O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Катта Онадўли бўйлаб кичик бир саёхат

Катта Онадўли бўйлаб кичик бир саёхат
152 views
11 April 2013 - 17:52
nabijon-boqiy-300-225

Набижон БОҚИЙ

Бундан 20 йил бурун “Шарқ юлдузи” журналида ишлаб юрган ёш ёзувчи Исажон Султон “Чўлпон” нашриётининг буюртмаси билан Али БодомчинингҚўрбошилар” китобини туркчадан ўзбекчалаштирган эди. Янглишмасам, айрим парчалари вақтли матбуотда ҳам эълон қилинган. Афсус, ўша китоб “қоғоз танқислиги” туфайли чоп этилмаган.

“Қоғоз танқислиги” ибораси қандай маънони англатишини билмоқчи бўлганлар учун 2012 йили DAVR PRESS” нашриёти босиб чиқарган Шеркон Қодирийнинг “37-хонадон” китобини ўқиб кўришни тавсия этган бўлардим. Шеркон жаннатмакон отасии Ҳабибулла Қодирий ва совет қўлида шаҳид кетган бобоси Абдулла Қодирий тўғрисида биз билмаган аччиқ ҳақиқатларни жигар қони билан қоғозга туширибди, оғиздан оғизга ўтиб сақланиб қолган инжа хотираларни китобхон ҳукмига ҳавола этибди. Мана, 70-саҳифадан кўчирма: “Даданг, дастлабки китоби чиққач: “Келиб-келиб менинг китобимга келганда қоғоз етмай қоладими?!” деб нашриётнинг ўша йиллардаги раҳбарларидан аччиқланар эдилар”, деб ҳикоя қилардилар онам“. 74-бетда янада ибратомуз бошқа бир ҳужжат илова қилинади:

Ғафур Ғулом номидаги Тошкент бадиий адабиёт
 нашриётининг директори ўртоқ Ҳамид Ғуломга
 Ҳабибулла Қодирийдан

Ариза

Сўнгги йилларда отам Абдулла Қодирий (Жулқунбой) ҳақида атоқли ёзувчиларимиз, шоирларимиз, олимларимиз ва бошқа замондошларнинг хийла хотиралари йиғилди ва йиғилмоқда. Қодирий ҳаёти ва ижодий фаолияти тўғрисида манбаъ-маълумотларни тўлдириш мақсадида “Абдулла Қодирий ҳақида замондошлари” номли бир коллектив китоб нашр қилиниши ва тўпламни 1975 йил планига киритишга рухсат беришингизни сўрайман. Тўпламнинг ҳажми 12 лист.

Имзо
7.02.1975 йил”.

Ҳабибулла Қодирийнинг “Отам ҳақида” номли китоби ўн йилдан сўнг тўлдирилган ҳолда қайта чоп этилади. Қодирийнинг замондошлари ёзган хотиралар эса “босмачилар”ни қоралаб ёзилган жўнгина “Мангулик” номли романи учун СССР Давлат мукофотига лойиқ кўрилган Ҳамид Ғулом ишдан бўшатилгач, 1986 йили дунё юзини кўради.

“Қоғоз танқислиги” совет ҳукумати даврида сиёсий жиҳатдан нобопроқ китобларга нисбатан ўйлаб топилган жўясиз бир баҳона бўлган. Ҳартугул, у пайтлар нобоп китоблар айрим қисқартиришлар эвазига бўлса ҳам чоп этиларди. Бироқ Исажон Султон таржима қилган “Қўрбошилар” китоби ҳамон қаерлардадир чанг босиб ётибди. “Қаерда ётганини ўзим ҳам билмайман, – деган эди бир куни Исажон укамиз. – Қўлёзма топилса, ўзим чўнтагимдан пул сарфлаб босиб чиқарган бўлардим”.

Али Бодомчи ёзган китобнинг ўзбекча қўлёзмаси топилишига бувайдалик синчи укахоним Анварбек бош қўшмаса, уни унча-мунча изқувар тополмаса керак.

