O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Каримов ўз умрини исломият ва ҳурриятга қарши курашга сарфлаганини тан олди

Каримов ўз умрини исломият ва ҳурриятга қарши курашга сарфлаганини тан олди
182 views
13 January 2015 - 8:00

82015 йил 12 январь куни Олий Мажлиснинг очилиш мажлисида нутқ сўзлаган президент Ислом Каримов ўз умрини исломият ва ҳурриятга қарши курашга сарфлаганини тан олди. “Халқимизга ёт бўлган ғоялар ва ҳаракатларга қарши курашга мен бутун умримни сарфладим”, – деди И. Каримов. “Халқимизга ёт ғоялар ва ҳаракатлар” дегандан Ўзбекистон президенти исломий ва демократик ғоя ҳамда ҳаракатларни назарада тутиши инобатга олинса, диктатор ўз умрини айнан нимага қарши курашга сарфлаганини пайқаш қийин эмас.

“Бизнинг ютуқларимизни кўра олмаган баъзи юртдошларимиз биз қилган ишларга томошабин бўлишди, бизни Ғарбга, унинг қарзларига ботиришга интилдилар. “Ғарб, Ғарб!” – дейишади. Нима беради ўша Ғарб?! Қарз бериб яна қарзга ботиради. Ғарбдан қарз олдингми, биринчи қарзингни узиш учун иккинчи қарзни олишга мажбур бўласан”, – деб Ислом Каримов Ғарбни танқид остига олди.

Унинг айтишича, 23 йил давомида Ўзбекистон бошқа мамлакатлардан олган қарзининг миқдори республика Ялпи ички маҳсулотининг атиги 15 фоизини ташкил қилар экан. “Бу арзимаган бир қарз. Агар давлатимиз тепасига ана шу душманларимиз, томошабинлар келганида, бугун Ўзбекистон қарз ботқоғида қолган бўлар эди”, – деди Ислом Каримов.

Янги чақириқдаги депутатлар олдида нутқ қилган диктатор маърузасининг қолган қисмида ўзининг эски “пластинка”си бўлмиш тинчлик ва осойишталик мавзусини чайнади. Сўзининг ниҳоясида Каримов депутатларни ҳам ўз йўлига – исломият ва ҳурриятга қарши курашга чақирди. “Юртимизга раҳна солаётган ғоя ва ҳаракатларга қарши курашга, сизларни ҳам чақираман. Энди бу ишларни сизлар давом эттиришингиз керак!” – деди Ўзбекистон президенти.

ЎХҲ ахборот бўлими