O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

КАРВОНБОШИМИ Ё НАРВОНБОШИ?

КАРВОНБОШИМИ Ё НАРВОНБОШИ?
176 views
28 May 2012 - 14:30

Баъзида мақолаларнинг долзарблиги вақт ўтган сайин озайиш ўрнига тобора кучайиб боради, афсуски, Ўзбекистондаги сиёсий ва иқтисодий вазиятга доир сўнгги ўн йиллар ичида ёзган мақолаларимда ана шундай “долзарблик” тенденциясини кузатмоқдаман. 1998 йилда ёзилган қуйидаги мақоланинг долзарблиги, бугун, наздимда, ўша мақола ёзилган пайтдагидан ҳам долзарброқ аҳамият касб этмоқда.

Муаллиф

“Халқ сўзи” газетининг 1998 йил 16 октябр кунги сонида “Ўзбекистон минтақавий карвонбоши” номли улкан мақола чоп этилди. Мақола сарлавҳаси тагидаги изоҳдан ушбу мақоланинг “Бозор иктисодиётига ўтишнинг ўзбек модели мавзуида халқаро илмий-амалий конференциядан сўнгги мулоҳазлар” эканлигидан вокиф буламиз.

Мақола сарлавҳасининг ўзиданок собиқ совет пропагандасига хос ялтоқилик уфуриб туради. Муаллиф Ўзбекистонни “минтақавий карвонбоши” деб улуғлар экан, гап қандай карвон ҳақида кетаётгани ва бу карвоннинг манзили қаерда экани ҳақда бир сўз демайди. Карвон, одатда, бир манзилни кўзлаб йўлга отланган туялардан ташкил топади. Ўрта Осиё туяларини бир хил йўналишда кетаяпти, деб бўладими? Йўқ, албатта. Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон каби давлатлар ҳар бири ўз билганича, турлича йўналиш ва тезликда фақат ўзлари кўзлаган манзил сари кетмоқдалар. Ўзбекистонимизнинг ҳам, ҳаммага маълумки, “ўзига хос ва мос ўз йўли”, яъний, “ўзбек модели” бор. Шундай экан, бу ерда карвон ҳақида, айниқса, “карвонбоши” ҳақида гапириш беўриндир.

Мақолада шундай ёзилади: “Ўзбекистонда ҳамдўстлик давлатлари орасида ишлаб чиқаришнинг энг кам пасайишига эришилди”. Журналистнинг жумла тузиш услубига қаранг, жумла худди: “биз чуқурликка энг кам тушишга эришдик”, деган гап сингари масхаромуз эшитилади. Журналистнинг жумла тузиш услубида бугун Ўзбекистонда хукм сураётган барча тушунчаларни тескари, манфий нисбатда ишлатиш тенденцияси тантана қилиб туради. Масалан, ҳокимият “тинчлик ўрнатилди”, деган суз ўрнига “уруш ва тўполонларнинг олди олинди”, деган жумлани ишлатишни яхши кўради. Бундай жумла тузиш намуналарини макола давомидаги мана бу иқтибосларда ҳам кўриш мумкин:”Ялпи ички маҳсулот 1997 йилда 1990 йилга нисбатан фақатгина 13 фоизга тушди. 1996 йилга нисбатан эса, унинг ҳажми 5,2 фоизга ошди. Саноат ишлаб чиқариш 6,5 фоизга, ялпи қишлоқ хўжалик маҳсулоти етиштириш 5,8 фоизга, капитал маблағ ҳажми 17 фоизга кўпайди. 1998 йилнинг биринчи ярмида ҳам барқарор иқтисодий ўсиш кузатилди”.

Соддароқ ўкувчи бу “ошди”, “кўпайди”, “ўсди” каби қулоққа ёқадиган сўзлардан аллаланиб, ширин уйқуга толиши ҳеч гап эмас. Аслида, бу “ошди, “ўсди” деган таърифлар иқтисоднинг 1990 йилдаги юксак савиясига нисбатан эмас, балки, мамлакат иқтисоди кескин пастга шўнғиган 1996 йилга нисбат берилароқ келтирилмоқда. Юқорида айтганимиздек, ҳокимият ўзининг бугунги сиёсатини оқлаш учун доим мусбат нуктадан эмас, манфий нуқтадан, ижобий нуқтадан эмас, салбий нуқтадан келиб чикиб, жумла ясайди.

