O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Каримовча жоҳиллик қурбонлари

Каримовча жоҳиллик қурбонлари
33 views
29 November 2012 - 10:05

Мустақил Ўзбекистоннинг бугуни билан кечаги кунни қиёслашга қодир фуқаролари билан дилдан суҳбатлашган кишига халқимизнинг мустақилликдан кўнгли совигани маълум бўлади. Халқни хорлаётган бир ҳовуч мансабдорлар аксариятининг империя даврида ҳам пичоғи мой устида эди. Агар айни кунда сиёсат бошқа томонга ўзгариб кетар бўлсами, мунофиқликда устамон мазкурлар бир думалаб, йиғлаб-сихтаб, ўзларини хорланганлардан кўрсатиб, янги сиёсат томонга ўтишни ҳам уддалаши турган гап.

Уят, андишани буткул йиғиштириб қўйишди, ахир биз ҳаётмиз.  Ўтган кунларимиз “қуллик”, яшаб турганимиз “озодлик-мустақиллик” бўладиган бўлса, бизнинг авлод ҳар иккаласига ҳам гувоҳмиз. Кечаги куннинг ўрта ва олий мактабларида таълим-тарбия олдик.  Тўғри, аждодларимиз тарихи бузиб кўрсатилганлиги ҳақиқат, аммо кечаги куннинг халқпарварлик, илмпарварлик, етимпарварлик сиёсати оддий халқ ёдида муҳрланиб қолган. Турмуш оғирлашган сари муҳрлар тилга кирмоқда. Бўлар гап шуки, Ўзбекистоннинг бугунги қулдорлик сиёсати афкор оммани бу каби мустақилликдан бездирди.

Ўтмишдаги қуллигимизнинг Каримовча мустақиллик берган қуллигимиздан ўлса ўлиги ортиқ эди. Куфр давлатида яшаганимиз рост, аммо дунёвий илмлар ривожланди. Қишлоқда ўсган оддий деҳқон болаларидан олимлар, фан докторлари етишиб чиқди, янги шаҳарлар қурилди. Маорифга, таълим-тарбияга катта эътибор берилганига гувоҳмиз. Таълимда ҳозирдагидек майнавозчилик, алдам-қалдам йўқ эди.  Сиёсат қандайлигидан қатъий назар, халқ ҳар доим яратишда бўлди… Ўқитувчининг порахўрлиги, таъмагирлигини тасаввур ҳам қилолмасдик.

Учта-тўртта бино қуриб гердайишнинг ўзи тараққиёт эмас! Ҳой инсонлар, пахтанинг катта қисми машиналарда териларди. Ҳозиргилар техника нелигини унутиб қўйишди. Терим машинасига эга бирорта фермер бор  бўлса, чиқиб гапирсин. Боладан чақа далада. Мактабни буткул унутишди-ку. Кейинги авлоднинг саноқли 2-3 фоизини демасангиз, ҳозирда ёппасига саводсизлик даврида яшаяпмиз. Мамлакат аҳолисининг маърифати қоқ иккига бўлинган. Катта авлод кириллда, кейингилар лотинда. Бу саводсизликдан ким фойда кўряпти? Менимча, ўзбекнинг йигирма йиллик янги давр тарихи бир жоҳил Президентнинг қурбони бўлди, холос.

Баъзи бировлар телевизорларга чиқиб олиб, бузғунчи сиёсатни олқишлайди. Эмишки, ҳозирги болалар зўр даврда, сотка, компьютерлар, ҳар хил техникалар даврида ўсишмоқда. Бунинг ўрнига, мана шу қўлимдаги “сотка” техника фанлари доктори фалончи олимизнинг ижоди, деса эди, фахрлансак. Қасиям бир шоир японларга қойил қолиб, “бургани тақалаган японлар”, деб ёзган экан. Хўш, бизнинг олимларимиз бирор оламшумул кашфиёт қилолдиларми кейинги  чорак асрда? Гапирсангиз шундан гапиринг. Чўнтакда сотка, уйида компьютер, тагида зўр машинаси бўлган одам маърифатли бўлавермайди!

Оғзидан оқ ит кириб қора ит чиқадиган, мартабаси баландроғи ўзидан пастроғини тепиб урадиган амалдорлар тарбиясини олган авлоддан маданият тугул савод кутишнинг ўзи нодонликдир. Менинг ҳаётим мактабга бағишлангани учун ҳам бу нарсаларни  кўтаришим  қийин кечаётир…”, деб сўзини тугатди нафақадаги ўқитувчи, ҳозирда оилавий табдиркор Отамурод ака.

Муҳаммадқодир Абдулатиф ўғли