O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Каримов: Кеча Кремлга, бугун Оқ Уйга!

Каримов: Кеча Кремлга, бугун Оқ Уйга!
24 views
03 September 2013 - 16:47

obama-karimov-56447262989_xlargeКуни кеча Самарқанд шаҳрида “Ўзбекистон ва АҚШ тажрибалари” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Конференция ишида Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, олим ва мутахассислар, АҚШ Конгресси делегацияси аъзолари иштирок этдилар, дея хабар беради www.zarnews.uz сайти. 
Анжуман мобайнида қабул қилинган тавсияларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий жараёнларни модернизациялаш бўйича кенг кўламли дастурни рўёбга чиқариш, парламентаризмни яна-да такомиллаштириш, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш ва демократик институтлар фаолиятини кучайтиришни тақозо этиши қайд этилган.  2010-2012 йилларда Ўзбекистонлик бир неча вакил АҚШга ташрифи давомида Сенатнинг ишлаш тажрибасини, қонун чиқарувчи ва қонунни ижро этувчи ҳокимият тизимларининг ўзаро муносабатлари ва бир-биридан мустақиллиги, марказда ҳамда жойларда ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан назорат қилиш амалиётини ўрганиш имконига эга бўлишганди.

Лекин кузатувчилар бундай муносабатларнинг самарадорлигига катта ишонч билдирмайди. Би-Би-Си радиосига берган суҳбатида ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов шундай деган: “Биринчи Америка-Ўзбекистон алоқалари эҳтиросларга бой эди… Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистонга жуда катта инвестиция ва қўллаб-қувватлов беради, деган ҳолат мавжуд эди. Бугунги муносабатлар мана шу эҳтирослардан мутлақо ҳоли. Ўзбекистон жиддий инвестиция кутаётгани йўқ. Ва бу геосиёсий яқинлашувни Россияга қаратилган ёки бошқаларга қарши қаратилган дейишимиз қийин. Айни пайтда Америка томони ҳам Ўзбекистондан инсон ҳуқуқлари ва демократия соҳасида жиддий ислоҳотлар кутмайди. Чунки, расмий Ўзбекистон бундай ислоҳотларни қила олмаслигини яхши билади”.
Конференция ишида давлат ва жамият бошқарувида фуқароларнинг бевосита иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш, аҳоли сиёсий фаоллигининг ошиши ижтимоий тараққиётнинг муҳим омилларидан бири эканлиги таъкидланди. Аҳолининг сиёсий фаоллиги ўта паст, чунки ҳукуматдан қўрқишади, яъни сиёсат ҳақидаги фикрларни очиқ-ойдин айтиш имконлари йўқ қилинган. Ўзбекистоннинг инсон хуқуқлари борасидаги бу сиёсати сир эмас, ва шу сабаб, Ўзбекистон доим танқид қилинади. Лекин Каримов кетгандан кейинги трансформация жараёнида халқаро ҳамжамият Ўзбекистонга балки кучлироқ таъсир қилиш кучига эга бўлади, деб тахмин этиш мумкин.
Маълумки, Ўзбекистонда яқин йилларда Парламент ва Президентлик сайловлари ўтказилиши кутилмоқда. Каримовдан кейинги президент ва ҳукумат учун халқаро ҳамжамият тарафидан тан олиниши ўта муҳимдир. Шунинг учун шахсан И.Каримовнинг Россия билан ҳамкорлиги унчалик ҳам яхши бўлмаган бир вақтда, Америка билан муносабатларни яхшилашга мажбур, айни пайтда Каримов ўзининг ҳозирча номаълум бўлиб турган вориси учун ҳам муҳим позицияларни мустаҳкамлашга муҳтож.
Шунинг учун, бир пайтлар Кремлга қараб яшаган бўлса, энди Оқ Уйга қараб яшашга мажбур.

Чарос