Бугун Ўзбекистоннинг жорий Конституцияси қабул қилинган кун. Бундан йигирма йил муқаддам қабул қилинган ушбу ҳужжат 6 бўлим, 26 боб, 128 модадан иборат. “Асосий Қомус” дея кўрсатилган Конституциянинг “мамлакат халқи манфаатлари учун хизмат” қилиши таъкидланади.
Ўзбекистон расмийларига кўра, Конституция мамлакат “мустақиллигининг муҳим ҳуқуқий асоси, тинч-осуда, фаровон ҳаётнинг мустаҳкам кафолати” ҳисобланади. Расмий матбуотда таъкидланишича, Ўзбекистон Конституцияси “халқчиллиги ва демократик табиати билан” бошқа ҳужжатлардан фарқ қилади.
Шунингдек, расмийларга кўра, Ўзбекистон президенти бошчилигида тузилган Конституцияда “миллийлик ва умуминсонийлик принципларига ҳам ниҳоятда нозиклик билан ёндошилган”.
Аммо ўзбек мухолифати президент Каримовнинг ўзини мамлакат Конституциясини давомли оёқ ости қилиб келаётганликда айблайди.
Хўш, мухолифатда қандай асослар бор? Бу ҳақда Ўзбекистон Халк Ҳаракати раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг Би-би-си радиосига берган суҳбатини келтирамиз:
* * *
Муҳаммад Солиҳ: Мухолифат режимга қарши бу айбловини авваламбор айбсиз қамоққа ташланган ва қийноққа солинаётган мингларча дунёвий ва диний мухолифлар билан исботлайди. Ҳолбуки, бу кишиларнинг тинч йўл билан ўз сиёсий қарашларини ва ҳатто норозликларини билдириш ҳуқуқлари Конституцияда ёзилган ва бу ҳуқуқлар топталгани учун ҳам улар қамоқларда азоб чекмоқда.
Иккинчидан, худди ўша қамоқларда ўзининг ҳур фикри учун азоб чекаётган журналистлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва бошқа диссидентлар ҳам йилларча азоб чекиб келмоқда, ҳолбуки, уларнинг ўз фикрини эркин ифода қилиш ҳуқуқи Конституцияда ёзилган.
Учинчидан, худди шу Конституцияда тадбиркорлар қатламининг ҳам эркин фаолият кўрсатиш ҳуқуқлари ёзилган, аммо бугун бу тадбиркорларнинг энг муваффақиятли фаолият кўрсатганлари ҳам “Жаслиқ” каби ўлим лагерларида қийноққа солинмоқда. “Рустамбанк” соҳибини мисол сифатида кўрсатиш мумкин.
Хуллас, қайси бир соҳани олманг, унда ҳуқуқлари топтaлмаган бирорта инсонни тoполмайсиз, қонун мени ҳимоя қилди, қонун адолатли қарор чиқарди, деган бирор фуқарони кўрмайсиз Ўзбекистонда.
Би-би-си: Конституцияга мувофиқ, давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар, жумладан президент Каримов, жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар. Шу нуқтаи назардан олганда, президент қандай хизматларни қилди, деб айтган бўлардингиз?
Муҳаммад Солиҳ: Ўзбекистон президенти Конституциянинг гаранти бўлиш у ёқда турсин, аксинча, Конституциянинг бузилишига ҳомийлик қилди, Конституцияни бузганларни қонундан ҳимoя қилди. Конституцияга амал қилишни талаб
қилганлар эса жиноятчига чиқарилди, жазоланди. Адолат талаб қилган – бузғунчига, ҳуқуқ талаб қилганлар ватан хоинига чиқарилди. Бу ҳақли талабларини митинг ёки бошқа оммавий акциялар шаклида ифода этишга интилганлар террористга чиқарилди. Мана, сизга Гарантнинг қилганлари!
Би-би-си: Аммо мамлакатда, режим тарафдорлари айтмоқчи, тинчлик ҳукмрон, хавфсизлик таъминланган… Бу ютуқ эмасми?
Муҳаммад Солиҳ: Бу тинчлик турма тинчлигидир, бу барқарорлик қабристон барқарорлигидир. Бу ташбеҳни мен 20 йил олдин айтгандим, афсуски, бу ташбеҳ ватанимиз учун бугун ҳам долзарб бўлиб қолмоқда.
Би-би-си: Ўзбекистон Республикасида ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас, дейилади Конституцияда. Аммо, Ўзбекистонда миллий мафкура борлиги айтилади. Сиз, мухолифат раҳбари сифатида, бу мафкурани қандай ифодалаган бўлардингиз? Умуман мафкурага ҳожат борми?
Муҳаммад Солиҳ: Ўзбекистонда миллий мафкура йўқ, Ўзбекистонда диктатура мафкураси бор. Диктатура режимининг мафкураси эса, нима қилиб бўлса ҳам, ҳар қандай йўл билан ҳокимиятда қолиш мафкураси. Бугунги ҳукуматнинг мафкураси айнан шу ғояга қурилгандир. Ҳокимиятда қолиш учун мингларча инсонни йўқ қилиш лозим бўлса, Каримов ва унинг режими киприк қоқмасдан йўқ қилади. Буни Андижон қатлиоми кўрсатди. Бу мафкура аксилинсонийдир, унинг умри ҳам қисқадир.
(ВВС, 08.12.2012)
(171)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (560-562-саҳифалар.)
(Тугади)