O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

КАРИМОВГА МУРОЖААТ

КАРИМОВГА МУРОЖААТ
156 views
08 October 2014 - 7:27

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИ И.А.КАРИМОВГА

М У Р О Ж А А Т

Хурматли Ислом Абдуганиевич !

Сизнинг маърузаларингизда: «Бу дунёда хасад билан эмас, ҳавас билан яшаш, ҳасад-кўролмислик иллатларидан жудо бўлиш керак. Агар хар кайси инсон – у фермер бўладими, тадбиркор бўладими ўзининг ҳалол меҳнати билан даромад топаётган, бойлик орттираётган бўлса, кандини урсин»- деган сўзларингиздан руҳланиб, фермер бўлиб, давлат режаларини 200% гача бажариб, илғор фермер булиб юрганимда 2009 йилдан тўсатдан таъзийққа учраб, сизнинг кўрсатмаларингизга амал қилганим учун оилам пароканда бўлиб, хору-зор бўлиб, 2010 йилдан мен кўчада қолдим.

04.09.14 куни мен Бош Вазир Ш.Мирзиёевга, нусхаларини Жиззах вилоят ҳокими С.Исмоиловга, Жиззах влоят Прокурори Р.Акбаровга, Жиззах вилоят ИИБ Бошлиғи А.Азизовга, Зомин туман ҳокими Б.Сафаровга Илтимоснома йўллаб, улардан ўтиб кетган барча гаплар ортда қолишини илтимос қилиб, Илтимосимни рад этсангиз иловадаги Интернетга тайёрлаган мурожаатимни Интернетга чиқаришга мажбур булишим ҳақида огоҳлантирган эдим.

Мазкур мурожаатим матнига халқни оёққа турғизадиган маълумотлар киритилган эди. Юкорида қайд килинган амалдорлар ушбу мурожаатимни интернетга чиқартиришга ундаб, шу кунгача интернетга чиқаришимни интизорлик билан кутиб ўтиришибди.

Менинг қисқача мурожаатимнинг мазмуни қуйидагилардан иборат:

Мени жиноятчига чиқарманг деб, мана 6 йилдан бери Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири Шавкат Мирзиёевга, Жиззах вилоят ҳокими С.Исмоиловга, Жиззах вилоят прокурорлари Б.Жамоловга, Р.Акбаровга ва Жиззах вилоят ИИБ бошлиғи А.Азизовларга илтимослар қилиб келсамда, улар менга тазйиқ ўтказиб, мени “ҳароми” деб ҳақоратлаб, жиноятчига чиқариб, мени жиноий жавобгарликка тортишди.

2010-йил 27-январь куни жиноятларни очиб, Жиззах ИИБ бошлиғи А.Азизовга шикоят ариза киритганимда А.Азизов, Ш.Қурбонов терговчи И.Шокиров, Прокурорлар Х.Абдуллаев,О.Нишонов, адвокат Р.Юнусовлар ўзаро жиноий тил бириктириб, мени ВСХ қамаб, “Оилангни ҳам олиб келиб қамаб қўяйликми, ёки бизнинг айтганимизни қиласизми”, деб қилмаган жиноятларни бўйнимга олишимга мени мажбур қилишди.

2013-йил 3-октябрь куни Ж.И.Б. Янгиобод тумани судьяси И.Абдувалиевга қарши шикоят бериб, судда мен тухмат қилмаганман, мен жиноятчиларнинг асл башарасини очиб, уларни нокирс, нокас, қонунбузарлар деганман. Шавкат Мирзиёев бошлик жиноятчиларининг шаънини, қадрини беодоблик билан бузмаганман. Уларнинг илтимос ва талабларини бажариб, мен интернетга чиқиб, мурожаатимни Сизга етиб боришида менга амалий ёрдам беришларини дунё аҳлидан сўраганман.

«Мени судлашга сизда умуман асос йўқ, бўхтон ва уйдирмалар билан тўлдирилган бу ишни судда кўрмай қайтариб юборинг” деганимда, судья И.Абдувалиев “Қўлингдан келганини қил деган харакатни қилиб, мени нохақ судлади.

2013-йил 14-октябрь куни судья И.Абдувалиев менга нисбатан чиқарган адолатсиз суд Хукмида, “Судланувчи А.Саримсоқовнинг ҳаракатлари тергов органлари томонидан Ўз.Р. ЖКнинг 159-моддаси 3-қисми билан нотўғри квалификация қилган” деб, айтилган бўлсада, Ш.Мирзиёев бошчилигида қонунбузар қонун химоячилари тегишли Карорлар ўрнига бир хил қолипдаги хат жавобларни бир йилдан бери менга жўнатиб, мени мазах қилиб келмоқда.

