“Майитнинг юзи кўкариб кетган, қўли тортилиб қолган, икки елкаси ва бошида бир нечта чуқурчалар бор, юзи эса тилим-тилим”.
Зарафшондаги қамоқхонадан ўлиги чиққан 43 ёшли Дилшод Исҳоқов жасадини тошкентлик фаол Мўътабар Аҳмедова ана шундай тасвирлайди.
“Жасадни келтиргач, МХХ уларнинг уйини ўраб олган ва ота-онасини қўрқитган” – дейди ҳуқуқ фаоли.
Би-Би-Си ўзбек хизматининг маълум қилишича, майит келтирилганда, ҳидланиб қолгани учун яқинлари уни тезда тупроққа топширишган. Расмийлар Дилшод Исҳоқовнинг ўз ажали билан оламдан ўтганини айтишмоқда, лекин майит яқинлари Ўзбекистон расмийларининг маълумотига ишонмаслигини айтмоқдалар.
“Марҳум қамоқда мунтазам қийноқларга тутилган” – дейди Мўътабар Аҳмедова -“Чунки доимо ундан узр сўрашни талаб қилишаркан, у эса мен узр сўрайдиган жиноят қилмаганман, деб узр сўрамас экан. Тергов пайтидаёқ уни қийнаб, белига қаттиқ лат етказишганди. Қамоқда эса уни ҳар хил йўллар билан уриб, электр токига ўтирғизиб келишган”.
Бундан 13 йил бурун ҳибсга олинган Дилшод Исҳоқов “Ҳизб ут-Таҳрир” партиясига аъзолик ва конституцион тузумга тажовуз қилиш каби айбловлар билан узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилганди.
У тергов жараёнида ўзининг қаттиқ қийноқларга солингани ҳақида айтган. Кейинчалик Зарафшондаги қамоқхонада ҳам доимий равишда калтакланиб келганини билдирган.
Хорижий кузатувчилар Ўзбекистонда қийноқлар мунтазам қўлланиб келишини айтишади. Бироқ Ўзбекистон расмийлари, албатта, бу даъволарни тан олмайди.
Халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳларига кўра, Ўзбекистон барча маҳкумларнинг жасадларини текширишга рухсат бермайди ва одатда, куч тизимлари таҳдидлари остида қолган оила аъзолари майитларни тезда тупроққа топширишга мажбур бўладилар.
ЎХҲ хабар маркази