O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Каримовдан бошқа барча номзодлар сайловчилар билан учрашмоқда

Каримовдан бошқа барча номзодлар сайловчилар билан учрашмоқда
137 views
17 February 2015 - 18:19

229 мартда бўлиб ўтадиган Президентлик сайловлари арафасида номзодлар жойларда тарғибот ишларини бошлаб юборган. Амалдаги Президент Ислом Каримовдан ташқари уч номзод бир куннинг ичида иккитадан вилоятдаги сайловчилар билан учрашишга улгурган. Бу ҳақда Би-Би-Си Ўзбек хизмати хабар қилди.

Хабарда айтилишича “Миллий тикланиш” партиясидан номзод Акмал Саидов 16 февраль куни Сурхондарё ҳамда Қашқадарё вилоятларидаги сайловчилар билан учрашиб сайловолди дастурини тақдим қилган.

Шу куни “Адолат” социал демократик партиясидан номзод Наримон Умаров Хоразм вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб сайловчилар билан учрашган.

Халқ демократик партиясидан номзод сифатида кўрсатилган Ҳотамжон Кетмонов ҳам 16 феврал куни Фарғона ҳамда Наманган вилоятида бўлиб сайловчилар олдида чиқиш қилган.

Бироқ Президентликка асосий даъвогар бўлган амалдаги давлат раҳбари Ислом Каримовнинг сайловчилар билан учрашгани тўғрисида хабар берилмаган.

Каримовнинг Ўзбекистон-Либерал демократик партиясининг 6 феврал куни Тошкентда ўтган қурултойи чиқиш қилгани ҳақида маҳаллий ОАВ хабар берганди. Бироқ ушбу қурултойдан лавҳалар марказий телеканаллар орқали эфирга узатилмади. Бу эса Каримовнинг қурултойда қатнашиб-қатнашмаганлигини савол остида қолдирганди.

Кузатувчилар ушбу маъруза Ислом Каримовнинг сайлов олди дастури сифатида хизмат қилишини айтишмоқда.

“Ўзбекистон” телеканали муҳаррири сайловга оид кўрсатув ҳар куни маҳаллий вақт билан соат 20:05 да бошланиши, бироқ Ислом Каримов номзоди қўйилган Ўзбекистон-Либерал демократик партиясининг қурултойи қачон эфирга кетиши тўғрисида маълумот беролмаслигини билдирган.

16 феврал куни Ўзбекистон халқ демократик партиясининг 9 февралда бўлиб ўтган қурултойи “Ўзбекистон” телеканали орқали намойиш этилган.

Унда номзод Ҳотамжон Кетмоновнинг маърузаси ҳам кўрсатилган.

Ижтимоий тармоқлардаги фойдаланувчилар нотиқларнинг умумий гаплар билан чекланишганини ёзган. “Овоз беришга чақиришмоқда, лекин кимгалигини айтишмаяпти”, – деб ёзилди.

Бироқ Ҳотамжон Кетмонов номзод сифатида бир неча эътиборли таклифларни олдинга сурган.

“Кетмоновдан яхши таклиф: Монополиялар тарифлари расмий инфляция кўрсаткичидан юқори даражада ўсмаслиги керак. Дори-дармон рекламасига чек қўйиш керак! Яқин қўшнилар билан очиқ сиёсий алоқада бўлиш керак, ташқи савдода устуворлик қўшниларга қаратилиши лозим”, -деб ёзди кўрсатувни кўрган твиттер фойдаланувчиси.

Бундан ташқари Кетмонов суд ҳокимияти ваколатларини ошириш борасида ҳам фикрларни айтган.

Халқ демократик партиясининг Сайлов штаби раҳбари Аваз Саидов Би-би-си билан суҳбатда коммунал тарифларнинг умумий ўсиши ойлик маошларнинг бир йилда кўтарилиш миқдоридан ошиб кетмаслиги партиянинг дастурида кўрсатилганини тасдиқлади.

Би-Би-Си хабари асосида тайёрланди

ЎХҲ ахборот бўлими