Ислом Каримовнинг 15 май куни Самарақанддаги конференцияда ва Ўзбекистонда НАТО ваколатхонасининг очилишида айтган гапи ва унинг Ўзбекистон президенти сифатида ишлашда давом этишга бўлган хоҳиши ўртасида бевосита боғлиқлик йўқ. Бироқ, Украинадаги воқеалар ва Россия империясини тиклашга бўлган ҳаракатлар билан боғлиқ таҳдидлар ҳамда Россиянинг Марказий Осиёга бевосита таъсир кўрсатишга уринишидан кейин Ғарбнинг минтақа билан ҳамкорликни кучайтиришга бўлган қизиқиши қайтадан жонланди. Бу ҳақда Шарқий ва Африка тадқиқотлари Лондон мактаби илмий ходими Алишер Илҳомов CA-News ахборот агентлигига ўз фикрини билдирди.
“Эҳтимол Каримов бу қизиқишни ҳис қилгандир ва ғарбнинг муносабати салбий бўлмаслигини инобатга олган ҳолда ўз баёнотини қилиш учун пайтдан фойдаланиб қолишга қарор қилган”, – дейди у.
Экспертнинг сўзларига кўра, Ислом Каримовнинг ишлашни исташи ва ишлашда давом этиши ҳақидаги гапининг ҳеч қандай ҳайрон қоларлик жойи йўқ аслида.
“У оёқда экан ўрнини бўшатмаслиги борасида менда ҳеч қачон шубҳа бўлмаган. Унинг учун лавозимдан кетиш ўз жонига қасд қилиш билан баробар, шу сабабли ҳам у ҳеч қайси номзодга ўз ўрнини ишониб топширмайди. Сўзда уларнинг ҳаммаси ҳам Каримовга содиқ бўлишлари мумкин, бироқ ҳокимият алмашганидан сўнг нима қилишлари номаълум. Мамлакатда коррупциянинг илдиз отиши ва иқтисодий сиёсатдаги муваффақиятсизлик учун айбни кимнингдир гарданига юклаш керакку ахир. Одатда бундай нишон сифатида ҳақиқатдан ҳам кўплаб кўрсаткичлар бўйича ачинарли аҳволда бўлган ишларнинг бугунги ҳолати учун барча айбни юклаш учун собиқ давлат раҳбари танланади”, – дея таъкидлайди Илҳомов.
Шу сабабли ҳам Каримов эксперт таъкидлаганидек ўз баёнотини билдириш учун пайтдан фойдаланишга қарор қилди. Бироқ, бу ерда масаланинг бошқа томони ҳам бор. Каримов ўзининг лавозимда қолиш ва ишлашда давом этиши ҳақидаги баёнотисиз ҳам ўрнини бўшатмаслиги тайин эди. Шундай экан, ушбу баёноти билан у ғарбнинг кескин муносабат билдириши ёки билдирмаслигини ўрганишга ва айни пайтда президентлик лавозимини бу сафар қай тарзда расмийлаштириш масаласини ҳам ҳал қилишга ҳаракат қилган бўлиши мумкин.
ЎХҲ ахборот бўлими