2014-йил 25-февраль куни Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи А.Азизовнинг қабулида бўлиб, унга 183 варақдан иборат хужжатлар тўпламини топшириб, мен мутлақо айбсиз эканлигимни исботлаб, “Қачонгача Ш.Мирзиёев эркатойларини ҳимоялаб юрасизлар, энди уларни деб кўчада муштлашишим керакми?”-деб айтганимда у мени Зомин туман ҳокими Б.Сафаров олдига юборди. Мен Б.Сафаровдан Ш.Мирзиёев эркатойларини мен билан учрашишни ташкил қилишни сўрадим ва Б.Сафаров мени сўровимни бажариб, Ш.Мирзиёев эркатойларини мен билан Зомин туман ҳокимлигида учраштирди. Мен уларга: “Нима қиламиз? Хатоларингизни тўғирлайсизларми ёки Ўзбекистонда ҳам Украина воқеасини бошланишини хоҳлайсизларми?-деганимда улар яъни Ш.Мирзиёевнинг 7 та эркатойлари: “Қўлингдан келганини қил”, деган ҳаракатни қилиб, устимдан мазах қилиб, кулиб кетишди.

2014-йил 5-март куни Зомин туман Прокурори О.Солиевга 66 варақдан иборат хужжатлар тўпламини унинг қўлига бериб, мени ёмон йўлга бошлаётган қонунбузарлар устидан жиноий иш қўзғатишни сўраганимда О.Солиев ҳам Ш.Мирзиёевнинг 7 та эркатойларига қўшилиб, мени мазах қилди.

2014-йил 15-март куни Жиззах вилояти Прокурори Р.Акбаров қабулида бўлиб, унга: “Ш.Мирзиёевнинг 7 та эркатойлари мени норозилик намойишига чиқишимга мажбур қилишмоқда”, деганимда Прокурори Р.Акбаров, Ш.Мирзиёевнинг 7 та эркатойларига қўшилиб, у хам мени мазах қилди.

2014-йил 2-июнь куни депутат А.Маматов қабулида бўлиб, унга:

«30 нафар турклар, татарлар Лайло исмли турк қизи бошчилигида йиғилишиб, У.Абдухакимовани ва унинг фарзандларини маҳалла раиси, участка нозири гувоҳлигида уриб-тепкилаб, уларга тан жарохати етказганлиги ва ўзбек тузини еб тузлиғига тупурган қирим татар Лена Абдукеримова миллатлар ўртасида уруш чиқаришга ҳаракат қилмоқда» деб айтганимда у хам Ш.Мирзиёевнинг 7 та эркатойларига қўшилиб, мени мазах қилди.

2014-йил 17-июнь куни Жиззах вилояти ИИБ Бошқармаси тергов бўлими бошлиғи менга қўнғироқ қилганида мен унинг чақируви асосида Тошкентдан Жиззах вилояти ИИБга келдим. ИИБ ходимларига Мамур исмли йигитга ва милиция майори Ўктам Абдусаматовга: “Мен бугун Президентга ва Бош Вазирга очиқ хат жўнатдим. Очиқ хатим интернетга чиқиб, яна шов-шув бўлишини хоҳхлаяпсизларми” деганимда улар: “Ҳа хоҳлаяпмиз, тезроқ қилсанг яхши бўлар эди” деган ишни қилиб мени ноқонуний равишда ҳеч бир асоссиз руҳий касалликлар шифохонасига қамашди ва шов-шувларга сабабчи бўлишди.

Ундан ташқари руҳий касалликлар шифохонаси шифокори Шавкат Рустамовга рухий соғломлигим ҳақидаги маълумотномани кўрсатиб: “Мана бу ҳужжат сизларнинг касалхонангизникими? Унда А.Саримсоқов руҳий соғлом дейилганку, сиз қандай асосга кўра мени касалхонага қабул қилаяпсиз”, деганимда шифокор Ш, Рустамов менга қараб: “Борда асослар”-деб менга ҳеч қандай ҳужжатлар кўрсатмай мени руҳий касаллар орасига қўйиб, 16-кунлик умримга зомин бўлди.