Масалан, ўтмишдаги Совет Иттифоқи, манфий қутб ўлароқ, бугунги “мустақилликни мустаҳкамлаш” қабилидаги тарғиботга (ўз вақтида мустақилликка қарши ашаддий кураш олиб борган Ислом Каримов қандай қилиб мустақилликни мустаҳкамлаши мумкин?), Тожикистон ёки Қирғизистондаги сиёсий чиқишлар эса, манфий қутб уларок, ўлкада ўтказилаётган давлат террори сиёсатини оқлашга хизмат қилдирилади ва ҳакозо.

Энди Ўзбекистонда чиқадиган яна бир нашр “Бизнес Осиё” номли журналнинг шу йил 15 октябр кунги сонида чоп этилган маълумотларни келтирамиз: “1998 йилнинг январ-август ойларида Мустақил Давлатлар Хамдўстлигининг олти давлатида саноат ишлаб чиқариш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсган, тўрт давлатда эса, камайган. МДҲ давлатлараро статистика кўмитаси тайёрлган маълумотлар ана шундан далолат беради. Ушбу маълумотларга кўра, ишлаб чиқаришнинг ўсиши Беларусда 12 фоиз, Қирғизистонда 11,5 фоиз, Тожикистонда 8,9 фоиз, Ўзбекистонда эса 5,7 фоизга ошган”.

Кўриб турганимиздек, карвонбошиликка даъвогарлик қилаётган Ўзбекистонимиздаги саноат ишлаб чиқаришнинг ўсиши нафақат кичкинагина жумҳурият бўлган Қирғизистондагидан, балки, ҳудудида қарийб 8 йилдан бери уруш кетаётган Тожикистондагидан ҳам пастроқ экан.

Маҳолада яна шундай ёзилади: “Давлат томонидан кучли молиявий ва солиқ сиёсати юргизилиши натижасида кейинги йилларда давлат бюджетининг камомади ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 4 фоизидан ошмаяпти”. Яна ўша манфий нисбат, яна ўша “биз соғломмиз”, деган жумла ўрнида ишлатилаётган “биз ҳали ўлганимизча йўқ” қабилидаги жумла! Яна ўша:”корнимиз оч, ишсизмиз, бизга иш беринг”, деган халққа ҳукуматнинг:”тинчгина, уруш-қирғинсиз ўтирганларингга шукр қилмайсанларми”, деган жавоби.

Хўп, “давлат томонидан кучли молиявий ва солиқ сиёсати юргизилгани” ҳақдаги гапга қайтайлик. Биринчидан, Ўзбекистон каби ресурсларга бой, советлардан қолган кучли саноий базага ва етарлича ишчи кучига эга ва ҳар жиҳатдан барқарор бир ўлка учун бюджет камомадининг 4 фоиздан кўпроқ ошмаётгани асло мақтанадиган ҳол эмас. Аслида, давлат бюджетини тўла маҳв бўлишдан сақлаб турган нарса – юргизилаётган “оқилона” сиёсат эмас, балки, халқнинг, асосан, колхозчи ва деҳқонларнинг сабр-қаноати, уларнинг текинга ишлаб келаётганидир. Мамлакат аҳолисининг мутлоқ кўпчилигини ташкил этадиган ва 5 йилдан бери маош ўрнига қуртлаган макарон олаётган “жамоа” ва “фермер” хўжаликларидаги инсонларнинг берилмаган ҳақлари талон-тарож қилинган, илма-тешик бўлиб кетган давлат бюджетига ямоқ сифатида ишлатилмоқда.

Мақолада яна шуларни ўқиймиз:”Қатъий пул-кредит сиёсати ва бошқа макроиқтисодий тадбирлар олиб борилиши натижасида, агар 1994 йилда инфляциянинг ўртача ойлик ўсиш суръати 23,3 фоизни ташкил этган бўлса, 1997 йилга келиб эса, 2,0 фоизга тушди”.

