O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Каримов ҳануз ўлмади, аммо кланлар уруши аллақачон бошланди

Каримов ҳануз ўлмади, аммо кланлар уруши аллақачон бошланди
172 views
08 April 2013 - 14:56

Қозиғистонда чиқадиган “ADAM” журнали ходими Дилором Аркин ЎХҲ Муассислар Мажлиси Раиси Муҳаммад Солиҳ билан Ўзбекистоннинг бугуни ва келажаги,  шунингдек Қозоғистондаги аҳвол ҳақида суҳбат ўтказди. Ушбу суҳбат дебочасида шундай дейилади:

“ЎХҲ сайтида эълон қилинган Ислом Каримовнинг касал эканлиги мавзуси ўзбек жамияти ва дунё ҳамжамиятини ларзага солишда давом этмоқда. Давлат Оммавий Ахборот Воситалари бу хабарни рад қилишга уринди, қозоқ ахборот агентликлари ҳам уларга жўр бўлдилар. КазТаг Қозоғистон Ташқи Ишлар Вазири Ерлан Идрисовнинг Каримов билан учрашгани ҳақида хабар тарқатди. Ушбу масалада томонлардан қайси бирининг ҳақлигини ўрганиш учун биз узоқ йиллардан бери хорижда яшаётган, айни пайтда мамлакатдаги ўз мухолиф ҳаракати билан яқин алоқада бўлган ўзбек мухолифатининг лидери Муҳаммад Солиҳ билан суҳбатлашдик…!

Вазир Идрисовни Каримов билан учрашишга мажбур қилишди

220px-Muhammad_Salih1. Каримовнинг соғлиги ҳақидаги маълумотларни баъзилар мухолифатнинг миш -мишлари сифатида баҳоладилар. Айтишларига қараганда Ислом Каримов ниҳоятда яхши аҳволда экан ва у ҳатто Қозоғистон ташки ишлар вазири Идрисов билан ҳам учрашган. Сизнингча бу хабарлар ҳақиқатан ҳам миш -мишлардан иборатми? Каримовнинг Идрисов билан ўтказган музокараларининг мавзуси нимадан иборат бўлган, деб ўйлайсиз?

М. Солиҳ: Агар Каримовнинг соғлиги ниҳоятда яхши бўлганда у бунинг исботи сифатида Сенатнинг мажлисига иштирок этган бўларди. Лекин у Ўзбекистон бош кардиохирурги Равшан Қурбоновнинг тиббий назоратида бўлгани учун ҳам бу Сенат мажлисига қатнаша олмади. Қозоғистон ташки ишлар вазири Идрисовнинг программасида Каримов билан учрашув кўзда тутилмаганди. Фақат Ўзбекистон Ташки Ишлар вазири Абдулазиз Комилов қозоқ вазирни Каримов билан учрашувга кўндирган. Идрисов бу учрашувнинг ўз кун тартибида йўқлигини, бунинг учун Назарбоевдан рухсат олиши кераклигини айтиб, унга бормаслик учун оёқ тираган. Аммо ўзбек томони қайта -қайта илтимос қилгандан кейин Идрисов Каримов билан учрашишга ноилож кўнган.

Агар сиз бу учрашув ҳақидаги кадрларни кўрган бўлсангиз, унда фақат ўзбек томонидан Каримов ва ташки ишлар вазири Комиловнинг, қозоқ томонидан эса Идрисов ва ёрдамчисининг қатнашганига гувоҳ бўласиз. Бошқа барча стуллар бўш эди. Унда Президент идорасининг бирор ходими ёки журналист қатнашмаган. Суҳбат мазмунсиз, худди Каримовнинг юзи каби “сарғайган” эди. Каримов ва Идрисовнинг учрашуви Каримовнинг инфаркт бўлганини рад қилиш учун лозим бўлган. Бизга ушбу хабарни етказган манба бу ҳақда шундай деди: “Президентнинг атрофидагилар сир қаттиқ сақланадиган саройдан унинг инфаркт бўлгани ҳақидаги хабарнинг мухолифат қўлига бунчалик тез тушишини ўйламаган эдилар. Шунинг учун ҳам мутахассислар Президентни янада тезроқ даволаш билан бирга унинг тириклигини кўрсатадиган далилни излашга ҳам киришдилар. Идрисов билан учрашув мана шундай далил ўрнида кўрилди”.

Ўзбекистон ТИВ манбасининг айтишича, қозоқ вазир билан учрашувдан кейин Каримов қайтадан жиддий даволанишни давом эттирган. Даволаниш Ўзбекистон бош кардиохирурги Равшан Қурбонов назоратида амалга оширилган. Шунинг учун ҳам Каримов 28 мартда Тошкентга келган ШҲТ котиби Димитрий Мезенцев билан учрашмади ва ўзбек мухолифатини ёлғон маълумот тарқатишда айблаган Президент тарафдорлари журналистлар қанча истамасинлар, Каримов шу куни Сенат мажлисига ҳам бормади.

