Ўзбекистондаги чўнтак партиялардан бири бўлган “ЎзЛиДеП” амалдаги ноқонуний президент Каримовни навбатдаги маротаба Ўзбекистон Президентлигига номзод қилиб кўрсатди.
Ўзбекистон Президенти сайлови 29 март куни бўлиб ўтади.
Бу йил 77 ёшга тўладиган Ислом Каримов чорак асрдан буён Ўзбекистонда давлат раҳбари лавозимини эгаллаб келади.
Каримов мамлакат бошқарувига 1989 йилда Ўзбекистон Коммунистик партияси бош котиби сифатида келган. 1990 йил 24 мартида Ўзбекистон ССР Олий Совети сессиясида у президент этиб сайланган.
1991 йилнинг декабрида ўтказилган мустақил Ўзбекистон президентлиги сайловларидан бери бу лавозимни ҳеч кимга бермай келаëтган собиқ ЎзКомпартия Бош котиби Ислом Каримов¸ мустақил ҳуқуқшуносларга кўра¸ ҳозирга қадар Конституцияга хилоф равишда ҳокимиятда қолмоқда.
1995 йилда Ўзбекистонда Ислом Каримов президентлик ваколатларини 2000 йилга қадар узайтиришга оид умумхалқ референдуми ўтказилди ва расмий-ҳисоб китоб бўйича¸ гўёки ўзбекистонликларнинг 90 фоиздан кўпроғи Каримовнинг қолишини ëқлаб овоз берди.
Шу тарзда¸ гўë конституцияда белгиланган бир шахснинг икки муддатдан ортиқ президентликка сайланмаслигига оид моддани бузмаган ҳолда¸ Каримов 2000 йилга етиб келди ва яна 91 фоиз овоз билан иккинчи бор президентликка сайланди.
Конституциявий чекловни айланиб ўтиш мақсадида 2002 йилда мамлакат конституциясига президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтиришга оид яна бир умумхалқ референдуми ўтказилди ва бу таклиф ҳам халқ томонидан гўë маъқулланди.
Ўзбекистон сайлов қонунлари муаллифлари¸ бундай ўзгартиш ортидан¸ Ислом Каримовнинг яна икки муддат президентликка даъво қилишга ҳақли экани иддаоси билан чиқдилар ва 2007 йилги сўнгги президент сайловида Каримов 2014 йилга қадар ҳокимиятда қоладиган президент этиб сайланди.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – “ЎзЛиДеП” амалдаги Шавкат Мирзиёевни ҳам яна Ўзбекистон бош вазирлигига номзод сифатида кўрсатди.
Парламент сайловларида “ЎзЛиДеП” энг кўп – 52та депутатлик ўрнини қўлга киритиб, бош вазир номзодини таклиф қилиш ҳуқуқига эга бўлганди.
ЎХҲ ахборот бўлими