Дарвоқе, Исажон Султон ўтган йили “Боғда пишган бодомлар” номли (балки, номи бошқачадир?) ҳаётий ҳикояси учун АҚШда истиқомат қиладиган ўрислар таъсис этган “халқаро” йиллик адабий мукофотга сазовор бўлди. Шундан кейин Тошкентда тарқалган миш-мишларга ишонадиган бўлсак, узоғи билан 2015 йилгача Исажонга Нобел мукофоти ҳам берилажак. Чунки АҚШда асосан ўрислар ва МДҲ давлатларидан мисли кўрилмаган мол-дунё опчиқиб кетган кадхудолар яшайди. Улар ўзларини янгибойлардек кўрсатишга ҳаракат қилади. Агар Исажон ҳам ўша кадхудоларга ёқадиган икки-учта мақола ёзиб, интернет-пинтернетда эълон қилиб юборса (яъни, масалан, “1918 йилнинг феврал ойида Қўқонда армани дашноқлари маҳаллий турк-ўзбек халқини қатлиом қилмаган”, деб ўзининг афт-башарасига қозонкуя суртиб олса, борми,) Мусо алайҳиссаломнинг қавми ёнига мукофотпараст ёзувчи Урхон Помиқ ва “патрон”лари ҳам кўшилиб, бирпасда нобелбоп об-ҳаво яратилади.  Исажоннинг янги “Мангу дарбадар” романи яҳудийларнинг ибратомуз кечмиши каби талқин этилади ва икки-уч йиллик шовқин-сурондан сўнг Исажон Султон Туркистон адиблари орасида биринчи бўлиб Нобел мукофотига сазовар бўлажак. Энди ҳамма гап Исажоннинг ўзига боғлиқ бўлиб турибди: қани, кўрамиз, бу укамиз Швеция Қироллик Академиясининг ноғорасига ўйнармикан-ўйнамасмикан?..

Демак, “қоғоз танқислиги” иборасини (мустақиллик давридаги биринчи муросасиз Цензор) Рустам Шоғуломов  қандай маънода ишлатишни бизга ўргатиб кетгани тўғрисида озми-кўпми тушунчага эга бўлдик. Ҳозир 80 ёшга бориб қолган бўлса-да, лақайлар учун миллий таом бўлган “жалама” пиширишни зўр бериб ўрганаётган собиқ қўмита раиси эҳтимол “қўрбошилар”ни ўтда куймас, сувда чўкмас сандиққа яшириб, сирли сандиқ калитини ҳамон липпасига қистириб юргандир. Тўй-маъракаларда тасодифан учрашиб қолсак, бу ҳақда Рустам Шоғуломовнинг ўзидан сўраб кўришимиз лозимга ўхшайди.

Хуллас, англашилган бўлса, Али Бодомчи номини камина бундан чорак аср илгари эшитганман. У пайтларда Исажоннинг ёши ҳам энди чорак асрга борган эди. Биз ўшанда Али Бодомчи энг камида тўксон яшар чол бўлса керак, деб тусмол қилганмиз. Чунки “босмачилик ҳаракати”ни беш қўлдай билиш учун камида Шермуҳаммадбек, Иброҳимбек, Мадаминбек каби қўрбошилар билан тенгдош бўлиш керак. Майли, улардан беш-ўн ёш кичик бўлсин; ўшанда ҳам саксон яшар бобой бўларди. Шунақа ҳисоб-китоб қилганмиз. Эски йилнинг ёз ойларида ҳам мана шунақа хомаки хисоб-китобларимизга ишониб юрганмиз.

Ҳа, айтгандай, тўрт-беш йил бурин янгиюртимиз Онадўлидан отаюрт Туркистонга ташриф буюрган битта нафақахўр: “Али Бодомчи ўзи ишлаб юрган газетанинг маблағини мақсадсиз ишлатиб юборгани учун бир замонлар қамалган”, деган хабарчани ҳазил аралаш айтиб, каминани лол қолдириб кетган эди. Тавба, деб ёқамни ушлаганман ўшанда, газета маблағини қандай қилиб мақсадсиз ўзлаштириб юбориш мумкин? Ҳaмма нарсани “биладиган” орқадошимиз: “Э-э, ака, Туркияда ҳам фақат кичкина ўғрилар қамалади, катта ўғрилар эса давлатни бошқаради“, деб кўз қисиб қўйган эди. Ҳа-а, гап бу ёқда экан-да, энди ҳаммаси тушунарли…

