Сайтимиз ўқувчиларидан бири ноқонуний Президент Ислом Каримовнинг Жиззах вилоятига сафари давомида ҳозирги кунда Русияда ночор “гастарбейдерлик” қилиб юрган камида 5 миллион ўзбек фуқораларидан жирканишига муносабат билдиришимизни сўраган.
Менинг бу масалага муносабатим шундан иборат:
Диктатор Каримов фақат 5 миллионга яқин “гастарбейдер”дан эмас, Ўзбекистон халқининг ҳаммасидан жирканади. У бу жирканишини ўзининг деярли 25 йиллик зулм ва қатағон сиёсати билан исботлади. Гапни узатишга керак йўқ. Икки хусусни таъкидламоқчиман холос:
– Ислом Каримовнинг қатағони ўтган асрнинг 30-йилларида халқимиз бошига тушган Сталин қатағонларига ўхшайди. Бу ҳақда Ўзбекистон ичида ҳам, хорижда ҳам нафақат инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи ташкилотлар, балки бутун дунё ҳамфикр бўлган.
– Ислом Каримовнинг катта қизи Гулнора Каримовадан бутун Ўзбекистон халқи нафрат қилиши машҳур “Викиликс” ҳужжатларида ҳам айтиб ўтилганди.
Мен бу ерда нега Каримовлар оиласи Ўзбекистон халқидан, Ўзбекистон халқи эса бу золимлар оиласидан жирканади, деган саволга қисқа жавоб бермоқчиман.
Бунинг асосий сабаби Ислом Каримовнинг ўзбек миллатига руҳан ва амалий ҳаёт нуқтаи назаридан бегона бўлишидир. Каримов совет режимнинг фарзандидир, фикрлаши ва тушунчаси совет кишилариникига хосдир. Бошқа сўз билан айтганда у советлар тарбиялаган манқуртлардан биридир. Унинг ўзбек тилини яхши билмаслиги ҳам бунинг далилларидан биридир. Бошқа томондан Ислом Каримов ашаддий атеист ва коммунистдир, яъни унинг Ислом дини ва мусулмонларга қарши алоҳида нафрат билан қарашидир. Шунинг учун ҳам у мастақилликдан кейин мусулмонларга қарши ниҳоятда даҳшатли қатағон сиёсатини олиб борди ва бормоқда.
Аммо Ислом Каримовнинг раҳбарлик муддати ҳам тугаб бораётгани бир ҳақиқатдир. У шунча йиллар давомида ўзбек халқига бўлган нафратини раҳбарлиги ва ҳаётининг охирида, яқин кунларда Жиззах вилоятига сафари давомида очиқ айтишга журъат қила олди. Аслида эса у Ўзбекистон Президенти бўлиши билан ўзбек халқини оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан сўккани ва ҳақорат қилганига ўша пайтдаги раҳбарлар ва депутатлар гувоҳ бўлганлар. Халқни ва унинг вакилларини бу шаклда ҳақорат қилиш ва таҳқирлашни Каримовга яқин раҳбарлар ундан ўрганганлари ҳам бир ҳақиқатдир…
У ҳолда ўзбек халқини севиш ва ҳурмат қилиш, унга жону кўнгилдан хизмат қилиш нимага асосланиши керак? Бунинг учун аввало ўзбек халқини улуғлайдиган, унинг тарихи ва маданиятига ва эътиқодий қадриятларига мос келадиган мафкуравий ва сиёсий дастурлар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши зарур. Мен бу қадриятлар ҳақида аввал ҳам гапирганман ва уларни бу ерда ҳам такрорламоқчиман:
1. Миллий қадриятларимиз (миллатчилик эмас), яъни она тилимиз, яхши урф одатларимиз, адабиёт, санъат ва тарихимиз…
2. Инсонга ярашадиган инсон ҳуқуқлари, яъни сўз ва матбуот эркинлиги, турли ижтимоий жамиятлар, ташкилотлар, гуруҳлар тузуш эркинлиги, ҳукуматни эркин сайловлар йўли билан шакллантириш, ҳукуматни танқид қилиш, уни нотўғри сиёсатдан воз кечириш учун тинч намойишлар ўтказиш эркинлиги…
3. Эътиқод эркинлиги, яъни саҳиҳ ақидага эга бўлиш учун уни ўрганиш ва ўргатиш эркинлиги, тоат ва ибодатларни адо қилиш эркинлиги, муомалатларни (мусулмонларнинг ижтимоий, ҳуқуқий, иқтисодий, маданий маърифий, ахлоқий қадриятларини ) ўрганишлари ва яшаш эркинлиги…
Ўзбек халқини севадиганлар ва унга сидқидилдан хизмат қилишни истайдиганлар аввало ўз шахсларида шу қадриятларни мужассамлаштиришлари лозим. Кейин эса уларнинг ўзаро мутаносиблигини яхши амалларини билан кўрсатиб, бошқаларга бу масалада ўрнак бўлишлари керак. Шу шаклда ушбу қадриятларга асосланган янги жамият ва янги давлатчилик ўртага чиқади, инша Аллоҳ!
Мана шунда нафақат “гастарбейдер”лар (юқоридаги қадриятларга асосланган жамиятда албатта меҳнат муҳожирлиги кескин камаяди, борларини ҳам давлат ўз ҳимоясига олади), балки 30 миллионлик халқимиз улуғланади ва тараққий қила бошлайди. Бунинг учун эса ҳамма, шу жамладан 5 миллион “гастарбейдер”лар ушбу қадриялтларни ўзига дастур қилиб олган ЎХҲ билан ҳамкорлик қилиши зарур, деб ҳисоблайман.
Намоз Нормўмин
ЎХҲ Муассислар Мажлиси аъзоси ва мувофиқлаштирувчиси
25.06.2013