатганликдан иборат.

Жамоатчиликни энагаларнинг хатарли хулқ-атворидан ҳимоя қилиш мақсадида Сабринанинг ота-онаси бу тасвирни Youtube порталига қўйишга қарор қилган. Staten Island туман прокуратурасининг билдиришича¸ Маъмура Носированинг ҳимоясиз гўдакка нисбатан зулм қилгани фақат бу тасвирдаги воқеа билан тугамайди ва терговчилар ихтиëридаги бошқа видеотасвирларда¸ унинг бундан-да ноинсоний ва шавқатсиз ҳатти-ҳаракатлари акс этган.

Бу воқеа айни кунларда маҳаллий матбуот кузатувида қолаëтган шов-шувли ишлардан бирига айланиб улгурди ва қўрқинчли энагалар ҳақидаги турли сериаллардан таъсирчан бўлиб қолган АҚШ жамоатчилиги ҳимоясиз гўдакка нисбатан бу шавқатсизликнинг тегишли жазо олишини кутмоқда.

Шуҳрат Бобожон