Шунақа фикрда юрган чоқларим эски йилнинг ёз ойларида устоз Ёқубжон Хўжамберди: “Туркиядан битта тарихчи олим келган, оти Нуриддин Хотинўғли. Ўзи амир Олимхоннинг неварасига уйланган экан. Фан доктори. Шу кунларда ҳар хил архивларни титкилаб юрибди. Босмачилик ҳаракати билан қизиқар экан. Вақт топиб боғ-ҳовлингизга келсак, мусофир ватандошимиз хурсанд бўларди”, деб қолди. Нуриддин бей билан Дўрмондаги боғ-ҳовлимизда кўришдик. Очиғини айтсам, кўпдан буён ўзини одамга ўхшаб тутадиган рисоладаги олим билан кўришмаган эдим. Нуриддин бей олимдан кўра, одамга кўпроқ  ўхшарди. Одамга, инсонга ўхшаб яшаш ҳам мумкин экан-ку, баракалла! Бир оқшом Ёқубжон ака, Нуриддин бей ва мен ой ботгунча суҳбат қурдик. Орадан икки-уч кун ўтиб, Нуриддин бейнинг ўзи ёлғиз боғ-ҳовлимизга келиб қолди ва эрталабгача эски-туски дафтарларимизни титкилаб, “сурат чекиб” ўтирди. “Эҳ, аттанг, шу дафтарларимни кўрсатмасам бўлар экан! Сиз мезбон билан гаплашиб ўтириш ўрнига, тамаки “ичиб” кулдонни кулга тўлдириб ўтирибсиз! Қачон гаплашамиз, домод?!” десам, “Эрталаб гаплашамиз, ака”, деб кулимсирайди Нуриддин бей. Биз “Нуриддин” деймиз, туркча “пасапорт”да “Нуреттин” деб ёзилган ва шундай талаффуз қилинар экан. Бизники тўғри бўлса керак.

Дарҳақиқат, эрталаб Нуриддин бей яхши тушлар кўриб уйғонди. Нонуштадан сўнг мириқиб суҳбатлашдик. Назаримда, Нуриддин бей бир умр водийдами, Бухоро воҳасидами яшагандек туюлади; бир-биримизнинг гапимизни (мавзу ва моҳиятни) дарҳол тушунардик, биримизнинг гапимизни иккинчимиз қолган жойидан давом эттириб кетаверардик. Ўртада бегонасираш йўқ, тушунмовчилик йўқ. Икки турк ўғлони дунёнинг икки чеккасида яшаса ҳам бир-бирини имо-ишора билан осонгина тушунади. Ўткан йили баҳорда Истанбулга борганимда Гулора Енисей исмли озарий аёл билан танишиб, қиёматли ака-сингил тутинган эдик. Мана, энди Нуриддин бей билан эту тирноқдек ажралмас дўст тутиндик.

Нуриддин бей билан суҳбатимиз орасида биринчи бўлиб менми ёки Нуриддин бейми, ишқилиб, биттамиз Али Бодомчининг номини тилга олдик, иккинчимиз ул зоти шариф тўғрисида бошланган гапни гапга улаб кетдик. Ана холос! Али Бодомчи на саксонга, на тўксонга яқинлашибди, бор-йўғи энди пайғамбар ёшини қоралаб бораётган эмиш! Йўғ-э, дейман ишонқирамай, Нуриддин бей, тағин сиз бошқа бир Али Бодомчи ҳақида гапираётган бўлманг? Мен билган  Али Бодомчи совет даврида Боймирза Ҳайит, Вали Қаюмхон каби ашаддий “ватан хоинлари” қаторида  газета-журналларда доим қораланарди. Янглишмасам, Вали Қаюмхон йигирма йил олдин 90 ёшида вафот этган, ҳозир тирик бўлганда бир юзу ўнга кирган бўларди. Шундоқ бўлгач, афандим, Али Бодомчи ҳам энг камида   саксон яшар бўлиши керак…

Нуриддин бей кулади, мени ҳазил қиляпти деб ўйлайди. Мен бўлсам, Нуриддин бей ҳазиллашяпти, деб ўйлайман. Ота-боболари асли водийлик бўлгани туфайли аския қилишни ҳам билади, ҳазил-мутойибани ҳам ўрнига қўяди. Синчиклаб Нуриддин бейнинг қиёфасига разм солсам, у зинҳор-базинҳор ҳазил қилаётганга ўхшамасди.

– Али бей оға Сизнинг китобингиз “Анвар пошонинг васияти”ни ниҳоятда синчиковлик билан ўқиган, жиддий эътирозлари ҳам йўқ эмас, ҳа, – деб қўяди Нуриддин бей. – Аданага борсангиз, Набижон ака, Али бей оға билан роса баҳс-мунозара қилсаларинг керак.

– Майли, бораман, ўтган гал айрим сабаблар туфайли Аданага боролмаган эдим, бу сафар албатта бораман, – дейман. – Чиғатой Кўчар ҳам ўша шаҳарда яшайди; янгамиз Севги хоним водийча паловни қотиради деб эшитганман, қўлларидан бир ошам ош еб келамиз…

