Андижон вилояти хокимлиги ўрта махсус, касб-хунар таълими бошқармаси томонидан шу бошқарманинг бошлиғи Н. Тўхтабоев 21 январ куни имзолаган Буйруқ № 4 тарқатилди. Унинг тўла матни ушбудир:———————–
21 январь 2012 йил
Андижон шаҳри
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” номли китобини таълим муассасаларида ўрганишни ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Презиленти Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон мустақилликкка эришиш остонасида” номли китобини таълим муассасаларида ўрганишни ташкил этиш ва Ўзбекистон Республикаси ўрта махсус, касб-хунар таълими Марказининг 2012 йил 16 январдаги № 17- сонли буйруғини бажарилишини таъминлаш мақсадида
БУЮРАМАН :
1. Ўрта махсус, касб-хунар таълими Марказининг 2012 йил 16 январдаги № 17-сонли буйруғи раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Таълим муассасалари раҳбарларига:
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” номли китоби таълим муассасаларида 2011-2012 ўқув йилининг иккинчи ярим йиллигида 1-2-3 бочқичлари учун 12 соатлик ўқув дастури ва услубий қўлланма асосида танлов фанлари учун ажратилган соатлар ҳисобидан ўрганишни ташкил этиш;
– ушбу ўқув курсини ўқитишни самарали ташкил этиш учун “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” курсини ўқитишга жалб этилган педагог-ўқитувчиларнинг педагогик маҳорати, шахсий-инсоний фазилатларига алоҳида эътибор қаратиш ва уларнинг пухта тайёргарликка эга бўлишини таъминлаш;
– ушбу курсни махсус жихозланган хоналарда (плакатлар, мавзуга оид видео тасмалар, компьютер, проектор ва бошқа) ўқитишни ташкил этиш;
– ўқув курсининг маълум соатларини ўқитишда уни амалиёт билан боғланган холда музейларда ва истиқлол йиллари барпо этилган йирик иншоатларда кўчма машғулотлар сифатида ўқитилишини таъминлаш;
– ўқитувчининг кундалик дарс режаси ва дарсга тайёргарлик даражасини методик таъминлаш ва ташкил этиш даражасининг таълим муассасаси маъмурияти томонидан мунтазам кузатиб боришини таъминлаш;
– курсни академик лицей ва касб-хунар коллежларида сифатли ўқитилиши, машғулотларнинг юқори савияда ўтказилишини таъминлаш;
– ушбу курсни ўқитиш натижаси бўйича бошқарманинг маънавий-ахлоқий тарбия ва спорт бўлимига ахборот киритиш вазифалари юклатилсин.
3. Маънавий-ахлоқий тарбия ва спорт бўлими(И. Артиқбаев)га таълим муассасаларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” ўқув курсини назоратга олиш, китобни ўрганиш бўйича ишлаб чиқилган ўқув дастури ва услубий қўлланмани электрон шаклда таълим муассасаларига етказиш вазифаси юклатилсин.
4. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилиш бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари К.Зайнобиддинов зиммасига юклатилсин.
Бошқарма бошлиғи: (имзо) Н.Тўхтабоев
——————————-
Маълумки, ҳар бир коллеж ўқитувчилари учун ҳам ҳафтанинг маълум кунларида “Маънавият соатлари” деб аталадиган мажлислар бўлиб ўтади, уларни директорнинг маънавият ишлари бўйича ўринбосари олиб боради. Маънавият соатида ҳар бир ўқитувчининг иштирок этиши мажбурийдир. Бу мажлисларда Ўзбекистон давлати юритаётган сиёсат мақталади, президентнинг қаерга боргани ва қандай нутқ сўзлагани ҳақида газеталарда чиққан мақолалар ўқитувчиларга тушунтирилади.
Халқнинг бошқа қатламлари вакиллари каби, ўқитувчиларнинг аксарият қисми Ўзбекистон газета ва журналларини ўқимай қўйганлар. Шу боис маънавият соатлари орқали хукумат ўз сиёсати ҳақидаги маълумотларни одамлар онгига зўрлаб сингдиришга уринади. “Кимёдан дарс берасизми, физикаданми, тарихданми – ўз дарсингизнинг ҳеч бўлмаса 15 минутида ўқувчиларга президентимиз юритаётган доно сиёсат ҳақида гапиришингизни талаб қилишмоқда” дейди Андижон саноат ва транспорт коллежи ўқитувчиларининг бири.
Президентнинг янги чиққан китоби ҳақида ҳам ҳамма коллежлар маънавият соатларида маърузалар уюштирилган ва уюштирилмоқда.
Китоб 1989-1991 йилларда бўлиб ўтган воқеаларга даҳлдор эмиш. Унда Гдлян-Иванов бошчилигидаги Москва текширувчиларининг Ўзбекистондаги салбий фаолияти, мустақиллик декларацияси қабул қилинишида Ислом Каримовнинг ташаббускорлиги, 1991 йил 19 августда Москвада Янаев фитнаси рўй берган даврда президентнинг Ҳиндистон сафарини бекор қилганлиги ва Ўзбекистоннинг алоҳида ўз йўли, ўзининг бу борада қатъий қарори борлигини таъкидлаганлиги ва шу каби ўша даврга оид бошқа воқеаларда Президентнинг босиқлик билан ўзбек халқи манфаатлари учун курашганлиги акс этган эмиш. Маънавият соатларидаги мажлисларда ўқитувчиларга бу китоб ҳақида шуларни айтишмоқда экан.
Ислом Каримовнинг бу китоби ҳали китоб дўконларида йўқ ва мен бу китобни кўрмаганим боис, фақат эшитганларимни ёздим, холос.
Коллежлар бошқармаси бошлиғи Н. Тўхтабоевнинг юқоридаги буйруғидан кўриниб турибдики, китоб коллежларнинг 1 курсдан бошлаб 3 курсгача бўлган ҳамма ўқувчиларига ўқитилади. Шунингдек, мазкур буйруққа кўра, президент китоби бўйича дарслар танлов фанлари учун ажратилган соатлар ҳисобидан амалга оширилар экан, президент китобини ўқитиш учун давлат алоҳида маблағ ажратаётгани йўқ. Танлов фанлари эса одатда ўқув йилининг бошидаёқ муайян ўқитувчиларга тақсимланган бўлади. Энди эса ўша ўқитувчиларнинг дарслари (ва, демакки, маошлари) президент шон-шарафи учун тегишли тартибда қисқаради.
“Ҳатто Ўзбекистон Президенти ҳам ўқитувчиларнинг маошига муҳтож бўлиб турганини қаранг, турли ревизорлар-у текширувчиларга пул йиғиб бераётганимиз камлик қилгандай!” дейди бир ўқитувчи.
Андижондаги мухбиримиз