O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Каримовга тинчлик керакми?

Каримовга тинчлик керакми?
162 views
23 July 2013 - 13:33

Бугунги кунда, юртимиздаги тинчлик мамлакатда юритилаётган “доно” сиёсатнинг неъмати деб халқ онгига сингдирилаяпти. Дунёда содир бўлаётган террористик ва жанговар ҳаракатлар инсонларга ва сиёсат юритувчиларга хос камчиликлар эканлигига урғу берилаяпти. Каримов сиёсати эса эл тинчлигининг гарови, деб ОАВ да тинимсиз тарғиботлар олиб борилади.

Тарғибот натижалари халқимизда ўзига хос бир фикрлаш шаклини пайдо қилган. Ҳозир инсонларимизнинг аксарият қисми “Ҳудога шукурки элимиз тинч, агар уруш бўлганда ҳолимиз нима нечарди?” – дея, ҳаёт қийинчиликларига қарамасдан ўзларини юпатаяптилар.

Инсоният таърихи уруш воқеалари билан жуда тиғиз. Лекин, инсоният таърихда бўлиб ўтган ҳар бир урушнинг сабаблари ва оқибатлари бор. Томонлар уруши учун идеалогик шароит, моддий техник баъза, кадрлар тайёргарлиги, тактик амаллар режаси ва озиқ-овқат муаммолари албатта етарлик даражада бисёр бўлиши керак. Шу шароитлар яратилганда турли томонлар орасида уруш ҳаракатлари содир бўлиши мумкин.

Уруш – бу қўлига қурол олган кишининг бозорда бомба портлатиб, кўчада ўқ узиб, нотониш одамларни ўлдиришдан иборат бўлган жоҳиллик ҳаракати эмас. Бундай ҳаракатларни мутлақо ҳарбий фаолиятларга алоқаси бўлмаган одам ҳам буюрттма асосида қўйилган қонли сиёсий спектакл деб изоҳлаши аниқ. Тошкентдаги 1999 йил 16 февралдан то Андижонданги 2005 йил 13-май қатлиомигача бўлиб ўтган “террористик” ҳаракатларнинг кўринишлари бюртма спектакелларнинг айнан ўзи эди. Чунки мазкур ҳаракатларда на идеологик мақсадлар, на тактик харакатлар, на конкрет томонлар ва на уруш ҳаракатларини бошқарувчи ҳарбий кадрларнинг номи аниқ эди.

Уруш ва тинчлик муаммоларини ечиш, ҳарбий стратегик ва тактик муаммодир. Бу мамлакат бошқарув таркибидаги “Хафсизлик кенгашининг” муаммоси ҳисобланади. Муаммо эса халқ олдида ошкора ечилмайди. Уруш ва тинчлик муаммосини ечган раҳбарнинг навбатдаги вазифалари, мамлакатнинг ижтимоий ва сиёсий барқорорлигини таъминлашдан иборат бўлади.

Уруш – одатда бир халқнинг иккинчи халққа нисбатан агрессив ҳолатидан, ҳудудий ва миллий даъволарни ечишидан келиб чиқади. Бир давлатнинг иккинчи давлат ҳудудида, ўз сиёсатини ўтказиш мақсадлари ҳам урушларга сабаб бўлиши мумкин. Русиянинг Чеченистон билан олиб борган кейинги уруши бунга ёрқин далил бўла олади.

Бизнинг тинчликсевар халқимиз ўзининг узоқ йиллик таърихи давомида, чет элларга тажавузкорлик ҳужумини ўтказмаган. Аксинча, аждодларимиз чет эл босқинчиларининг ёвузлиги билангина курашганлар.

1219 йил Чингизхон армияси Хоразмга (юртимизга) бостириб кирди. Аслида буни биринчи жаҳон уриши деб атасак ҳам бўларди. Аждодларимиз ўз она тупроғи учун мардоновор курашдилар. Бу урушда Жалолиддин Мангуберди миллатимизнинг ҳамда дунё таърихида мутлақ ватанпарварлик мезони билан ўчмас из қолдирди.

Тарихимизнинг энг қора саҳифаларидан бири 19-чи асрда Чор Россиясининг ҳийла билан юртимизни босиб олишидир. Кейинчалик рус коммунистлари куч билан халқимиз эътиқодига мутлақо тескари бўлган динсизлик ғоясини жорий қилдилар. Ватанпарварларимиз рус босқинчиларига қарши қаттиқ курашдилар. Минг афсуски, миллатни сақлаб қолиш учун коммунистларга ён босишга тўғри келди.

Миллатлараро тотувлик эл ривожининг биринчи шартидир. Ислом тъалимотида дин бирламчи, миллат иккиламчи деб айтилган. Неча асрлардирки, халқимиз таълимотнинг ушбу кўргазмасига амал қилиб келаяпти. Ўзбек ҳеч қачон узоқ ва яқинида яшаётган бошқа миллатлардан ўзини устун қўймаган. Бошқа диндаги миллатлар билан тинч-тотув яшаб кела олган. Бу билан ўзаро ва миллатлараро уруш- жанжалларга ҳам чек қўйилган.