Шу ўринда дарҳол Севги хоним билан эски танишим Чиғатой оғадан ғойибона узр cўpaб қўймоқчиман: мен эски йил охирларида Аданага борган чоғимда уч-тўрт кун давомида тинмасдан челаклаб ёмғир ёғди, кўчада шамсиясиз юриб бўлмасди, бирор жойга бемалол бориб бўлмасди. Биз оғабейим Али Бодомчи билан у кишининг олди тортар машинасида Ҳатай томон йўлга тушиб, ярим йўлга етар-етмас машина носозлиги маълум бўлгач, орқага қайтишга мажбур бўлдик. Биз Нуриддин бейнинг онасини зиёрат қилиб, ватандошларимизнинг ҳаёт ҳикояларини эшитиб, келажакда ёзилажак “Турк чечаклари” номли китобимиз учун муҳим материаллар тўплаб қайтишни   режалаштириб қўйган эдик. Афсус, техника барча режаларимизни барбод қилди (насиб қилса, келажакда “Турк чечаклари“га муқобил ҳолатда “Афғон гуллари” номли китоб ҳам ёзилади, иншаОллоҳ!). Машинани устахонага келтириб топшириб, эртаси куни бошланадиган Анқара сафари борасида бош қотира бошладик; у ерда “1937-38 йилларда рўй берган Қизил Қирғин” мавзусида машварат бўлиши керак экан. Битта озар олими камина бундан йигирма йил олдин ёзиб чоп эттирганим “Қатлнома” китобим асосида Ўзбекистонда рўй берган қатлиом тўғрисида маъруза қилар эмиш; агар хоҳласам, мен ҳам уч-тўрт оғиз гапиришим мумкин экан. Рози бўлдим. Бир иш амалга ошмаса, бошқа иш ўз-ўзидан орқага сурилади. Қолаверса, кайфияти бузилиб турган эсли-ҳушли одам асло меҳмондорчиликка бормайди. Камина ҳам бутун масъулиятни зиммамга олиб, бу сафар Чиғатой Кўчар хонадонига бормасликка қарор бердим. “Лекин, Набижон бей, Чиғатой Кўчар эшитса, хафа бўлади. Сиз биласизми-йўқми, Севги хоним Аданадаги энг обрў-эътиборли хонадон фарзанди бўлади, у асилзода инсонлар тоифасидан“, деди Али Бодомчи афандимиз. Майли, дедим, келаси сафар узоқ муддат меҳмон бўладиган бўлиб келаман…

Хуллас, Нуриддин бей Дўрмондаги боғ-ҳовлимизда Али Бодомчи тўғрисида атрофлича маълумот берди.

– Али бей oғанинг ота-боболари бодомфуруш бўлганми? Heгa “Бодомчи” деган тахаллус олган? – деб сўрайман.

Сўнг томорқадаги бодом дарахти остида суратга тушаман. Ўтган йили бодом кўп ҳосил қилган эди, битта шиғил шохини эгиб туриб, Нуриддин бейдан шу ҳолатни “чекиб” қўйишни илтимос қиламан.

– Бодомлар серҳосил эканини албатта Али бей оғага гапириб беринг. Агар ота-бобосининг касбини давом эттириб бодомфурушлик қилмоқчи бўлса, куз бошланган заҳоти Ўзбекистонга келсин; бодом пишган пайтда кўтарасига ўн тонна харид қилинса, кейин икки баробар фойда кўриш мумкин,  – дейман худди ўзим ҳам бомдомфурушлик этиб юргандек.

– Xўп, айтаман, – деб кулади Нуриддин бей.

Биз Онадўлида одамлар фамилия-насабни қандай тартиб-қоида асосида танлашини ўрислар 130 йил давомида бизга ўргатиб кетган таомилга асосланиб тасаввур қиламиз. Ваҳоланки, Онадўлида насаб танлаш ҳар бир оиланинг шахсий иши ҳисобланади. Биз бўлсак, фамилия танлашни “давлатнинг иши” деб ҳисоблаймиз ва “оч қорним – тинч қулоғим” деган мақолга амал қилиб, сиёсатга аралашмасликни маъқул кўрамиз.

Доктор Нуриддин Хотинўғли Туркиянинг Жанубий Қораденгиз баладияси депарасида жойлашган Зонгулдак шаҳридаги Бўлат Эжевет университетида тарих фанидан талабаларга сабоқ беради. Камина Онадўлига саёҳатим чоғида 2012 йилнин 17 декабр (Оралиқ) куни ўша университетнинг мажлислар салонида “Туркия билан Туркистон орасидаги кўнгил кўприклари” номли конферанса бериб, ректор Маҳмут Ўзер афандининг “ташаккур белгиси”ни олишга муваффақ бўлдим. Бу “ташаккур белгиси“, умид қиламанки, келаси сафар бемалол Зонгулдакка бориб измирлик Ниҳон хоним афандимни йўқлашим учун ишончли баҳона бўлса керак.

