O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Каримов Ўзбекистон-Туркия матчини йўқ қилди

Каримов Ўзбекистон-Туркия матчини йўқ қилди
155 views
07 August 2013 - 17:29

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов мамлакат футбол Федерациясига (ЎФФ) Тошкентдаги “Пахтакор” стадионида 14 август кунида Ўзбекистон ва Туркия терма командалари орасида ўтказилиши кутилган ўртоқлик учрашувини таъқиқлаб қўйди. 2 август кунида Ўзбекистон футбол федерациясининг президенти Мираброр Усмонов мамлакат раҳбари Ислом Каримовнинг ҳузурига чақиртирилди. Ва Президент   сиёсий саводсизлик қилиб қўйган ЎФФ раҳбарини бир неча тарсаки билан кутиб олди, унинг хатоси эса – Туркия футбол федерацияси раҳбарининг икки мамлакат миллий терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтказишга розилик бергани эди.

Бу “таҳдидли суҳбат” давомида Мираброр Усмоновга Туркия Каримов режимининг асосий мухолифи бўлган, Ўзбекистон Халқ Ҳаракат раиси Муҳаммад Солиҳга сиёсий бошпана берган хуш кўриб бўлмайдиган мамлакат эканлигини эслатиб ўтди Ислом Каримов.

Эртаси кун, яъни 3 август Мираброр Усмонов Тошкентдаги Туркия Жумҳурияти элчихонасига ”Ўзбекистон футбол федерацияси ҳар икки мамлакат терма командаларининг 14 август кунида ўтказилиниши мўлжалланган ўртоқлик учрашувига тайёр эмаслиги” ҳақда расмий хабар юборишга мажбур бўлди.

Шундан қилиб, ўзбек футбол мухлисларида катта қизиқиш уйғотган беллашув ўзбек оммавий ахборот воситалари ёзаётганидек, Туркия тарафи ташаббуси билан эмас, балки Ислом Каримовнинг қўлида ўйинчоқ бўлиб келаётган Ўзбекистон футбол Федерациясининг расмий талаби билан тўхтаб қолган. Энди эса Иорданияга қарши матч олдидан контрол мусобақалар ўтказиш сув билан ҳаводек зарур бўлиб турган Ўзбекистон футбол миллий терма жамоаси ўртоқлик учрашуви учун бошқа команда топиши зарур.

Каримовнинг Ўзбекистон ва Туркия орасида ўтказилиши кутилган бу ўртоқлик учрашувига таъқиқ қўйиши унинг нафақат ФИФА талабларига қарамай, миллий футбол федерацияси ишларига ҳам аралашаётганини кўрсатиб турибди.

Бу можаро Ўзбекистон президенти ўзининг шахсий амбицияларидан келиб чиқиб, Туркия Жумҳурияти билан ўзаро муносабатларини яхшилаш нияти йўқлигини ҳам кўрсатмоқда. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, Каримов давлат тепасида экан, Ўзбекистон ва Туркия орасида қардошлик ва дўстона муносабатлар ўрнатилиши имконсиз.

Тошкентдан ЎХҲ мухбири