O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Камолиддин Йўлдош: “Эркин юрт” газетаси Ўзбекистон ичида тарқалмоқда (BBCга интервью)

Камолиддин Йўлдош: “Эркин юрт” газетаси Ўзбекистон ичида тарқалмоқда (BBCга интервью)
243 views
28 March 2012 - 13:14

[soundcloud id=’41224186′]

Мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ўзининг расмий нашри бўлмиш “Эркин юрт” газетасини Ўзбекистон ичида тарқатишга муваффақ бўлганини маълум қилган.

Халқ Ҳаракати хабарига кўра, ҳаракатнинг “Чўлпон” номли ёшлар ташкилоти фаоллари Тошкентнинг Юнусобод мавзесида жойлашган “Мегапланет” тижорат маркази ўнгида автомобил ва таксиларнинг ойналарига “Эркин юрт” газетасининг навбатдаги сонини ёпиштириб кетганлар.

Газета бош саҳифасида ҳукуматнинг киракашлар ва таксичилар фаолиятига оид янги тартибига бўйсунмаслик чақириғи чоп этилган.

2011 йил май ойида ташкил этилган Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ўзининг асл мақсади Президент Ислом Каримов ҳукуматини тинч йўллар билан ағдариш эканини айтиб келади. Унинг раиси Туркияда истиқомат қилувчи мухолиф сиёсатчи Муҳаммад Солиҳдир.

“Чўлпон” ташкилоти эса жорий йилнинг 16 январида ўзига асос солингани ҳақида баёнот тарқатганди.

“Эркин юрт” газетаси муҳаррири Камолиддин Йўлдош Би-би-си билан суҳбатда айтишича, ёшлар ташкилоти Фейсбук ижтимоий мулоқот саҳифаси, ўз вебсайти, ҳамда тўғридан-тўғри амаллари билан мухолифат баёнотларини Ўзбекистонда тарқатмоқда.

“Биз Ўзбекистондаги таксичиларга бўлаётган ҳақсизлик ва адолатсиз ҳақида ёзиб, Халқ Ҳаракатининг уларга чақириғини газетамизда эълон қилгандик, газетамизнинг ана шу сонини Юнусободда тарқатишган. Шов-шув бўлган ана шу жойда, милиция келган: дуч келган одамларни, мардикорларни ушлаб олиб кетган. Ваҳоланки, мардикорларнинг бу акцияга мутлақо алоқаси бўлмаган”, – дейди муҳаррир.

Унинг айтишича, мазкур мухолифатчи ёшларнинг Ўзбекистонда ишлаш услублари “эски услублар”дан фарқ қилади ва акциялар “горизонтал” равишда амалга оширилади.

“Алоҳида мустақил гуруҳлар ишлайди, улар бир-бирини танимайди, ҳаттоки алоқаси ҳам йўқ. Буларнинг ҳаммаси Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг марказидан туриб координация қилинади”, – дейди у.

У ёшлар акцияларини четдан мувофиқлаштириш осон эмаслиги, бироқ алоқа жиҳатидан муаммога дуч келинмаганини айтади.

Жаноб Йўлдош акциялар ҳаракатнинг Ўзбекистондаги аъзоларини фавқулодда хавф остига қўяётганига қўшилмайди.

“Хавф ҳаммамизга бор: ҳам ичкаридагилар ва ҳам ташқаридагилар. Ичкаридаги кишилар жуда кўп айтишадки, “ташқарига чиқволиб, бемалол гапириш осон” деб. Йўқ, бу осон эмас. Мана ўтган йили бизнинг Россиядаги фаолимиз суиқасдга учради, ҳалигача унинг қотили топилмади. Швецияда Обидхон қори акага суиқасд бўлди, ҳалигача қотиллик ижрочиси маълум эмас”, – дейди у.

Камолиддин Йўлдош ҳаракатларнинг ортида Ўзбекистондаги бугунги режимни ўзгартириш ғояси тургани ва бу ҳаракатга инсонлар ўз ихтиёрлари билан аъзо бўлаётганларини айтади. “Ичкаридаги ёшлар содда, ким нима деса ишониб кетаверадиган ёшлар эмас, улар олий маълумотли, ҳам дунёвий ва ҳам диний илмларни теран ўрганган кишилар.”

 

BBC