Жиззах вилояти ҳокимиятидаги манбаанинг айтишича, сўнгги 3 ой мобайнида вилоятга, Ўзбекистон Мудофаа Вазирлиги, Миллий Хавфсизлик ҳамда Президент Хавфсизлик Хизмати ходимлари серқатнов бўлиб қолишган.
“Мудофаа Вазирлигидан келганлар асосан Фориш туманидаги 39815 ҳарбий қисмга кетишяпти ва у ердаги Фориш ҳарбий полигонида махсус ҳарбий тайёргарликлар бўйича машғулотлар ўтказишяпти” дейди вилоят ҳокимиятидаги манбаа.
Фориш ҳарбий полигонидаги фаол ҳаракатларнинг сабабларини билиш мақсадида, Жиззахда кўп йиллардан буён ҳарбий қисмлардан бирида ишлаётган зобитга мурожаат қилдик. Исмини сир сақлашлик шарти билан у мана шундай деди:
“Форишдаги ҳарбий полигон Ўзбекистондаги энг йирик ҳарбий объектлардан бири ва у ерда Марказий Осиё миқёсида ҳарбий амалиётлар ўтказиб турилади. Ҳозир у ерда республика МХХга қарашли бўлган йирик ҳарбий бўлинма олиб келинган ва мана 3 ойдан буён у ерда шартли равишда “Макон 4” деб номланган амалиёт ўтказилаяпти. Маълумотларга кўра, тез кунларда Форишга И.Каримов ҳам келиши ва амалиётни шахсан кузатиши кутилаяпти. 750 нафар ҳарбий амалиёт иштирокчиси турли вилоятлардаги ҳарбий қисмлардаги ҳарбий танловдан ўтган аскарлар бўлиб, улар Фориш полигонида хизмат қилаётган бошқа аскарлардан алоҳида сақланаяпти. Аскарларни айтишларича, ҳарбий амалиёт иштирокчилари эрталаб қисмдан олиб чиқиб кетилади ва оқшом пайти яна олиб келинади. Қизиғи шундаки, Фориш полигонида ўтаётган сирли ҳарбий амалиётни Россиялик ва Хитой ёки Кореялик ҳарбий мутахассислар ҳам келиб кузатиб кетишди. “Макон 4”нинг бошқа тафсилотларини айта олмайман”.
Жиззахда бўлиб ўтаётган ҳарбий амалиёт 2 кун давомида вилоятнинг Зомин туманидаги 9225-сонли ҳарбий қисмнинг 5-12-сонли чегара бўлинмасига ҳам кўчган. Шу туманда истиқомат қиладиган манбаанинг айтишича, ҳарбий амалиёт бўлиб ўтаётган худуд 3 кун давомида ёпиб кўйилган. Шу жойга яқин қишлоқларнинг ахолиси амалиёт ўтказиладиган кунлар давомида ўз чорваларини уйдан чиқармаслик хақида қаттиқ огохлантирилган.
Зоминдаги ҳарбий қисмлардаги манбаанинг гапига қараганда, “Макон 4” ҳарбий амалиёти чоғида махсус тайёргарликдан ўтган итлар ҳам қатнашишган. Унга кўра, амалиёт чоғида қорин қисмига, узоқдан туриб портлатиладиган моддалари бор белбоғлар бойланган итлар, террорчилар тўдаси ичига қўйиб юборилиши ҳамда шу тўда ичида портлатиб юборилиши машқлари бажарилган.
“Мен бир нарсани аниқ биламанки, бу каби ҳарбий амалиётлар мустақиллик йилларидан буён ўтказилмаган. Бу шуни англатадики, хукумат ниманидир кутаяпти ва шу сабабли қаттиқ тайёргарликни бошлаб юборган” дейди Зоминлик зобитлардан бири.
Диктатор Каримов томонидан бошқариладиган ўзбек армияси Жиззах ҳарбий полигонида нимага тайёргарлик кўраяпти? Бу саволга жавоб битта: Диктатор ўзининг сўнгги кунларига ҳозирликни, ўзига эмас, ўзбек халқи учун кафан тўқишдан бошлаган кўринади…
Ўз тахтини қизига ёки яна биронта ялоқхўрига қолдиришни режалаштириб, шу тариқа зулм умрини узайтирмоқчи бўлаётган диктатор, азобдан тўйиб кўчага чиққан халқнинг орасига, белига бомба боғланган итларини қўйиб юбормоқчи.
Шу тариқа у, Ўзбекистонда бошланган ғалаёнларни “Хориждан молиялаштирилган террорчилик амалиётлари” деб атамоқчи ва нечанчи бор жаҳон оммасининг кўзига тупроқ сочмоқчи.
Бу айнан бизнинг диктаторимизнинг феълига мос бўлган одат.
Жиззахда эса ҳарбий амалиётлар давом этаяпти.
Насим Лочин,
Жиззах
ЎХҲ сайти учун махсус