Дунё сиёсий театрларида амалдаги ҳокимиятни қурол ёрдамида ағдаришни кўзлаётган экстремистик кучлар ҳам пайдо бўлмоқда. Бу кучлар одатда оз сонли бўлишига қарамасдан диктатурага қарши курашиб ҳукуматни қўлга олаяптилар. Чунки диктатуранинг ўз-ўзидан тугашига ишонмаган халқ бу кучларни қўллаб қувватлаши мумкин.  Агар диёримизда куч ишлатиб Каримов режими ағдарилса, бундай қон тўкилишлар учун фақат Каримовнинг ўзи айбдор бўлади. Лекин Каримов бу вазиятдан, “қабиристон тинчлиги” ёрдамида чиқиб кетмоқчи.

Аллоҳ жамиятимизни кўриб турибди. Жамият ривожи эса Яратганнинг иродасига бўйинсунади. Яъни, жамият Аллоҳ яратган қонунга мувофиқ ривожланади. Диктатор Каримов ҳеч қачон ўз халқини севмаган ва ўзи тайинлаган амалдорларни ҳурмат қилмаган. Унинг ўз халқига уйғонмаган муҳабати жамиятимизга жоҳилиятни олиб кирди.

Жаҳолият қонунлари ҳеч қандай қонунга бўйсунмайди.  Бугун Каримов ўз атрофидагиларга буйруқ бериб, ҳоҳлаган натижани олиш имкониятига эга эмас. Бу эса Аллоҳнинг иродаси билан, тез фурсатларда бу жамиятда инқлобий ўзгаришлар рўй беради деганидир.

Каримов “тинчлик” сиёсатининг асосий мақсади, халқнинг иқтисодий ва сиёсий эҳтиёжи билан мутлақ боғлиқ бўлмаган жорий режимни мумкин қадар узоқ ушлаб турушдир. Унинг “тинчлик” сиёсати режимнинг асосиий концепцияси яъни халқни қўрқувда ушлаб туриб бошқаришда асосий рол ўйнаяпти. Бундай “тиничлик” сиёсати, режим тарафдорларига шу кунгача жуда қўл келган. Президентнинг “тинчликни сақлаш” сиёсати амалларидан айрим фактларни мисол таритқасида келтирмоқчиман:

– Ҳокимият олдига ўз ҳаққи-ҳуқуқларини талаб қилиб чиққан одамларга тинчликни бузувчилар айби билан муомала қилинади. Яъни, пикетчилар, митингчилар ҳаракати кўп сонли ҳуқуқ-тартибот ходимларининг кучли босим билан тўхтатилади. Намойишчиларга миллионлаб жарима солинади. Халқ қўрқитилади;

– Режим ўз фаолияти давомидаги 1999-2004 йилларда, “террорчилар” деб уюштирилган ҳар бир қонли спектакеллари билан халқни анча қўрқитиб қўйди;

– Каримов, адолатни излашда анча илдамлаб қолган Андижонликлар устидан 2005 йилнинг 13 май кунида очиқчасига қатлиом уюштирди. Бу акт Каримовнинг “тинчликни сақлаш” сиёсатининг дунёдаги энг даҳшатли кўриниши бўлиб қолмоқда. Шунинг учун ҳам 2005 йил 13-май фожеаси ҳалигача кўпчилик дунё аҳлининг диққат марказида турибди.

Каримовнинг мамлакатдаги “тинчлик” сиёсати режим хусусиятининг бир қисмдир. У бу режимни ўз умри давомида ўзгартирмайди ва ўзгартириб олмайди ҳам. Чунки Каримовнинг Ўзбекистонни бошқа кўринишда бошқариш қобилияти ҳам ва унинг тахтдан кетиш нияти ҳам йўқ.

Каримовнинг “тинчлик” сиёсатини асосан ИИВ ва МХХ ходимлари амалга оширмоқдалар. Улар каримовча “тинчликни” сақлаб туриш учун унинг кўп ноқонуний кўргазмаларини бажарадилар. Масалан:

– Эркин фикрларнинг матбуотга чиқиб кетмаслигини назорат қиладилар.

– Ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қиладиганларни кўчага чиқгани ҳам қўймайдилар.

– Эркин фикрловчи инсонларга ўз вақтида провакциялар уюштриб, уларни узоқ муддатларга қамайдилар.

ИИВ ва МХХ ходимлари шу каби ёки бошқа кўринишларда инсон ҳақларини паймол қилувчи ишларни ҳам ташкиллаштириб борадилар. Бундай нопок ишлар кўпчилик МХХ ва милиция ходимларининг ҳам аллақачонлар жонига текан. Шу боис яқин фусатларда халқ Каримовнинг кетишини талаб қилиб кўчага чиқгудек бўлса, бу хизматчилар халқ тарафида туриб митинг ва бошқа чиқишларни тартиб билан ўтишини таъминлаяжаклар.

Каримовнинг яқин келажакда тахтдан кетишига халқимизнинг катта қисми ишониб қолди. У тахтдан кетгандан кейин бу диктаторнинг барча сиёсий жиноятларига чек қўйилади. Жумладан “тинчлик” сиёсатига ҳам. Кейинчалик уруш ва тинчлик муаммолари билан фақат мутахассислар шуғулланадилар. Бу ва бошқа муаммолар тафсилотларини кейинги мақоламда ёритаман, инша Аллоҳ.

(давоми бор)

Жуманиёзов Нураддин
Эрк партияси аъзоси
Тошкент. 22.07.13