Шифохонада 17-18-19 июнь кунлари мен очлик эълон қилиб, оч ўтирганимда шифохона Бош шифокори Алиқулов мени қабулига чақириб, менга қараб:

“Мустақил бўлганимизда олдинги 10 йил Ўзбекистонга ҳар томонлама террористлар хужум қилиб, келгани сабабли ҳеч қандай ўзгариш қила олмадик”, деганида, мен шифокорга: “Ёлғон гапирманг, Ўзбекистонга ҳеч қаёқдан террористлар ҳужум қилинмаган. Ш.Мирзиёев бошчилигида сизлар завод ва фабрикаларни банкрот қилиб, унда ишлаб турган ишчиларни ишсиз қолдириб, уларни иш излаб ўзга юртларга кетишига мажбур қилгансизлар”-деб айтганимда, шифокор ёлғон гапираётганидан ўзи ҳижолат бўлиб қолди.

Рухий касалликлар шифохонасида бўлган кунларим у ерда 40 дан зиёд мутлақо соғлом кишилар мавжуд эканлигини ва улар ҳам ўз ҳуқуқларни талаб қилганликлари натижасида шифохонага қамалганларини аниқладим. Бу ҳақда ҳуқуқ ҳимоячиси Ш.Рустамов ўзининг 18.07.14 кунги № 447сонли навбатдаги шикоятида сизга хабар берган, лекин у шикоят ҳам сиздан яширилган.

Бу таъзйиқлар маҳалладошларимга ўз ёнимдан Навруз байрамлар, ҳотира турнирлари ўтказиб берганимда, яъни 20 йил олдин бошланган эди. Ўшанда Ш.Мирзиёевнинг: “А.Саримсоқов халқни ўз ортидан эргаштириш мақсадида ўз ёнидан халққа Наврўз қилиб бермоқда, уни ваҳобий қилиб расмийлаштириб, тезда қамоққа тиқинглар” деган топшириғига асосан менга нисбатан таъзийқ бошланиб,айни кунгача таъзйиқларнинг бошида Ш.Мирзиёев турибди.

Ш.Мирзиёев бошлик жиноятчиларнинг дўқ-пўписаларига парво қилмай мен 20 йилдан буён сизнинг кўрсатмаларингизни амалга ошириш максадида инсон ҳуқуқларини химоя қилиб келмоқдаман.

2014-йил 20-август куни Ф.И.Б Жиззах туманлараро судида Л.Алибоевнинг У.Абдухакимова ва унинг оиласини суд Қарорига асосан қонуний расмийлаштирилган уйидан чиқариш ҳақидаги даъво аризаси кўриб чиқилиб, фуқаролик судининг Қарори бекор қилинмай туриб, суднинг ноқонуний ҳукмига асосан чикарилган суд карорига асосан шу кунларда унинг оила аъзоларини ўз уйидан кўчириб чиқариш арафасида турибди. Худи шу сингари, Б.Саримсоковнинг, Н.Маликовнинг, М.Муродовнинг, Д.Кодировнинг, Ш.Мамарасуловнинг, С.Мустафокуловнинг, бошларига хам шундай ташвишлар тушган. Ҳозирги кунда уларнинг муаммолари ҳам юқори идораларда боши котиб колган амалдорларнинг ижросида турибди. Жиззахда содир этилаётган
қонунбузарликларни санаб охирига ета олмайсиз.

Мен 10.05.14 куни Ўз.Р.Олий судининг раисига ва нусхасини сизга юборган ҳолда Ш.Мирзиёевнинг ҳаракатсизлиги юзасидан уни ФПК нинг 26 ва 27 боблари доирасида жавобгарликка тортиш ҳақида Шикоят келтирганман. Хозиргача ушбу шикоятим Олий судда кўриб чиқилмаган. Сизга юборган шикоятимни сиздан яширишган.

Ўзбек халқининг душмани бўлмиш Ш.Мирзиёев ва унинг қонунбузар ҳамтовоқларининг энг жирканч ҳаракатлари, яъни ҳақиқатни айтган инсонни аввало унинг оила аъзоларини ўзига қарши қайраб, унинг маблағини қуритиб, кейин устидан мазах қилиб: “Ана энди ишлайвер” деб, унинг устидан мазах қилади. Ушбу услублар менга нисбатан тўлиқ қўлланиб бўлинди. Ҳозирда мени оилам барбод бўлган, ажрашганман, оға иниларим мендан батамом юз ўгиришган,чўнтакларим қуриб, ҳаракат қилишга маблағим йўқ. Шунинг учун охирги чора сифатида юртбошимиз – Сизга мурожаат қилмоқдаман.

Ш.Мирзиёевнинг конунбузарлари мени ўз элимдан кувиб солганлари учун менинг аник манзилим йук.

Тел: 99890.310-31-64, 99894.341-53-77

Жабрдийда “Узум боғдорчилик”
фермер хўжалиги раҳбари:

/А.Саримсоқов./ ___09.14й