Ўзбекистондаги “қатъий пул-кредит сиёсати” нимадан иборатлигини ҳамма яхши билади, бу – валюта операцияларини деярли тўхтатиб қўйиш йули билан “сўм”нинг қийматини сунъий равишда ушлаб туриш сиёсатидир. Бундай тадбирдан сўнг жуда кўп хорижий ширкатлар ўлкани тарк этишга мажбур бўлдилар. Хўш, бу билан “сўм”нинг қадрсизланиши тўхтатилдими? Йўқ. Аксинча, бу тадбир ҳукумат ҳомийлиги остида фаолият юргизаётган бир неча ширкатга давлат ғазнасини омонсиз талон-тарож қилишга кенг йўл очиб берди. Ҳукумататдаги одамларга қарашли бўлган бу ширкатлар, давлат ғазнасидаги валюта захираларини “қонуний равишда”, арзон, яъний, ҳукумат белгилаган нархда сотиб олиб, уни шу ердаги бошқа ширкатларга ёки шахсларга “қора бозор” нархида сота бошладилар. Олинаётган улкан фойда, албатта, бундай “ажойиб” қонунларни чиқариб қўйганлар билан баҳам кўрилмоқда. Сўмнинг ҳукумат томонидан бегиланган сунъий нархи билан(1 АҚШ доллари – 110 сўм), ҳақиқий нархи(1 АҚШ доллари -460 сўм) ўртасидаги тафоут, жарликка давлатнинг, яъний, халқимизнинг оғир меҳнат билан топган миллиардлари тушиб ғойиб бўлмоқда.

Карвонбоши ҳақдаги мақолада яна шундай ёзилади: “Анжуманда, айниқса, биз МДҲдаги бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, ички бозоримизни хориждан сотиб олинган моллар билан тўлдиришни эмас, балки, ўз ишлаб чиқаришимзни ривожлантириш, чет эл инвестициялари ва кредитларининг асосий қисмини кенг истеъмол моллари ишлаб чиқарадиган технологияларни олиб киришга, қўшма корхоналарни ташкил қилишга сарфлаётганимиз ижобий баҳоланди”.

Ушбу баландпарвоз гаплар муносабати билан яна “Бизнес-Осиё” журналига мурожаат қилиб, Тошкент бозоридаги энг кўп сотилаётган енгил саноат(кийим-кечак) моллари рўйхатини бир кўздан кечирайлик. Отчопар, Эски Жува, Кадишев бозорларида сотилаётган 119 хил кийик-кечак туридан фақат биттасигина Ўзбекистон моли, яна 2 таси эса, Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасидан чиқар экан. Ўзбекистон бозорларидаги қолган барча моллар Туркия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Сурия, Покистон, Хитой,Таиланд, Эрон, Полша, Болтиқбўйи давлатлари ва Россия каби давлатлардан келтирилган моллар экан. Саноат маҳсулотларининг бошқа турлари борасида ҳам ана шундай манзарага гувоҳ бўлиш мумкин.

“Миллий моделимиз муваффақиятининг асоси, – дейилади яна мақолада, – аҳолининг тафаккур ва миллий-тарихий турмуш тарзи, халқ анъаналари, урф-одатлари ҳар томонлама эътиборга олинганидадир”. Ҳа, хукумат режали равишда “халқнинг урф-одатлари, тафаккури, миллий яшаш тарзи”ни эътиборга олиб, уни репрессия қилаётгани тўғри: масжидлардаги азон овозлари ўчирилмоқда, намозхонлар, ҳижоб ўраган аёллар, диний уламолар, ўзгача фикрловчи ва мухолифатчилар қатағон қилинмоқда.

“Ижтимоий жиҳатдан уюшиб(балки, “увишиб”дир?.М.Б.) яшашнинг жамоа шакли(???) ўзбек халқига тарихан мос бўлиб, бу унинг азалий турмуш тарзи билан чамбарчас боғлиқдир”, дейилади яна мақола давомида. Бу ердаги “уюшиб яшашнинг жамоа шакли” каби ғаройиб жумла Ўзбекистондаги ҳукумат идеологиясининг ҳақиқатан ҳам умум қабул қилинган нормалардан ташқарида эканлигини, бу сиёсатнинг том маънода “ўзига хос ва мос ўзбек модели” эканлигини намоён этади.

Хуллас, Ўзбекистонимизнинг ҳали “минтақавий карвонбоши” бўладиган даври келгани йўқ. Юртимиз ҳозирча бугунги ҳукумат юргизаётган сиёсат туфайли, “карвонбоши” эмас, аксинча, “нарвонбоши”, яъний, нарвоннинг энг пастки, бошланғич поғонаси бўлиб қолмоқда.

Мақсуд Бекжон