Ислом Каримов 18 январь куни Тошкентда бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида ҳеч қандай сиртқи кучлар Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон халқлари ўртасига адоват уруғини сепа олмайди, дея таъкидлади. Давлат раҳбари қўшнилар билан зиддиятларни келтириб чиқараётган муаммоларни бартараф этишга ваъда берди. Президентлик лавозимига ўтирганидан буён бу унинг нечанчи ваъдаси ҳамда 20 йилдан ортиқ муддат бериб келайтлан ваъдаларининг қай бири амалга ошгани ҳақида лом-мим дейилмади.
“Ушбу муаммолар фақатгина бизга тааллуқлидир. Бироқ шундайлар борки, улар орамиздаги зиддиятни кескинлаштиришни хоҳлашади. Ва улар бизга маслаҳат берадилар: “Мана улар сизларга қарши бундай қилишди, сизлар ҳам уларга жавобан зарба беринглар”, деб. Ва бу каби диверсант-маслаҳатчилар жуда кўп. Нега деган савол туғилади? Оддий халқ буларнинг барчасидан хабардор ва бу ҳақда биздан кўпроқ нарсани билади” дея Каримовнинг нутқини келтиради ca-news.org. Ўзбекистонда одддий халқ нафақат Каримовга кимлар нима маслаҳат бериши, ҳатто Сўх муаммосининг мавжудлигидан ҳам мутлақо бехабар тутиб келинишини инобатга олсак, Оқсарой ҳокими қайси оддий халқ ҳақида баҳс этаётгани тушунарсиз.
“Гап шундаки, Марказий Осиё минтақасида 5та суверен давлат жойлашган, ва биз уларнинг суверенитети ва мустақиллигини, ўзимизни ҳурмат қилгандек ҳурмат қиламиз. Агар гап бизнинг динимиз – ислом ҳақида, умуман қадриятларимиз хусусида кетса, бизни ажратувчи кучнинг ва имкониятнинг ўзи йўқ” деди яна Каримов. Бошқача қилиб айтганда, қўшнилар билан юзага келтирилган муаммоларда дарҳол динимиз Ислом эканини ва қандайдир мавҳум “қадриятлар”ни эслаб қолиши одат тусига кирган. Аммо ўша қўшнилар билан чегараларни миналар билан тўлдириб, ёки бутун чегара бўйлаб ҳандақ қазиб чиқиш қандай қадриятларга асосланишини ҳам айтмади.
Каримов ўз чиқишида яна шундай деган: “Бироқ шундай ташқи кучлар борки, улар орамизда адоват алангасини ёқиб, буни четда туриб кузатишни, ва бу англашилмовчиликларда ўзимиз билан ўзимиз овора бўлиб қолиб, тараққиётдан ортда қолишимизни, Ўзбекистон, Қирғизистон ёки Тожикистонга, жами бутун Марказий Осиёга ҳеч қандай инвестициялар келмай қолишини исташади. Бизни тиламчиларга айланиб қолишади, ўз маҳсулотларини ишлаб чиқариш қувватини бой бериб қўйишади, ва бизнинг маҳсулотларимизни сотиб олишга мажбур бўладилар дея фикр юритишади. Тушуняпсизларми нима ҳақида гапираётганимни, яхши фаҳмлаб турибсизлар буни. Буларнинг асосида нималар ётибди? Ҳеч ким уларни диверсияга оид кучлар деб атаётгани йўқ. Улар шунчаки ёрдамчилар, воситачилардир. Биласизми даллоллар қаерда керак – бозорда, улар савдогарларни ўзаро муросага келтирадилар. Сиёсатдаги воситачилар бўлса ўз манфаатларини кўзлашади”. Каримовнинг “сиёсатда ҳамма ўз манфаатини кўзлаши” ҳақидаги сўнгги жумласи ҳукумат йиғилишидаги депутатлар учун дарҳақиқат муҳим кашфиёт бўлгани шубҳасиз. Зеро Сўх каби кичик бир анклав масаласида ҳануз бирор тайинли позиция билдира олмаган давлат раҳбари бу билан ўзига қандай манфаатлар чиқариши ҳақида бош қотиришга ундаши керак депутатларни.
“Мен очиқ айтиб қўйишим керак, бу минтақада тинчлик, ўзаро ҳурмат бўлмоғи лозим. Биз минглаб йиллардан буён қирғизлар, тожиклар, туркманлар ва қозоқлар билан ёнма-ён яшаб келганмиз. Ва бизни ҳеч ким ажрата олмайди”, – дея таъкидлади Ислом Каримов. Аммо унинг бу гапларига мутеъ депутатлар тугул, ҳатто Каримовнинг ўзи ҳам ишонмаса керак.
ЎХҲ хабар маркази