Талаба ва университет ўқитувчилари билан учрашувимни Туркияда чоп этилган “Анвар пошонинг васияти” китобим бағишланган буюк миллий шоиримиз Шавкат Раҳмоннинг тўрт қатор шеъридан иқтибос келтириш билан бошладим:

Кўзингизни очинг, қўрқманг,
Зиёдан қамашсин, оғрисин, майли,
Майлига яшамак бўлсин қийинроқ
Очиқлиги туфайли…

Нуриддин бей шеърни сўзма-сўз ўгириб, маъносини тушунтириб берса ҳам ҳеч ким қарсак чалмади; шоир  сатрларига муносабат бўлмагач, ҳайрон бўлиб биринчи қаторда ўтирган Ниҳон хонимга қараб: “Агар сиз, афандим, келаси ёзда Измирга бормасдан Ўзбекистонга бориб икки-уч ой яшаб қайтсангиз, иншаОллоҳ, Шавкат Раҳмон шеърларини ўқиб  йиғлайдиган таъсирчан қиз бўлиб қоласиз“, дедим ҳазил аралаш. Бу гапим кўпчиликка маъқул бўлди ва қарсакбозлик бошланди.

Тошкентга қайтгач, бир ҳафта-ўн кун мобайнида нима учун Зонгулдак университети талабалари Шавкат Раҳмон ёзган оташин сатрларни эшитиб қарсак чалмади экан деб ўйлаб юрдим. Охири жавобни ёзувчи биродаримиз Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон (“жоҳилият даври”да насаби “Отахонов” бўлган, “Оқ бино оқшомлари” номли ҳикояси билан оғизга тушиб, сўнг илкис узлатга чекинган) ижодхонасида дунёнинг паст-баландликлари тўғрисида гаплашиб ўтириб, ногаҳон, жавоб топдим:

– Ахир, турк қизлари гарчи рўмол ўраб юрадиган бўлса-да, ҳар доим уларнинг кўзлари очиқ бўлади, ўзлари зиё тарқатади, миллий шуури болалигидаёқ шаклланган бўлади-ку! – деб юбордим. – Шу боис улар шоир сатрларидаги чақириқни оддий ҳолат деб билди, холос. Ахир булар Чаноққалъа ҳимоячиларининг тўрин-неваралари-ку!

Ниҳон хоним, тўғрими, сиз нима дейсиз? Туркистон тарихига алоқадор бирорта мавзу танладингизми ёки Измирга қайтиб алмисоқдан қолган рўзғорнинг жиловидан маҳкам ушлашга қарор қилдингизми?..

Оғабейим Али афандининг ота-боболари бодомфурушлик билан шуғулланганини сўраш илк учрашув чоғида эсимдан чиқади. Келаси сафар албатта сўраб билиб оламан.

– Али Бодомчи қиш фаслининг бошларида, декабр   ойларида Ўзбекистонга келмоқчи, – дейди Нуриддин бей. – Унга Али Яздийнинг “Зафарнома” китоби керак. Топиб бўлармикан?

– Билмадим, топиб бўлса керак, – дейман.

Кетар чоғида Нуриддин бейни Иброҳим Ҳаққул хонадонига бошлаб кириб таништираман: “Иброҳим ака, бу йигит, сизларга – бухороликларга куёв-домод бўлади”, дейман. Иброҳим ака гапимни ҳазил деб ўйлайди. Қачонки, Нуриддин бей ростдан ҳам амир Олимхоннинг неварасига уйланганини эшитгач: “Ие, саруполар муборак бўлсин! Лекин, тақсир, катта қайнотангиз бизни золимлар қўлига ташлаб қочиб яхши иш қилмаган”, деб кулади. “Қайноталар қилмиши учун, устоз, куёвлари жавоб бермаса керак”, деб ҳазил қилади Нуриддин бей. Кулишиб, ҳазил-ҳузул қилиб, суратга тушамиз.

Янги ўқув йили бошланиши арафасида Нуриддин бей Туркияга жўнаб кетади.

У гўё Ўзбекистонга Али Бодомчи тўғрисида илгари эшитилмаган битта афсонани ташлаб кетгандек бўлади.

