O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Каримовни гўрида тикка тургазмоқчимисиз?…

Каримовни гўрида тикка тургазмоқчимисиз?…
179 views
05 October 2016 - 19:35
dunyouzОтамурод Раҳмон
“Дунё ўзбеклари” сайтида ёзувчи Абулқосим Мамарасуловнинг бир мақоласини ўқидим. Муаллиф мақоласига исмидан кейин “Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси” деган унвонини қўшиб имзо чекибди.
Унда журналист Улуғбек Ашурга раддия баҳонасида бошдан-охир Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах вилоятидаги ишларига мадҳиялар ўқилган.
Бўлиши мумкин.
Тортишмаймиз.
Гарчанд, “ёзувчимиз” айни чоқда Жиззахда фермерлик ҳам қиладилар. Яъни, мақтовдан бевосита манфаатдор шахс.
Аммо бу нарсага ҳам эътибор бермайлик майли.
Мен тушунмаган нарса шу: Шавкат Мирзиёев даврида Жиззах телевидениесида ишлаган, ҳокимнинг кўп ишларини ичдан биладиган Улуғбек Ашурни камситишга ҳаракат қиларкан, ёзувчи Абулқосим Мамарасулов “асли андижонлик” деб сўз қистириб кетган. Бу билан нимани назарда тутди муаллиф?
Иккинчи яна тушунмаган ерим мана бу парчада. Ўқиб кўринг:
“Шавкат Мирзиёев ҳамиша ташаббус одами бўлиб келган. Айниқса, ёшларга кўп эътибор берган. Жиззах шаҳрида ва вилоятда оммавий ободончилик ўрнатиш йўлга қўйилди. Ички имкониятлардан келиб чиқиб, кенг кўламли қурилишлар амалга оширилди. Жиззах шаҳридаги “Ёшлар маркази”, “Олимпия резервлари” спорт мажмуаси каби қатор иморатлар бугун ёшларга хизмат қиляпти.
Шавкат Мирзиёев Бош вазир бўлгандан сўнг бу тахлит қурилишларни республика миқёсида амалга ошира бошлади. Барча туманлар ва қишлоқларда мактабларни янгидан қурди, коллежлар қурди, стадионлар, спорт мажмуалари қурди. Бунақа қурилишлар бугун ҳам шиддат билан давом этяпти. Барча вилоятлар ва туманлар, қишлоқлар қайтадан қурилмоқда, ободонлашмоқда, оддий аҳоли учун замонавий коттежлар бунёд этилмоқда.
Буларнинг бари Шавкат Мирзиёев ташаббуси.
Ана шу тахлит ташаббуслар натижаси ўлароқ РИО-2016 олимпиадасида 207 мамлакат орасида бизнинг спортчилар олган медаллар сони бўйича 26 ўринга кўтарилди.
Ғолиб ва совриндорлар орасида эса республикамизнинг турли туманлари ва қишлоқлари вакиллари бор эди”.
Айтилган бу ишларнинг барчаси яқин кунларгача “Муҳтарам Юртбошининг шахсан ташаббуслари” билан қилинар эди-ку? Ютуқлар ҳаммаси Президент Ислом Каримовники эмасмиди? Ислом Каримов ўлганига ҳали қирқ кун бўлмади. Ҳали гўрга кирганининг чилласи чиқмай туриб энди эски ишларнинг ташаббуси ҳам бошқа одамга олиб берила бошландими?
Айниқса, РИО-2016 даги ютуқлар Кимнинг хизмати эди?
У ютуқлар Кимга бағишланган эди?
Бу эврилишларни кўриб Ислом Каримовнинг руҳи чирқилламайдими? Гўрида тикка турмайдими?
Яшаворинг-е, фермер-ёзувчи ака!
Муаллифнинг facebook.com ижтимоий тармоғидаги саҳифасидан олинди