Бир неча ҳафта олдин ҳам Покистон расмийлари ёпиб қўйилган Жанубий таъминот йўлини очиш эҳтимолига ишора қилишганди. Афғонистондаги хорижий кучлар учун муҳим бу таъминот йўлаги ўтган ноябрдаги НАТО ҳужумида 24 нафар Покистон аскари ўлдирилиши ортидан ёпиб қўйилган.
Аммо эски яра ўрни битмай, Покистоннинг озод қавмлар минтақаларига АҚШнинг дрон, яъни учувчисиз учоқ ҳужумлари кучайди.
Бу эса Исломобод ва Вашингтон ўртасидаги салқин муносабатларни яна-да совуқлаштирди.
Ҳар бир юк машинаси ўтиши учун Покистон жуда катта пул талаб қилаётгани ҳам ўртадаги музокаралар самарасиз тугашига етаклагандир, деган фаразлар бор. Нима бўлганда ҳам, АҚШ музокарачилари ортга қайтариб олинди.
Аксинча, АҚШ ва НАТО вакиллари энди Ўзбекистон ва Қозоғистондан ўтувчи Шимолий таъминот йўлагига катта аҳамият беришмоқчи.
Аслида, Афғонистондан чиқиб кетишга ҳозирланаётган НАТО кучлари катта миқдордаги жиҳоз ва ускуналарини олиб чиқиш учун қимматга тушадиган Шимолий таъминот йўлидан фойдаланишни унчалик ҳам хушлашмайди.
Покистондан ўтувчи Жанубий таъминот йўли эса қисқа ва арзон. Шу боис ўз музокарачиларини ортга чақириб олган Вашингтон бутун эътиборини Шимолий таъминот йўлига қаратмоқчи, дея хулоса чиқариш ўта мушкул.
Лекин икки иттифоқчи – АҚШ ва Покистон алоқалари шу даражада ёмонлашганки, Жанубий таъминот йўли ҳали-бери қайта очилмаса керак.