Али Бодомчи 1949 йилнинг 1 март куни Сурия чегарасига яқин бўлган Ҳатай депарасининг Шенкўйида (Шайхкўй), яъни — Шайх қишлоғида туғилади. Улар оилада ўн уч фарзанд экан: беш ўғил ва саккиз қиз. Али оилада тўнғич фарзанд эди. Турк қизи бўлмиш онахон Оиша Фитнат хоним ҳам қишлоқи ўзбек аёллари каби серфарзанд бўлиб, мамлакат сарҳадларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшади. Али бей бошланғич мактабни Ҳатайда, ўрта мактабни эса Антакияда тамомлаб, Адана университетига ўқишга киради. Иқтисодчи мутахассислиги бўйича таҳсил кўради. Турк йигити Али бей 21 яшар чоғида Аданада истиқомат қиладиган Туркистонликларнинг ҳар хил йиғилишларида иштирок эта бошлайди. Ажойиб кунларнинг бирида Боймирза Ҳайит билан танишади. Боймирза Ҳайит тўплантида Туркистонда 1920 йилларда содир бўлган миллий озодлик ҳаракатлари — босмачилик тўғрисида маъруза қилади. Мажлисдан сўнг кўзлари чақнаб ўтирган 21 яшар турк йигити Али бей билан бир соатча юзма-юз гаплашади. Шу суҳбатдан сўнг Али бей Туркистонлик туркларнинг туғишган фарзандига айланиб қолади ва устоз Боймирза Ҳайитнинг тавсияси бўйича Туркистон қўрбошилари тўғрисидаги маълумотларни биттама-битта тўплай бошлайди. Натижада 1974 йилда  “Туркистон миллий истиқлол ҳаракати қўрбошилари” номли китоби “Қутлуғ яйинлари” нашриёти томонидан чоп этилади.

Эътибор беринг-а, қардошим, Али Бодомчи 25 яшар чоғида нашр этган китобни орадан 25 йил ўтгач, Исажон Султон деган ёш ёзувчи айнан 25 яшар чоғида Онадўли туркчасидан ўзбекчага ўгиради. “25” рақамида бир сир борга ўхшайди.

Али Бодомчи ўзининг охирги ёзган “Чингиз ва ясаси, Темур ва тузукоти” номли китобига илова қилган мухтасар сўзбошисида: “1980 йилнинг 12  ейлул куни “Ҳаркун” газетасининг Аданадаги мухбири ўлароқ кўз остига олиндим ва ҳибс этилдим”, деб бошига тушган мусибат тўғрисида рўй-рост маълумот бериб ўтади. Оғабейимнинг эътироф этишича, у киши “катта миқдорда давлат мулкини ёки газета мулкини талон-тарож қилгани учун” эмас, балки оддийгина мухбир сифатида ноҳақ қамоққа олинади ва тез орада оқланиб чиқади. Али Бодомчи ҳеч қачон катта амалдор бўлмаганидек, катта пул эгаси ҳам бўлмаган. Фақат Вали Қаюмхон, Боймирза Ҳайит каби “ватан хоинлари”га маслакдош бўлган. Ўзи ҳақида шўро замонида чиққан бир мақолани икки марта эслатди, аммо мен ўша пайтда бошқа нарса билан банд бўлганим боис мақола номидан фақат “кўппак” деган ҳақорат сўзини эслаб қолдим, холос. Советларнинг ювиндихўрлари томонидан ҳақорат қилингани учун Али Бодомчи илгари ҳам, ҳозир ҳам асло хафа бўлган эмас.

Мен Зонгулдакдан соат 16.00 да автобусда йўлга чиқдим ва эрталаб соат 5.00да, тонг саҳарда Адана автовокзалига етиб бордим. Ўн уч соат йўл юрдим; Жанубий Қораденгиздан Қибриз тарафга бориб қолганимни кейинчалик харитани кўриб билдим. Қораденгиздан Оқденгизгача бўлган Туркияни кўндалангига кесиб ўтган эканман. Афсуски, йўлда бир ярим соатдан сўнг қоронғи тушиб қолади, табиатни томоша қилиб кетишнинг иложи бўлмадйи. Худо хоҳласа, бошқа сафар айнан мана шу йўналиш бўйича кундуз куни автобусда саёҳат қиламан.

Тонгда мени Али Бодомчи билан Усмонбек (Шермуҳаммад қўрбошининг набираси) кутиб олдилар. Али Бодомчи олди тортар япон машинасини ўзи бошқарар экан. Кўп бензин ейдиган қўпол машина ўрнига бежиримроқ машина минса бўлмасмикан деб ўйладим. Лекин бу ҳақда ўзидан сўрамадим. Худди шундай савол билан Тошкентда Исажонга мурожаат қилсам: “Э-э, ака, кичик машинада бирор жойга борсангиз, ишингиз икки дунёда ҳам битмайди, катта машина миниб борсангиз, хўжайиннинг ўзи идорасидан югуриб чиқиб, қўлтиқлаб ичкарига опкириб кетади”, деб изоҳ берган эди. Балки, Али Бодомчи ҳам ишларини осонроқ битириш учун юз километр масофани босиб ўтса, энг камида йигирма литр петрол-бензин сарф қиладиган машинада юришни афзал билса керак-да. Бир литр бензин-петрол — 4 лира, икки ярим доллар… Ўзимча сарф-харажатларни ҳисоб-китоб қилиб бўлгунимча ихчамгина меҳмонхонага ҳам етиб келдик. Пешингача дам оладиган бўлдим.