Биз Каримовнинг юрак инфарктига сабаб бўлган омилларни ўрганишга ҳам муваффақ бўлдик: 19 март куни кечаси Ислом Каримов ва қизи Гулнора орасида навбатдаги жанжал бўлади.  Ўша куни ўзбек махсус хизматлари Гулнора Каримованинг жинсий маишатлари ҳақидаги ҳужжатларни Каримовга топширадилар.  Улар бу ишни гўё Гулнорани шарманда қилиш учун эмас, уни ташқи душманлардан ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширадилар. МХХ хулосасига кўра, “қандайдир кучлар” Гулнорага қарши бу ҳужжатларни рус оммавий ахборот воситаларида эълон қилмоқчи бўлган, аммо “садоқатли” ўзбек чекистлари президент қизини шармандаликдан қутқариш учун бунга йўл қўймаганлар. (Бизнингча бу ҳужжатларни МХХ нинг ўзи тайёрлаган бўлиши ҳам мумкин). Шундан кейин Каримов қизини чақириб унга бақира бошлаган ва шу тарзда жанжал чиққан. Аммо 75 яшар Каримовнинг юраги бунга бардош бера олмаган. Унинг касаллиги ҳақидаги хабарлар шулардан иборат…

Гугуша – Ўзбекистоннинг янги Диктатори бўладими?

2. Гулнора Каримованинг Ўзбекистоннинг кейинги Президенти бўлиш эҳтимоли қайси даражада?

М. Солиҳ: Каримов ҳануз ўлмаган бўлсада, кланлар ўзаро урушни бошлаб юборганлар. МХХнинг икки генерали, яъни Ҳаёт Шарафхўжаев ва  Шуҳрат Ғуломовлар томонидан бошқариладиган икки гуруҳ ўртасида ниҳоятда қаттиқ кураш бормоқда.  Ҳаёт Шарафхўжаев ўзини деярли Президент, дея ўйлаётган Шавкат Мирзиёевнинг манфаатини, ёш генерал  Шуҳрат Ғуломов эса Гугушанинг, яъни Гулнора Каримованинг  манфаатини ҳимоя қилади. Унинг тушига қачонлардан бери отасининг тахти киради. Бунинг устига отаси унга президент номзоди сифатида тарғибот ишларини бошлашга рухсат берган…

Фақат Гугушанинг сўнгги икки ойдаги бу тарғиботлари ижобий натижалар бермади, аксинча бу тарғиботлар мамлакатимизда ва хорижда Гулнора Каримованинг душманларини бирлаштирди. Ушбу душманлар Гулноранинг жиноятлари ва порахўрликларини фош қила бошладилар. Ўзбек мухолифати нашрлари ва дунё ОАВ президент қизининг роса жиғи бийронини чиқардилар.  Чунки Ислом Каримов қизининг тарғибот ишларини бошлаш вақти масаласида хатога йўл қўйди. Каримов ҳам, бошқалар ҳам бу ишга жамоатчиликнинг бунча манфий муносабатда бўлишини кутмаган эдилар.

Шунга қарамасдан, 27 март куни Тошкентдаги футбол стадионида Гулнора Каримова Ўзбекистонлик футболчиларни Ливан терма жамоаси устидан эришилган ғалаба билан табриклаш учун пайдо бўлди. У ўзини гўё Президент сифатида тутди. Бу Каримов инфаркт бўлгани учунгина эмас, жуда кўп юқори даражали ўзбек раҳбарларининг ҳам инфаркт бўлишига олиб келадиган янги ҳол эди. Улар бир овоздан: Гулноранинг президент бўлишидан Худо асрасин, дея ширивлашарди!

Каримовдан кейин нима бўлиши мумкин ?

3. Сизнингча  Каримовдан кейин мамлакат тараққиёти қандай шаклда бўлиши мумкин?

М. Солиҳ: Бизнингча Каримовдан кейинги даврда қуйидаги уч ҳолат ўртага чиқиши мумкин:

1. Каримовнинг кутилмагандаги ўлими кланлар ҳокимият алмашувига тайёр бўлмаган бир пайтга тўғри келади ва мамлакатда тўс -тўполонлар бошланиб кетади. Халқ кўчага чиқади ва бу шаклда инқилоб содир бўлади. Бу инқилобнинг натижаси ҳар қандай инқилобнинг натижасига ўхшаш бўлади.

2. Ҳозир Каримовнинг тахти учун курашаётган кланлардан бири ғолиб келади. Ғолиб келган клан ўз бошқарувига тўсиқ бўлиши мумкин бўлган икки кланни йўқ қила бошлайди.  Мағлуб бўлган кланлар ўзларининг тамоман йўқ қилинишларини кутиб, қўл қовуштириб ўтирмайдилар ва бор имконлари билан янги ҳукуматга қарши курашадилар ва ҳатто улар мухолифат билан ҳамкорликни ҳам йўлга қўядилар. Шу шаклда ҳокимият учун янги кураш бошланади ва бу курашнинг нима билан тугалланишини эса ҳозирдан айтиб бўлмайди.

