Ҳозиргина ББС ўзбек хизматидан олинган хабарга кўра, бугун Президент Каримов Оқсаройда Қозоғистон Ташқи Ишлар Вазири Ерлан Идрисовни қабул қилган. Қозоқ манбалар учрашувнинг режалаштирилмаган учрашув эканлигини таъкидлаганлар ва Каримовнинг соғлиғи ҳақида маълумот бермаганлар. Шунингдек, Ўзбекистон диктаторининг соғлиғи ҳақида маълумот бериши мумкин бўлган видео ёки фото материаллар ҳам тарқатилмаган. Ўзбекистон расмий идоралари ҳам бу учрашувни ҳозиргача тасдиқламаганлар.
Бизнинг фикримизга кўра, 19 мартда юрак инфарктига дучор бўлган Ислом Каримовнинг соғлиғи ўтган саккиз кун давомида даволаниш натижасида бир мунча яхшиланган бўлиши мумкин. Шифокорларнинг маълумотига қараганда юрак инфарктининг енгил ҳолларида хастанинг аҳволи уч кундан кейин, оғир ҳолларда эса бир ҳафта ёки ўн кундан кейин нормаллашиши мумкин. Президент Каримов ўзини соғлом қилиб кўрсатиш учун Қозоғистон Ташқи Ишлар вазири билан номигагина учрашганга ўхшайди. Эртага Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг навбатдаги сессияси очилади. Унда Ислом Каримовнинг қатнашиши ёки қатнашмаслиги бу диктаторнинг соғлиғи ҳақида кўпроқ маълумот бериши мумкин.
ЎХҲ Ахборот Маркази
27 март 2013 йил