Шу куни Усмонбекнинг ўзи “таржимонлик” қилди. Кейинги куни Кубалай исмли ватандошимиз тилмочилик қилиб ўтирди. Кейин таржимонга ҳам, тилмочга ҳам ҳеч қандай эҳтиёж йўқлиги маълум бўлди. Ҳатто охирги куни оғабейим мени хонадонига олиб кетаётиб набираси – тўринига телефон қилиб: “Сен, болам, оқшом чоғи уйга келиб кутиб ўтиргин, Туркистонлик турклар қандай гапиришини эшитасан, ҳеч бўлмаса, қулоқларинг жонли турк лаҳжасига ўрганади, Туркистон сенинг ҳам ватанингдир”, деганини эшитдим. Оғабейимнинг уйида мен ўн уч-ўн тўрт яшар ўсмир билан учрашдим. “Танишинглар, бу йигитча менинг тўриним – иккинчи Али Бодомчи”, деб таништирди оғабейим. Бўйи менга тенг бўлиб қолган йигитчани бағримга босиб: “Мактабни битириб ким бўласиз? Пилотми, жандармми? – деб сўрадим. – Балки, муҳандис бўларсиз?..” Йигитча бирпас у ёқ-бу ёққа қараб турди-да: “Тўғри топдингиз, муҳандис бўламан”, дейди. “Ўзбекистонга қачон борасиз? Ё ўзим опкетайми?” дедим. “Йўқ, бормайман, қўрқаман боришга”, деди иккинчи Али Бодомчи. Кулиб юбордим: “Бобонгиз босмачилар тўғрисида ёзавериб, сизни қўрқитиб қўйибди-да, пошом!” деб елкасига қоқиб қўйдим. Энди атак-чечак бўлган синглиси югуриб келиб бобосининг бағрига ўзини отди.

Ўша куни Али Бодомчи менга австриялик собиқ ҳарбий асир (у Биринчи жаҳон уруши даврида —1914–1918 йиллар — русларга асир тушган зобит) Фритз Виллфортнинг “Туркистон кундалиги” китобининг туркча ва олмонча нусхасини тақдим этди. Фритз Виллфорт 1915, 1916, 1917, 1918, 1919, 1920 йилларда Туркистонни яёв кезиб чиқади ва кўплаб тарихий воқеаларга бевосита гувоҳ бўлади. Австриялик кузатувчи ҳарбий асир китоб-кундалигига “Россиянинг Ўрта Осиёсида олти йил” деб кичик сарлавҳа ҳам қўйган экан. Али Бодомчи бу китобни Оврупода таҳсил кўраётган ватандоши Ҳамди Гунайдинга айтиб туркча таржима қилдиради ва сарлавҳачани “Россия ва Ўрта Осиёда олти йил” деб ўзгартириб қўяди. Яъни, Ўрта Осиёни Россияга қарамлигини шу йўсинда бартараф этади. Албатта, Ф. Виллфорт кундалик ёзган чоғларида Ўрта Осиё шак-шубҳасиз Россияга қарам бўлган. Бироқ, ўшанда ҳам, кейинчалик ҳам Али Бодомчи Ўрта Осиёни — Туркистонни озод турк ўлкаси деб ҳисобларди.

Биз кеча пешиндан сўнг машина бузилиб Ҳатай сафаридан ортга барвақт қайтиб келгач, ишхонада икковимиз кечгача юзма-юз гаплашиб ўтирдик. Оғабейим Хуршид Давроннинг интернетдаги “Туркистон кутубхонаси”дан менинг “Лақайлар” номли ҳужжатли рисоламни кўчириб олиб, уни лотин алифбесига кўчириб, муқовалаб кичик китобча ҳолига келтириб олибди. Ҳозир Тожикистонда истиқомат қиладиган лақайлар тўғрисида савол-жавоб қилдик. Сўнг оғабейим “Анвар пошонинг васияти” китобимни чизиб-чизиб ўқиган нусхасини менга кўрсатиб, эътирозларини бирин-бирин баён эта бошлади.

– Биринчиси, нима учун Эргаш қўрбошини “жоҳил” деб сўкасиз? Ахир у қўлидан келганча ватан озодлиги учун курашган-ку! Озодлик йўлида азиз жонини қурбон қилган шаҳиди шарифни “жоҳил” дейиш мумкинми? – деб риторик савол берди.