3. Кланлар ўтиш даврини бошқарадиган ва ҳамма томонларни қониқтирадиган Президент номзоди ҳақида келишадилар. Бу шаклда сиёсий вазиятни юмшатиш ва миллий бирликка эришиш учун мухолифат раҳбарларининг мамлакатга қайтиши учун шароит яратилади, улар халқ наздида оқланадилар, бу билан Каримов диктатурасидан норози халқнинг қўллаб -қувватлашига эришадилар. Бу бизнинг жамиятимиз учун энг хавфсиз йўлдир.

Ўзбек мухолифати бу уч ҳолатнинг барчасига тайёргарлик кўрмоқда. 

Халқимиз мухолифатни унутгани йўқ

4. Мухолифат бу ҳолатда қандай иш олиб боради? Сизни халқнинг қайси қатламлари қўллаб– қувватлашини кутаяпсиз? 

М. Солиҳ: Мен муҳожирман, аммо бизнинг партиямиз ва Ҳаракатимиз мамлакат ичкарисидадир. Биз бу йилнинг охиригача  ЎХҲ таркибидаги “ЭРК” партиясининг тизимларини қайта тиклашга ҳаракат қилаяпмиз. ЭРКнинг таркибида Каримов режимининг узоқ йиллар давом этган қатағони натижасида ҳаракати сусайган 54 минг аъзо бор. Ҳозирги кунда биз партия ташкилотларининг йиғилишларини ўтказмоқдамиз ва бўлимларимизни қайта тиклаяпмиз.

Эслатиб ўтаман, ЭРК партияси 1991 йилда мени Президенликка номзод қилиб кўрсатган эди ва расмий маълумотларга кўра биз 12,7% овоз олгандик. Бу 12,7% овоз ўша вақтда 1 миллион 115 минг сайловчи демак эди. Бу рақамлар сайловлар сохталаштирилгандан кейинги кўрсаткичлардир. Бу сайловга АҚШнинг, Европа ва бошқа давлатлардан кузатувчилар келганди ва уларнинг барчаси сайловнинг сохталаштирилганига гувоҳ бўлганди.

Каримов ҳукуматининг 23 йиллик бизга қарши тарғиботига қарамай –балки бу тарғибот сабаб бўлиб –халқимиз бизни унутмади. Агар сайловлар ўтказилса, ҳеч шубҳамиз йўқ, биздан бошқа сиёсий партиялар унда ғалаба қила олмайди. Чунки бошқа сиёсий партияларнинг бизники каби соф сиёсий, ғоявий ва маънавий таржимаи ҳоли йўқдир.

Ўзбекистонда мухолифат бор. Ва Каримов ҳукумати ундан, яъни бизнинг ҳаракатимиздан жуда қўрқади. Ҳукумат бизнинг ғояларимизнинг халқ ичида тарқалишидан қўрқади. Шунинг учун биздан террорчилар ясашни истайди. 

Назарбоев Каримовдан ақллидир 

5. Қозоқ мухолифатининг фаолиятини қандай баҳолайсиз?

М. Солиҳ:  Қозоғистон ва Ўзбекистон сиёсий тузумларини таққослаш унчалик осон эмаслигини таъкидламоқчиман. Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, қозоқ мухолифатининг ўз фикрини айтиш имкони бордир. Энг муҳим халқнинг муқобил, яъни мухолифатнинг турли масалалардаги фикрларини ўрганиш имкони бор. Бу мухолифатга фаолият олиб бориш ва сиёсий муваффақиятни қўлга киритиш имконини беради.

6. Сизнингча ким Назарбоевнинг меросхўри бўлиши мумкин?

М. Солиҳ: Менимча бу саволга Назарбоевнинг ўзи ҳам жавоб бера олмаса керак. Назаримда Қозоғистон Президенти ҳануз ўзи тўлиқ ишонадиган  ва унинг сиёсатини давом эттирадиган командасини туза олмаган. Бундай вазиятда қозоқ мухолифатининг ғалабани қўлга киритиш учун имконлари сақланиб қолмоқда. Бунинг учун эса мамлакат ичкарисида ва хориждаги бутун мухолиф кучларнинг бирлашиши зарур.

Қозоғистон Президентининг қизи Дарига Назарбоевага келадиган бўлсак, у билан Гулнора Каримова орасида баъзи ўхшашликлар бор, аммо Назарбоев президентлик юкини ўз фарзандларининг зиммасига юкламайдиган даражада ақлли сиёсатчидир.

Одатда ҳукмдорлар кетгандан кейинги, айниқса бундай кетишнинг илк кунларидаги асосий масала, инсонлар кланлараро урушнинг қурбони бўлмасликлари учун, жамиятда ижтимоий барқарорликни сақлашдан иборат бўлади. (Қайта қуриш йилларида бутун СССРда ёки 1986 йил декабрида Олма Отада кузатилгани каби). Бошқа томондан, бутун бу кланлар у ёки бу шаклда ҚР сиёсий доираларига боғланиб қолган ва уларнинг раҳбарлигида ҳаракат қиладилар. Шунинг учун ҳам ушбу “қўғирчоқ” кучларнинг  ўзаро муносабатлари етарли даражада муҳимдир.

 “ADAM” журнали,
5 апрель 2013 йил.

Манба:http://uzerk.org/wp-content/uploads/2013/04/СОЛИХ.pdf