– Мен билган манбаларда Эргаш қўрбоши “жоҳил” дейилган… Қолаверса, қўқонлик кекса коммунистпараст педагог Пўлатжон Қаюмовнинг (1885-1964) хотирасида ёзилишича, Эргаш қўрбоши бировнинг чақувномасига лаққа ишониб, бегуноҳ ўртакаш шоир Завқийни уриб ўлдирган экан…

– Ўша манбалар русларнинг нуқтаи назарини ифодалаганми? Коммунистларнинг нуқтаи назарини ифодалаганми ўша манбалар?

– Ҳа, шунақароқ.

– Сиз Туркистон учун қайғуриб ёзган китобингизда бошдан-охиригача миллий манфаатни ҳимоя қилсангиз бўлмасмиди?

– Бўларди. Лекин мен КГБ, Партия-Совет архивларидан фойдаланаётганим тўғрисида, айрим фикр-мулоҳазаларим нотўғри бўлиши мумкинлиги тўғрисида махсус огоҳлантириш бериб ўтганман, – деб ўзимни оқламоқчи бўламан.

– Шўравийлар, коммунист яҳудийлар белгилаб берган қолипдан чиқиш керак. Миллат ва уммат манфаати нуқтаи назаридан ҳукм чиқарадиган вақт аллақачон келган.

– Тўғри айтасиз, – дедим.

Суҳбат асносида Америкада истиқомат қилаётган Анварбек ота (Шермуҳаммадбекнинг укаси Нурмуҳаммадбекнинг Афғонистонда туғилган ўғли) билан бирпас телефонда гаплашиб, мобил телефонини менга берди. Саксон яшар Анварбек ота соф Фарғона шевасида гапирарди. У киши ҳам “Анвар пошонинг васияти” китобимни ўқиганини, лекин “опоқим Шермуҳаммадбек тўғрисида ўрислар тўқиб чиқарган уйдирмалар Иброҳимбек тилидан ўтиб кетиб қолганини” афсусланиб таъкидлади.

– Албатта, хафа бўлманг, ўғлим, масаланинг нозик томонларини сиз билмаслигингиз мумкин, лекин биз билан бақамти яшаётган таржимонингиз бор ҳақиқатни биларди-ку?! Нега керакли ўринларига изоҳ бериб кетмайди? Мен сиздан эмас, кўпроқ таржимонингиздан хафа бўлдим, – деди Анварбек ота куйиниб.

– Ота, китобимни қайта нашр этиш чоғида фикр-мулоҳазаларингиз албатта инобатга олинади, – деб ваъда бердим.

Анварбек ота мени Америкага таклиф қилди. Биз самимий хайр-хўшлашдик.

– Тўғри гапларни айтди, қайта нашрида ҳамма фикр-мулоҳазалари ҳисобга олиниши керак, – дедим оғабейимга.

Али Бодомчи ҳам гапларимни маъқуллади.

Тошкентга қайтганимдан сўнг бир оқшом ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон билан айнан “босмачилик ҳаракати” тўғрисида гаплашиб ўтирсак, Оллоҳ-Оллоҳ, биродаримиз ҳам: “Туркистонда озодлик учун қўлига қурол олиб курашган боболаримизнинг унча-мунча камчилиги бўлса, пашшадан фил ясамаслик керак, беайб – парвардигор”, деди. Қаранг, Нуруллоҳ олти минг чақрим нарида яшайдиган Али бей оға гапларини такрорласа бўладими?! Ё  қудратингдан!..

Эртаси куни Али Бодомчи мени автобусга ўтирғизиб, Анқарага кузатиб қўйди. У ерда мени Урхон Қовунчи афандимиз кутиб олди, эртаси куни “Турк ўчоқлари”да учрашув бўлди. Унда илгари Туркистонда ишлаб юрган чоғлари Бахтиёржон орқали танишиб биродар бўлиб қолганим Ёқуб бей Умарўғли билан кўришдим; Ёқуб бей ҳозир фидокор шоир оғамиз Али Оқбош билан биргаликда “Қардош қаламлар” журналини нашр этмоқдалар. Шу оқшом манзилга етиб боргунимча оғабейларим йўл-йўлакай телефон қилиб ҳол-аҳволимни сўради.

Кейин Анқарадан Истанбулга автобусда кетаётганимда ҳам Али Бодомчи афандим дам-бадам телефон қилиб турди. Тошкентга етиб келганимдан кейин ҳам аҳволимни сўраб-суриштириб чарчамади бояқиш. Ташаккур, оғабейим, яна фараҳбахш кунларда ёруғ юз билан кўришгунча соғ-омон бўлинг! Ийи кунлар, афандим!

 

Набижон БОҚИЙ
Тошкент, Дўрмон
2013 йил 4 январ